Дунё янгиликлари

3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, сайёрамиз аҳолисининг 15 фоизи (бир миллиарддан ортиқроқ инсон) ногироликнинг у ёки бу туридан азият чекади. 60 ёшдан ошганларнинг 46 фоизини ногиронлар ташкил қилади. Ер юзидаги ногиронлиги бор инсонларнинг 10 фоизи эса болалардир. Дунёда бундай инсонларнинг 80 фоиздан ортиқроғи ривожланаётган мамлакатларда яшайди.

Уларнинг ҳаёт тарзини яхшилашга дунё миқёсида эътибор қаратиш мақсадида БМТ томонидан 1983–1992 йиллар Халқаро ногиронлар ўн йиллиги деб белгиланган эди. Мазкур ўн йиллик якунида (1992 йилнинг 14 октябрь куни) БМТ Бош Ассамблеясининг 37-ялпи мажлисида қабул қилинган резолюцияга мувофиқ, 3 декабрь Халқаро ногиронлар куни деб эълон қилинган.

Мазкур халқаро ҳужжатга мувофиқ, БМТга аъзо барча мамлакатларга, шунингдек, тегишли ташкилотларга ногиронлиги бор шахсларнинг тўлақонли ҳаёт кечириши, ишлаши, таълим олиши ва саломатлигини тиклаши учун мунтазам тарзда зарур шарт-шароитлар яратиб бериш, мазкур кунни кенг миқёсда нишонлаш тавсия этилган.

Read 1787 times

Янгиликлар

Top