Дунё янгиликлари

«Deutschlandfunk»: Ибн Синонинг "Тиб қонунлари" асари тиббий таълимнинг асоси

Буюк олим Абу Али Ибн Сино илмий меросининг тарихий аҳамияти ҳамон дунё жамоатчилигининг катта эътиборини тортиб келмоқда. Жумладан, Германиянинг етакчи «Deutschlandfunk» («Германия радиоси») радиоси сайти Ибн Сино даҳосига мурожаат қилиб, унинг ҳаёти ва илмий қарашларига бағишланган навбатдаги мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Материалда минтақамизда ислом динининг илм-фан ва маданий-маърифий ҳаёт ривожига қўшган ҳиссаси, ушбу даврда етишиб чиққан алломалар, хусусан, Ибн Синога оид маълумотлар баён қилинган.

«Ислом дини тарихи фалсафа, маданият ва илм-фаннинг гуллаб яшнаши билан ажралиб туради. Милодий 8 асрнинг ўрталарида замонавий Марказий Осиёда «олтин давр» бошланган. Кўпинча у “Ислом Ренессанси” деб ҳам аталади. Ушбу даврда етишиб чиққан олим, ёзувчи ва санъат арбоблари жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётига улкан ҳисса қўшган. Улардан бири дунёда Авиценна номи билан машҳур бўлган Абу Али Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн ал-Ҳасан ибн Али ибн Синодир. У 980 йилда замонавий Ўзбекистон ҳудудидаги Бухоро шаҳрига яқин жойда туғилган. Ибн Сино илм ўрганиш учун ўша даврдаги йирик кутубхоналар имкониятларидан кенг фойдаланган. Ушбу кутубхоналарда у қадимги Рим шифокори Гален, математик Эвклид ва файласуф Арасту асарларини чуқур ўрганган», деб таъкидланади материалда.

Мюнхен Людвиг Максимилиан университетининг антик давр ва араб фалсафаси бўйича профессори Питер Адамсон Ибн Синога қуйидагича таъриф беради: «Ибн Сино Ислом Уйғониш даврида қадимги юнон файласуфи Арастунинг тимсолига айланган. У янги турдаги мутафаккирни ўзида мужассам этган».

Питер Адамсон учун Ибн Сино Ўрта асрларнинг энг нуфузли файласуфларидан биридир. Унинг сўзларига кўра, шунинг учун ҳам буюк алломанинг фикрлари ва сўз бойлиги бугунги кунгача ислом олами фалсафаси ва тасаввуфидан муносиб ўрин олиб келмоқда.

«Ибн Сино болалигиданоқ ғайриоддий қобилиятга эга бўлган. 10 ёшида Қуръонни ёд билган ва кўплаб илмий адабиётлар билан танишган. 16 ёшида тиббиётга қизиққан ва 18 ёшида эса етук табиб бўлиб етишган. Ибн Синонинг ўзи тиббиётни «қийин илм» деб ҳисобламаган, аксинча - у мазкур соҳа сирларини осонликча ўзлаштирган. У шу қадар истеъдодли эдики, тиб санъати унга умрининг охиригача турли ҳукмдорлар шахсий шифокори сифатида фаолият юритиб, мўмай даромад топиш имкониятини берган. Ибн Синонинг дунёга машҳур «Тиб қонунлари» асари 19 асргача тиббий таълимнинг асоси бўлиб хизмат қилган», - деб ёзади Deutschlandfunk.

Маълумот учун, «Deutschlandradio» радиокомпанияси таркибига кирадиган «Deutschlandfunk» миллий радиостанцияси эшиттиришлари 1962 йилдан бери эфирга узатила бошланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1637 times

Янгиликлар

Top