Дунё янгиликлари

Даврий нашрларда: Мьянмада Ислом

Мьянма Республикаси – Жануби-шарқий Осиёда, Ҳинди­хитой ярим оролининг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган давлат. Майдони – 678,5 минг км2. Аҳолиси 42 миллион киши. Пойтахти – Янгон шаҳри. Маъмурий жиҳатдан 14 маъмурий ҳудудга бўлинади.

Давлат тузуми – республика. Конституцияга биноан, давлат бошлиғи – президент, қонун чиқарувчи ҳокимият – Миллат мажлиси; ижро ҳокимияти ҳукумат зиммасида.

Табиати. Мьянма – тоғли мамлакат. Энг баланд жойи 5881 метр (Кхакаборази тоғи). Шарқида Шан тоғи ва унинг денгиз бўйигача чўзилган тизмалари, ғарбида Ракхайн (Аракан-Йома), Паткай ва бошқа тизмалар бор.

Йирик шаҳарлари: Янгон, Мандалай, Моламьян.

Мьянма 1948 йилдан бери БМТ аъзоси. Ўзбекистон Республикаси билан дипло­матик муносабатлари 2001 йил февралда ўрнатилган.

Аҳолиси. Мьянма – кўп миллатли давлат. Мамлакатда 76 га яқин миллат ва элат бор. Мьянмада (бирмаликлар) карен, шан, чин, качин, мон ва бошқа халқлар яшайди. Ҳиндлар, хитойлар, европаликлар (асосан, инглизлар) ҳам бор. Расмий тили – мьянма тили. Диндорлари, асосан, буддавийлар (70 фоиз), мусулмон, ҳинду ва насроний жамоалари ҳам бор.

Мьянмада мусулмонлар сони 2,5 мил­лиондан зиёд. Мамлакат аҳолисининг 4,3 фоизини ташкил қилади. Шундан роҳинжа мусулмонлари 1 миллион нафардан ортиқ.

Мьянманинг шимоли-ғарбидаги Рак­хайн штатида мусулмон-роҳинжаларга қарши зўравонликлар кузатилган. БМТ маълумотларига кўра, сўнгги 4 йил мобай­нида мазкур минтақадаги 120 минг одам тазйиқлар туфайли ўз уйларини ташлаб, бошқа жойларга кўчиб кетишга мажбур бўлган.

Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти баёноти­да Мьянма­да давом этаётган мантиқсиз воқеаларга нисбатан ўз ёндашувини бил­дириб, мам­лакатдан роҳинжа-мусулмон­ларининг қувилиши, уларни ўлдириш билан қўр­қитиш, ўз ерларида яшаш ҳуқуқидан маҳ­рум қилиш жиноят экани таъкидланган.

Маълумотларга кўра, Мьянманинг Ара­кан вилоятида табиий бойликларнинг жу­да катта ерости захираси мавжуд. Айнан роҳинжа аҳолиси яшайдиган ҳудудда 1,2 триллион куб-метр табиий газ ва 2,1 миллиард бар­рель нефть конлари борлиги тахмин қи­линмоқда. Бу эса минтақада давом этаётган можароларнинг асл сабабини илғашга им­кон беради.

Ўзбекистон ҳукумати Мьянмадаги ҳолат юзасидан ўз муносабатини билдириб, 2017 йил 18 сентябрь куни зарур маҳсулотлар­дан иборат инсонпарварлик ёрдамини Бангладеш Қизил ярим ой жамиятининг Даккадаги миллий бош қароргоҳига етка­зиб берган. Бу инсонпарварлик ёрдами Бангладешда бўлиб турган 50 мингдан ортиқ қочоқ эҳтиёжини қондиришга хиз­мат қилган.

Нурмуҳаммад НОСИРОВ тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 3-сонидан олинди

Read 1448 times

Янгиликлар

Top