Дунё янгиликлари

Мусулмонлар хулқи ва масжид сакинати сабаб британиялик актриса исломни қабул қилди

Буюк Британиялик Аиша Розали Туркияга сафаридан сўнг ислом динини қабул қилиб, актрисалик фаолиятига нуқта қўйди. Qalampir.uz бу ҳақда Анадолу ахборот агентлигига таяниб хабар бермоқда.

Истанбулга саёҳатидан кейин ислом динини қабул қилган Аиша Розали аслида Буюк Британияда, атеист оилада туғилган. Унинг энг катта орзуси актриса ёки режиссёр бўлиш эди, чунки талабалик давридан бошлаб у кинематография соҳасида ишлаган

Розали кўплаб фильмларда роль ижро этган, бир қатор сценарийлар ёзган ва ҳатто, фильмга режиссёрлик қилган. У Лос-Анжелесда таълим олган ва бир мунча вақт АҚШда яшаган. 22 ёшида Розали Туркияда келган ва бу унинг ҳаётида бурилиш нуқтаси бўлган. Истанбулда қўрқувига қарамай, Султон Аҳмад масжидига боришга қарор қилган. Ғарбнинг исломга қарши ташвиқоти туфайли у масжидда қўпол муомала қилинишидан қўрқарди. Бироқ у дуч келган муҳит қизда чуқур таассурот қолдирди.

“Мен Туркияга дин излаб келганим йўқ. Googleда Истанбулда кўриш мумкин бўлган диққатга сазовор жойларни қидирганимда, Султон Аҳмад масжидини топдим. Уни кўздан кечирмоқчи бўлдим. Бироқ мени қўрқув босди: тўсатдан улар менга бақириб, ғазабланишса-чи? Менда мусулмонлар ҳақида ёмон тасаввур бор эди, чунки улар ҳақида фақат оммавий ахборот воситаларидан ўқиганман. Шунга қарамай, барибир у ерга боришга қарор қилдим. Масжидга кирганимда одамлар жамоат намозини ўқиб бўлишган экан. Атрофда ибодат қилаётганлар бор эди. Намоз ўқиётганларни томоша қилдим ва масжид ичидаги гўзаллик ва тинчликдан ҳайратландим. Ҳеч ким менга бақирмади, ҳеч ким менга зарар бермади, мен шунчаки ҳайратда қолдим”, – дейди у.

Розалининг айтишича, шундан кейин у исломни жиддий ўрганишни бошлаган, сўнгра Британияда мусулмон бўлишга қарор қилган. Қиз актриса бўлиш орзусидан воз кечди. Энди 24 ёшни қаршилаган Розали ўзининг YouTube каналида кузатувчиларига ислом дини ҳақида маълумот бериб бормоқда.

"Одамларга ёрдам беришни, уларни динга яқинлаштиришни хоҳлайман. Мен исломни қабул қилган одамлар ҳақида ҳикоя қиламан. Мен одамларга ёрдам бермоқчиман, бу менинг ягона мақсадим. Муваффақиятли бўлишга умид қиламан”, дейди Аиша Розали.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1571 times

Янгиликлар

Top