Дунё янгиликлари

Анқара университети профессори юртимиздаги диний-маърифий ислоҳотлар ҳақида

Туркиянинг Анқара университети Илоҳиёт факультети профессори Сўнмез Кутлу «Дунё» АА мухбирига Ўзбекистонда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар бўйича ўз муносабатини билдирди.

- Ўзбекистон тарихда бўлгани каби бугунги кунда ҳам тамаддун маркази ҳисобланади, - деди у. - Юртингиз тарихда Мовароуннаҳр ва Туркистон номлари билан машҳур бўлган. Бу заминдан неча неча олиму уламолар етишиб чиқди. Улар қолдирган маънавий мерос жаҳон тамаддунига хизмат қилмоқда. Ўтмишда ушбу минтақага саёҳат қилган тарихчилар Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Хива каби шаҳарларнинг маҳобатини эътироф этиб, бу масканларни «исломнинг қуббаси» дея таърифлаган.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон ушбу заминдаги муаззам илм марказларини қайтадан жонлантириш учун муҳим чора-тадбирларни кўрмоқда. Хусусан, сўнгги беш йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Имом Бухорий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолияти йўлга қўйилди. Айни пайтда ушбу марказларда ўзбек олимлари диний-маърифий соҳадаги изчил тадқиқотлар олиб бормоқда. Ишонаманки, бу каби илм марказларининг амалий муваффақияти натижасида Ўзбекистон яна илм-фан марказига айланади – Учинчи Ренессанс барпо этилади. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида юртингиздан яна мотуридийлар, насафийлар, самарқандийлар ва бухорийлар етишиб чиқишига ишончим комил.

Ўзбекистонда диний-маърифий йўналишда амалга оширилаётган ўзгаришлар бутун мусулмон дунёсида тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Айниқса, Ўзбекистон ва Туркия олимлари ўртасида яқин алоқалар ўрнатилаётганини алоҳида таъкидламоқчиман. Мен ушбу соҳада амалга оширилаётган хайрли ишлар учун Ўзбекистон раҳбариятига чуқур миннатдорлик билдирмоқчиман.

Фурсатдан фойдаланиб, Рамазон ҳайити муносабати билан бутун Ўзбекистон халқини чин қалбдан табриклайман.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1439 times

Янгиликлар

Top