Дунё янгиликлари

Ўзбекистон зиёрат туризми салоҳияти Екатеринбургда тақдим этилди

Мамлакатимиз Бош консулхонаси Россиянинг Урал федерал округи жамоатчилиги учун Екатеринбургда Ўзбекистон зиёрат туризми салоҳияти тақдимоти ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА. Унда Свердловск вилояти ҳокимлиги ва жамоат ташкилотлари, Озарбайжон, Қирғизистон ва Тожикистон дипломатик ваколатхоналари раҳбар ва ходимлари, маҳаллий диаспоралар аъзолари, талабалар, йирик иш берувчи ва тадбиркорлар иштирок этди. Шунингдек, Юқори Пишма шаҳридаги Имом Бухорий жоме масжиди имом-хатиби, Свердловск вилояти мусулмонлар бошқармаси раиси Артур Мухутдинов ҳам қатнашди.

Иштирокчиларга Ўзбекистон туризм салоҳияти ҳақидаги видеоролик ва тақдимот намойиш этилди. Уларда буюк аждодларимиз мероси ва Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида жойлашган муқаддас қадамжолар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўзбек ҳунармандлари ишлаган миллий безак ва амалий санъат маҳсулотлари, мамлакатимиздаги гастрономик туризмнинг ўзига хос хусусиятлари алоҳида эътироф этилди.

Тадбир Россия жамоатчилиги томонидан илиқ кутиб олинди. Хусусан, Россия ташқи ишлар вазирлигининг Екатеринбургдаги ваколатхонаси ва Свердловск вилояти Қонунчилик ассамблеяси депутати Вячеслав Вегнернинг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида тақдимот ҳақида хабарлар жойлаштирилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1469 times

Янгиликлар

Top