Дунё янгиликлари

Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси раҳбарияти юртимизга келади

Мамлакатимиз элчихонаси ходимлари Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси президенти Ким Донг Ёк (Хусейн Ким) ва Жанубий Корея мусулмонлар жамоатининг бош имоми Ли Жу Хва (Aбдулраҳман Ли) билан учрашди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА.

Учрашув чоғида Жанубий Корея вакилларига Ўзбекистонда зиёрат туризми имкониятлари, туризм инфратузилмасини ривожлантириш ва чет эллик сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, юртимиздаги ислом илмини ўрганиш ва ривожлантириш, илмий марказлар, мадраса ва бошқа муассасалар фаолиятини такомиллаштиришга қаратилаётган эътибор алоҳида таъкидланди.

Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси президенти Ким Донг Ёк Ўзбекистоннинг Ислом маданияти ривожида алоҳида мавқега эга эканини алоҳида қайд этди. У юртимизда етишиб чиққан буюк исломшунос олимлар ва уламолар, жумладан, Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурхонуддин Марғиноний, Имом Мотурудий каби шахсларнинг хизмати унутилмаслигини таъкидлади.

- Ислом фалсафаси ва илм-маърифати ана шундай инсонларнинг буюк маданий мероси туфайли дунё тамаддуни ва маданиятининг ажралмас қисмига айланди, - деди Ким Донг Ёк. - Ўзбекистон Президентининг БМТ минбаридан туриб исломнинг дунё миқёсидаги ўрнига юқори баҳо бериб, «Маърифат ва диний бағрикенглик» деб номланган махсус резолюцияни қабул қилиш таклифини илгари сурган эди. Ушбу ташаббус нафақат Ўзбекистон ёки ислом оламининг, балки дунё ҳамжамиятининг ҳам эътиборини ўзига қаратди. Нисбатан янги ташкилот сифатида Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси ислом маданияти марказларидан бири ҳисобланган Ўзбекистоннинг бой илмий ва маданий салоҳиятини ўрганишга катта қизиқиш билан қарайди.

Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси президенти, шунингдек, федерация раҳбарияти жорий йилнинг иккинчи ярмида Ўзбекистонга сафар қилиб, тегишли ташкилот ва муассасасалар билан ўзаро ҳамкорлик муносабатларини ўрнатиш истагини билдирди. Бўлажак ташриф давомида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси, Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий ва Имом Мотурудий илмий-тадқиқот марказлари раҳбарияти билан музокаралар ўтказиш режалаштирилмоқда.

Жанубий Корея мусулмонлари федерацияси раҳбарияти Самарқанд, Бухоро ва Тошкент шаҳарларининг зиёрат туризми масканлари билан танишиш ҳамда сафар якунларига кўра юртимизнинг зиёрат туризми салоҳиятини Корея Республикаси мусулмонлари орасида кенг тарғиб қилиш ва Ўзбекистонга бораётган сайёҳлар сонининг ошишига ҳисса қўшишни мақсад қилган.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1442 times

Янгиликлар

Top