Дунё янгиликлари

Люблянадаги марказий масжид Европанинг энг гўзал иморатларидан

Словения пойтахтидаги ягона масжид Европанинг энг гўзалларидан бири ҳисобланади. 2020 йилда қуриб битказилган Любляна мусулмон маданият маркази замонавий услубдаги ўзгача дизайни билан эътиборни тортади ва четдан кузатиб турувчиларга ўткир ва ингичка минора фазога учиришга тайёрланаётган ракетани эслатгандек бўлади.

Масжид мусулмонлар маркази мажмуасидаги 6 бинодан биридир. Диний бино 1400 нафар намозхонга мўлжалланган. Бинолар пўлат, шиша ва ёғоч элементлари билан оқ бетондан қурилган бўлиб, миноранинг баландлиги 40 метрни ташкил этади. Мажмуада, шунгингдек, спорт зали, ўқув маркази, ресторан ва истироҳат боғи ҳам ташкил этилган.

Любляна масжиди Словенияда биринчи ва ягонадир. Европа мамлакатининг мусулмонлар жамоаси 1969 йилдан буён илк бор коммунистик Югославия пайтида қурилишга ҳужжат топширган, дея хабар бермоқда AtlasObscura нашри.

2000 йиллар бошида жамоат қурилиш учун рухсат олди, лекин ўнг қанот радикаллар Словения пойтахтида Аллоҳ уйининг пайдо бўлишига тўсқинлик қилишгди ва жараён чўзилиб кетди. Мусулмонлар режалаштирилган масжиднинг жойини ўзгартиришлари керак эди ва унинг биринчи тоши фақат 2013 йилда қўйилди.

Мажмуа қурилишининг қиймати 34 миллион евро бўлиб, маблағнинг кўп қисмини Қатар, қолган қисмини эса словениялик мусулмонлар жамғарган.
Ҳар қандай вақтда мажмуа ҳудуди бўйлаб юриш мумкин, мусулмон бўлмаганларнинг масжид ичига киришларига эса ҳар куни маълум соатларда рухсат этилади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1364 times

Янгиликлар

Top