Дунё янгиликлари

Туркий дунё меъморлари ва муҳандислари иттифоқи 2021-2022 йилларни Мирзо Улуғбек йили деб эълон қилди

Анқарадаги Гази университетида бўлиб ўтган тантанали тадбир чоғида бу ҳақда эълон қилинди. Давлат арбоби ва буюк мутафаккирнинг дунё илм-фани ва жаҳон цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси 2021-2022 йилларни Мирзо Улуғбек йили деб эълон қилишга муносиб топилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўзбек-турк муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига юқори баҳо берилди, ўзаро алоқалар, айниқса, қурилиш ва меъморчилик соҳасидаги муносабатларнинг тобора кенгайиб бораётгани олқишланди.

Туркий дунё меъморлари ва муҳандислари иттифоқи Ўзбекистонда кенг кўламли инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилишида, шунингдек, меъморчилик ва қурилиш соҳаларида замонавий таълим жараёнларининг йўлга қўйилишида кўмак кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди.

Тадбир қатнашчилари шаҳарсозлик, меъморчилик ва қурилиш муҳандислиги соҳасини ривожлантиришнинг долзарб масалалари юзасидан ўзаро фикр алмашиш учун 2022 йили Мирзо Улуғбекнинг она шаҳри Самарқандда Туркий дунё меъморлари ва муҳандислари иттифоқи бошқарувининг аъзолари иштирокида форум ўтказиш масаласини муҳокама этишга келишиб олди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1142 times

Янгиликлар

Top