Дунё янгиликлари

«Önce Vatan» газетаси: Имом Бухорий ва Имом Термизийнинг ҳадис китоблари Ислом дини софлигига хизмат қилган

Туркиянинг оммабоп «Önce Vatan» газетасида «Янги Ўзбекистон» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Унда Ўзбекистоннинг бой тарихи, маданияти, сайёҳлик салоҳияти ва замонавий ривожланишига оид атрофлича маълумотлар турк ўқувчиларининг эътиборига ҳавола қилинган.

Журналист Ирфон Ҳаттотўғли қаламига мансуб ушбу мақолада Ўзбекистон ва Туркия ўртасида дўстлик ва стратегик алоқалар тобора ривожланиб бораётгани ҳамда янги ҳамкорлик йўналишларининг пойдеворига замин яратилаётгани қайд этилган.

«Туркий халқларнинг сарчашмаси бўлган Ўзбекистон бағрида жойлашган Мовароуннаҳр минтақаси қадимдан илму ирфон маркази бўлиб келган, Имом Бухорий ва Имом Термизий муаллифлигидаги ҳадис китоблари билан Ислом дини соф пойдеворининг қурилишига хизмат қилган. Бу тупроқда яшаган Муҳаммад Хоразмий математика фанининг асосчиси эди. Фаробий, Ибн Сино каби мутафаккирлар эса фалсафа ва тиббиёт илмида барҳаёт асарлар ёзиб қолдирган», - дея таъкидлайди турк газетаси.

Муаллифга кўра, буюк тарихи билан бутун дунёни лол қолдирган Ўзбекистон замини бугунги замонавий тараққиёт пиллапояларида ҳам шахдам қадамлар билан одимламоқда. Сўнгги беш йилда эса Ўзбекистон бутун дунёга қайтадан ўз салоҳиятини намоён этмоқда. Ўз дарвозаларини дўст мамлакатлар, шу жумладан, Туркия учун очди.

«Ренессанс даврларининг бешиги бўлган Ўзбекистон ўз мустақиллигини 1991 йилда қўлган киритган бўлса-да, бугунга қадар муштарак ришталаримиз етарли даражада эмас эди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2016 йил декабрда Президент этиб сайланиши билан мамлакатнинг янги даврга кириши нишоналари маълум қилинди, - деб ёзади муаллиф. - Мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги нишонланадиган бу йил Ўзбекистон йирик бир қурилиш майдонига айланган. Илм-фан, технологиялар, чорвачилик, фермерлик, кончилик, тўқимачилик соҳаларига киритилган сармоялар, экспортни қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор, халқаро ташкилотларга аъзолик, қўшни мамлакатлар билан самимий ҳамкорлик муносабатлари Ўзбекистоннинг янги имижини шакллантириб улгурди».
34 миллиондан кўпроқ халқи билан Марказий Осиё республикалари ичида энг кўп сонли аҳолига эга бўлган мамлакатнинг сўнгги беш йилги ривожланиш тезлиги 7 фоизга ўсди. Мамлакатда аҳоли фаровонлиги ҳам юксалиб бормоқда.

Мақолада қайд этилишича, сўнгги йиллардаги инвестициялар оқими ва амалга оширилаётган лойиҳалар натижаси ўлароқ, ишсизлик нисбати 11,1 фоизга камайди. Ҳуқуқий давлат, эркинлик, демократлашиш, хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқлари, гендер тенглиги, бардавом тараққиёт, коррупция, экстремистик оқимлар ва террорчиликка қарши курашиш - Ўзбекистон раҳбарининг устуворликлари орасидан жой олган.

«Янгидан уйғониш даврини ўз бошидан ўтказаётган Ўзбекистонда бошланган ислоҳотлар ўз мевасини бера бошлади. Янгиланишлар кўплаб янги ҳамкорлар ва чет эл сармоядорларининг инвестиция киритишига йўл очмоқда ҳамда тўғридан-тўғри инвестицияларнинг мамлакатга кириши билан Янги Ўзбекистон бутун дунёнинг эътиборини ўзига тортмоқда», - деб ёзади «Önce Vatan» .

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1390 times

Янгиликлар

Top