Дунё янгиликлари

Япониядаги энг йирик масжид

Япониядаги энг йирик ва илк қурилган масжидлардан бири “Токио” жомеидир. У пойтахтнинг Сибуя туманида жойлашган. Японияга кўчиб келган татар муҳожирлари томонидан уч йилда қуриб битказилган. 1938 йили Мавлидун Набий санасида фойдаланишга топширилган.

1998 йили Туркия ҳукумати томонидан қайта таъмирланган. 2000 йили 1200 кишини сиғдира оладиган янги ва кўркам масжид ишга тушди. Аёллар учун ҳам алоҳида намозхона ажратилган.

Масжид икки қаватдан иборат бўлиб, биринчи қаватда намозгоҳ ва иккинчи қаватида эса маданият маркази жойлашган. Масжиднинг битта минораси бор. Унинг узунлиги 41 метр, гумбазининг баландлиги эса 23 метр. Жомеда Ислом дини, таҳорат, намоз сабоқларидан ҳамда Қуръони каримдан таълим берилади.

Гумбазнинг ички қисмига “Ихлос” сураси, атрофига эса Аллоҳ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам лафзи ва тўрт саҳоба исмлари туширилган. Масжид кираверишига “Оятул курси”, деворларига Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари, меҳробнинг юқорисига «Машриқ ҳам, Мағриб ҳам Аллоҳникидир. Бас, қайси тарафга юзингизни қаратсангиз, ўша томонда Аллоҳнинг “юзи” мавжуддир» (Бақара сураси, 115-оят) ояти битилган.

Даврон НУРМУҲАММАД

Read 1598 times

Янгиликлар

Top