Дунё янгиликлари

Сув тошқинидан жабр кўрганларга масжидлар бошпана бўлмоқда

Куала-Лумпур ва Путражаядаги масжидлар жала ва сув тошқинлари туфайли қийин аҳволда қолган юзлаб одамларга бошпана бериш учун ўз эшикларини очди.

Масжидларни очиш ҳақидаги қарор 19 декабрь куни Бош вазирнинг дин ишлари бўйича вазири Идрис Аҳмад томонидан эълон қилинди.

"Масжидлар одамларни қабул қилишга тайёр ва тегишли ёрдам ҳам беради. Масжидлар, шунингдек, Dapur It'am ва Jawi Food Bank дастурлари орқали озиқ-овқат ёрдами кўрсатади", - дейилади “Бернама” агентлиги келтираётган баёнотда.

Малайзияда ёмғир ёғиши оқибатида юзага келган сув тошқини 15 000 дан ортиқ одамни уйларидан қочишга мажбур қилди, ўнлаб йўлларни ёпиб қўйди ва кемачиликни тўхтатди. 66 000 нафардан ортиқ полиция, армия ва ўт ўчирувчилар бутун мамлакат бўйлаб сув тошқинларида одамларни қутқариш ва уларни бошпана жойларига етказиш учун сафарбар қилинган.

Куала-Лумпур ва Селангордан ташқари Келантан, Паҳанг, Малака, Негери Сембилан ва Теренггану каби бошқа штатлар сув тошқинидан зарар кўрган.
Малайзиядаги сув тошқинлари октябрь-март ойларида, айниқса мамлакатнинг Шарқий қирғоғида йиллик муссон мавсумида кенг тарқалган. Аммо жума куни эрталаб бошланган ва шанба кунигача давом этган ёмғир ғарбий Селангор штатига пойтахт Куала-Лумпурни ўраб турган Малайзиянинг энг бой ва энг аҳоли зич минтақасига катта зарар етказди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1220 times

Янгиликлар

Top