Дунё янгиликлари

Ўзбекистон имом-хатиблари Филадельфия шаҳрида янги масжид қурилишига тамал тошини қўйди

Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимларидан иборат делегация Филадельфия шаҳрига ташриф буюрди ва муқаддас Рамазон ойига бағишланган қатор маъросимларда, жумладан, ифторлик, таробех намози ва Хатми Қуръон тадбирларида қатнашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири

Мамлакатимизнинг Вашингтондаги элчихонасидан олинган маълумотга кўра, ифторлик маъросими Филадельфия шаҳрида жойлашган «Isabet» Ислом ўқув марказида 800 дан ортиқ ватандош иштирокида ўтказилди. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобовнинг Рамазон ойи муносабати ватандошларга йўллаган мурожаати ўқиб эшиттирилди. Унда сўнги йилларда юртимизда янги давлат ва жамият қуриш учун тарихий ишлар амалга оширилаётганига алоҳида эътибор қаратилди. Янги Ўзбекистонда демократия, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари борасида умумэътироф этилган тамойилларга қатъий амал қилган ҳолда, давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий илдизлари мустаҳкамлананаётгани таъкидланди.

Бундан ташқари, ватандош уюшмалар билан кўп қиррали ишлар олиб борилаётганига алоҳида тўхталиб, уларнинг Ўзбекистоннинг АҚШдаги мавқеини ошириш, миллатимизнинг урф-одатлари ва анъаналари, юртимизнинг бой илмий, маданий ва маънавий меросини кенг тарғиб қилиш ва оммалаштиришга қўшиб келаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари томонидан юртимизда сўнгги йилларда диний соҳада амалга оширилаётган ишлар, фуқароларимиз диний эркинликларини таъминлаш йўлида ташкил этилган имкониятлар ҳақида сўзлаб берилди.

Тадбир давомида Пенсильвания штатидаги ватандошлар ташкилотлари вакиллари сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан янги «Ватандошлар» жамоат фонди ташкил этилгани ватандош уюшмалар билан фаол мулоқот олиб бориш, уларни қўллаб-қувватлаш ва тарихий Ватан атрофида жипслаштириш учун янги имконият очганини қайд этди.

Жумладан, «Skyline realter» компанияси асосчиси ва раҳбари Акмал Холбоев ва «Mubin Transportation» компанияси раҳбари Абдурашид Мўминовнинг айтишича, бу каби тадбирлар хорижий мамлакатларда истиқомат қилаётган юртдошларимиз учун катта эътиборнинг яққол намунасидир. Ватандошларимиз, шунингдек, келгусида ҳам шу каби тадбирларни амалга ошириш Америкадаги юрдошларимизни жипслаштириш, Ўзбекистон ва Америка ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилишини билдирди.

Таробиҳ намози ҳам «Isabet» Ислом ўқув марказида ватандошлар иштирокида ўтказилди.

Ушбу маросимда чиқиш қилган Ўзбекистон мусулмонлари идораси масъул ходимлари АҚШ ҳудудида истиқомат қилаётган ватандошларимизнинг ёт ғоя ва турли диний экстремистик ташкилот ҳамда оқимларга тушиб қолмасликлари, анъанавий исломнинг мазмун-моҳияти хақида сўзлаб берди. Янги Ўзбекистонда диний экстремизм ва терроризм таҳдидларига қарши кураш «Жаҳолатга қарши маърифат» улуғвор ғояси остида амалга оширилаётгани алоҳида таъкидланди.

Фарзанд тарбиясида ўзбек урф-одат ва анъаналари, маданиятимиз ва қадриятларимизни сақлаб қолиш, муқаддас Рамазон ойида имкон қадар кўпроқ савобли амалларни бажариш кераклиги айтиб ўтилди.

Шунингдек, ушбу тадбирларда қатнашган ватандошларимизнинг хоҳиш ва истакларини инобатга олган ҳолда савол ва жавоб тариқасида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбир чоғида ватандошларимизга анъанавий ислом мазмун-моҳияти ва асосий тамойиллари ҳақида сўзлаб берилди.
22 апрель куни маросимларни ташкиллаштирган ўзбек ватандош жамиятлари вакиллари, Пенсильвания шаҳридаги юртдошлар ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва дипломатик ваколатхона ходимлари иштирокида саҳарликга бағишланган тадбир ҳам ташкил этилди.

Амалий руҳда ўтган тадбирлар АҚШдаги диаспорал ташкилотлар раҳбарлари ва фаол ватандошлар билан ҳамкорликни янги поғонага кўтаришга хизмат қилгани таъкидланди, ватандошлар ўртасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилларини жалб қилган ҳолда маънавий-маърифий тадбирларни ташкил қилиш хусусида келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилларининг навбатдаги манзили «Юртдош Ўзбекистон – Америка» ассоциацияси, «Питтсбургдаги ўзбеклар жамияти» ташкилотлари раҳбарлари ва фаоллари Филадельфия шаҳрида бунёд этаётган янги «Масжид Ал-Бухори» ислом маркази ва масжиди бўлди. Ушбу манзилда ҳам ватандошлар билан қизиқарли учрашув ва маънавий-тарбиявий мавзуда суҳбат бўлиб ўтди. Шундан сўнг, Ўзбекистон уламолари юртдошларимиз илтимосига биноан янги масжид қурилиши учун таъмал тошини кўйиш маросимида қатнашди.

Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, ушбу мажмуа нафақат ватандошларимизнинг диний эҳтиёжларига жавоб бериш, никоҳ ўқитиш ва бошқа тадбирларни ўтказишга мўлжаллаган, балки у Пенсильвания штатида оғир аҳволга тушиб қолган юртдошларимиз учун ёрдам берувчи ижтимоий ташкилот бўлиши ҳам кутилмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари масъул ходимлари янги масжид барпо этиш бўйича тегишли маслаҳатлар берди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 990 times

Янгиликлар

Top