Дунё янгиликлари

Дубайда имом, воиз ва муаззинларга "олтин" визалар берилди

Дубай ҳукумати мамлакатда 20 йилдан ортиқ ишлаган имомлар, воизлар ва муаззинларга амирликда 10 йиллик яшаш ҳуқуқини берди. Тегишли буйруқ Дубай ҳукмдори Шайх Муҳаммад бин Рашид ол Мактум ҳазратларининг кўрсатмалари асосида валиаҳд шаҳзода ва Дубай Ижроия Кенгаши раиси Шайх Ҳамдан бин Муҳаммад ол Мактум томонидан чиқарилган.

Islam.ru билдиришича, Ислом ва унинг бағрикенглик ва тинч-тотув яшаш қадриятларини тарқатиш бўйича саъй-ҳаракатларининг эътирофи сифатида диний ходимларга "олтин" визалар берилди. Ислом ишлари ва хайрия ишлари бошқармаси маълумотларига кўра, Дубайда 2178 та масжид мавжуд бўлиб, уларда 475 нафардан ортиқ имом, 404 нафар муаззин ва 41 нафар воиз ишлайди.

"Олтин виза илмий ютуқларга эга олий ўқув юртлари битирувчилари, муҳандислик ва технология каби соҳаларда илмий даражаси, шунингдек, БАА олимлар кенгаши тавсияларига эга бўлган олимлар, машҳур талабаларга берилади. БАА ўрта мактабларининг машҳур талабалари, маҳаллий олий ўқув юртлари ёки дунёдаги 100 та энг яхши олий таълим муассасалари битирувчиларига 10 йиллик яшаш ҳуқуқи берилади.

Бундан ташқари, турли соҳаларда профессионал тажрибага эга малакали ходимлар, маданият, санъат, спорт ва рақамли технологиялар соҳасида улкан ютуқларнинг эгалари "олтин" виза учун даъвогарлик қилишлари мумкин, хабар бермоқда The National нашри.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1303 times

Янгиликлар

Top