Дунё янгиликлари

Ислом ҳамкорлик ташкилоти билан ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Жидда шаҳрида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди.

ЎзА хабарига кўра, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати маълумотига кўра, меморандум имзолаш маросими “Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантиришда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг роли” мавзусидаги халқаро семинар якунида бўлиб ўтди. Мазкур семинар 22-26 май кунлари Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси 19-доимий сессияси доирасида ташкил этилди.

Сессия ишида Ўзбекистон делегацияси раҳбари Мирзатилло Тиллабоев ва мамлакатимизнинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги доимий вакили иштирок этди.

Меморандум Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари М.Тиллабоев ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси Хаджи Али Ачикгюл томонидан имзоланди.
Томонлар ушбу меморандум доирасида умумий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ўзаро ҳамкорликка тааллуқли масалаларни муҳокама қилиш учун мунтазам равишда маслаҳатлашувлар ўтказиш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қўшма тадбирлар, дастур ва лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олдилар.

Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси раиси Хаджи Али Ачикгюл Меморандум инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида узоқ йиллар хизмат қилишини ва биргаликда фаолият юритиш учун энг мақбул механизм вазифасини бажаришини қайд этди. Ушбу ҳужжат Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлари учун муносиб намуна эканини алоҳида таъкидлади.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг 19-халқаро сессиясида Ўзбекистон делегацияси томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот тақдим этилди. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг бу борадаги тизимли фаолияти, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, жумладан, инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган янги қонунлар, инсон ҳуқуқлари таълими йўналишидаги Ўзбекистон тажрибаси ҳақида атрофлича сўзлаб берилди ҳамда тадбир мавзусидан келиб чиққан ҳолда бир қатор таклифлар билдирилди.

Сессия иштирокчиларига 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида белгиланган инсон ҳуқуқлари бўйича мақсад ва вазифалари ҳақида ҳам батафсил ахборот берилди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, жорий йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим бўйича Глобал форумга Ислом ҳамкорлик ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолари томонидан катта қизиқиш билдирилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1109 times

Янгиликлар

Top