Дунё янгиликлари

Малайзия Ислом санъати музейининг ўзбек коллекцияси ҳақида китоб альбоми тайёрланмоқда

Ўзбекистон элчихонаси Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти бошқаруви раиси Фирдавс Абдухолиқов ва Малайзия Ислом санъати музейи бош куратори Ҳеба Наэль Баракат ўртасида онлайн музокаралар ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Мулоқот чоғида Ислом цивилизациясининг бой маданияти, санъати ва ҳужжатли меросини халқаро миқёсда оммалаштириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар ўртасида коллекцион нашрлар алмашинуви йўлга қўйилди. Шу нуқтаи назардан, музейда сақланаётган Амир Темур ҳаёти ва ижоди ҳақида кўчирилган нашрларнинг махсус кўргазмаси, Шарифиддин Али Яздийнинг "Зафарнома" китоби миниатюраларининг факсимиллари ва Ўзбекистон маданий меросига бағишланган халқаро медиа-форум ташкил этиш режалари муҳокама қилинди.
Малайзия томони Марказий Осиё билан боғлиқ ва Малайзияда сақланаётган қўлёзма Қуръон битиклари "Дунёнинг 114 та буюк Қуръони" лойиҳасида иштирок этишга ҳамда Имом Ал-Бухорий ҳаёти ва мероси ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар яратиш бўйича қўшма лойиҳани ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Малайзия музейи фондида сақланаётган Ўзбекистон моддий ва бадиий маданияти буюмлари ва ашёларини инвентаризация қилиш бўйича қўшма лойиҳани амалга оширишнинг бориши алоҳида муҳокама қилинди.
Натижада "Малайзия Ислом санъати музейи коллекцияларида Ўзбекистоннинг маданий мероси" махсус китоб-альбомини нашр этиш ва уни 22-24 июль кунлари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамиятининг VI Конгресси доирасида тақдим этиш тўғрисида келишувга эришилди.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1045 times

Янгиликлар

Top