Дунё янгиликлари

Ўзбекистоннинг тарихий мероси Германия ОАВ нигоҳида

Германиянинг «Berliner Zeitung» газетасида Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилишнинг афзалликларига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири. Унда бугунги кунда Ўзбекистон пойтахтидан республиканинг гўзал тарихий шаҳарларига қатновчи “Афросиёб” тезюрар поездида Ипак йўли йўналишлари бўйлаб саёҳат қилиш мумкинлиги таъкидланган. Шунингдек, Самарқанд шаҳридаги янги аэропорт бир неча ой олдин иш бошлагани ҳақидаги маълумот ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинган.

Муаллифнинг ёзишича, Тошкент меъморий жиҳатдан Ўрта аср ёдгорликлари, замонавий кўп қаватли бинолари ва собиқ иттифоқ меъморчилиги анъаналари уйғунлиги билан ҳайратга солади.

«Тошкентдан мамлакат бўйлаб саёҳатчилар нафақат равон автомобиль йўллари, балки поездда ҳам саёҳат қилиши мумкин, — дейилади мақолада. – Йилнинг барча фаслларида эрталаб ва кечқурун Тошкентнинг бош вокзалидан Бухоро ва Самарқанд йўналишига қулай тезюрар “Афросиёб” поезди қатнайди. Максимал тезлиги 230 км/соат бўлган ушбу поезд Бухорогача бўлган 600 км йўлни уч соату 40 дақиқада босиб ўтади – бу авиапарвоздан кўра қулай ва арзондир”.

Муаллиф Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари Марказий Осиёнинг маданий дурдоналари ҳисобланишини қайд этган. “Бухоро шаҳри 1997 йилда 2500 ёшга тўлди. Эски шаҳар марказида Бухоронинг диққатга сазовор жойи - 1127 йилда қурилган Минораи Калон жойлашган. Унинг баландлиги 47 метр, пойдевори эса 10 метр, - дея қайд этади манба. – Самарқанд 2750 йилдан бери мавжуд бўлиб, ушбу шаҳар дунёдаги энг қадимий масканлардан биридир. Ушба қадимий кент ўнлаб босқинчилардан омон қолган ва қатор вайронагарчиликларни бошдан ўтказганига қарамай, у эртакнамо улуғворлигини йўқотмаган”.

Мақолада қадимий ўзбек шаҳарларининг тарихий ва меъморий диққатга сазовор жойлари, турли табиат манзаралари ҳақида батафсил маълумотмотлар ўрин олган. Улар саёҳатчиларда катта қизиқиш уйғотади.

«Сайёҳ сифатида қаерга борманг, хоҳ меҳмон уйларида, хоҳ бозорларда ёки шунчаки кўчада маҳаллий аҳоли билан учрашсангиз, сиз таъсирчан меҳмондўстликни ва илиқликни ҳис қиласиз», деб ёзади «Berliner Zeitung».

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 967 times

Янгиликлар

Top