Дунё янгиликлари

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари номидаги қудуқ жойлашган давлат

Бугун сизга жаҳоннинг энг иссиқ мусулмон мамлакатларидан бири ҳақида маълумот берамиз

Нигер республикаси -  Ғарбий Африкадаги давлат. Жазоир, Ливия, Чад, Нигерия, Бенин ва Буркина-Фасо давлатлари билан чегарадош. Ўзбекистонга ўхшаб денгизга чиқиш йўли йўқ бўлган қитъа ўртасидаги мамлакатдир. Ҳудудининг катта қисми текисликлардан иборат, шимолий ҳудудларни Саҳрои Кабирнинг баланд қояли платолари эгаллаб туради. Нигер минтақадаги энг катта давлат бўлиб, майдони 1,3 миллион км². 

Нигер - президентлик республикаси. Қонун чиқарувчи орган парламентдир. Географик жиҳатдан мамлакат 8 та департамент ва метрополга бўлинади. Миллий валюта - CFA франки. Пойтахти - Ниамей шаҳри.

Аҳолиси тахминан 26 миллион киши. Улар, асосан, Нигер-Конго ва Сонгаи тил гуруҳларининг турли халқлари, шунингдек, штат шимолида яшовчи туарег-барбар қабилалари вакилларидир. Расмий тили - француз тили, кундалик мулоқотда сонгаи, банту ва бошқа тиллари қўлланилади.

Тарихи

Нигер ҳудудида қадимдан аҳоли яшаб келган. Аир тоғлиги, Тенер чўли, Агадез шаҳридаги археологик қазишмаларда неолит даврига мансуб ашёлар топилган. Қадимда одамлар ёввойи меваларни териб кун кечирганлар, овчилик ва чорвачилик билан шуғулланганлар. Милодий I асрда Саҳрои Кабирнинг жанубига римликлар кириб келган. Араб ва барбар савдогарлари келиши билан ислом дини тарқалган. VII-XIX асрларда Нигернинг айрим қисмлари ўрта аср Ғарбий Судан давлатлари — Сонгай ва Канем таркибида бўлган. XVIII аср ўрталарида Нигер дарёсининг соҳиллари туареглар қўли остига ўтган. XIX асрда Нигер ҳудудида европаликларнинг бир неча экспедицияси бўлган. 

1898 йилдан французлар Нигерни мустамлака қилишга киришдилар. 1901 йил Нигер Франция Ғарбий Африкасига кирувчи Юқори Сенегал таркибига қўшиб олинди. 1922 йилдан Нигер алоҳида маъмурий бирлик қилиб ажратилди. Мустамлакачилар мажбурий меҳнат тартиботини жорий қилдилар. Нигер халқи мустамлакачиларга қарши қўзғолонлар кўтарди (1905,1906-14, 1914-17). Мустамлакачиларга қарши кураш I ва II жаҳон урушлари ўртасидаги даврда ҳам давом этди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин миллий озодлик ҳаракати бошланди. 1946 йил Нигер тараққийпарвар партияси (НТП) тузилди. 1947 йил Франциянинг "денгиз орти ҳудуди" мақомини олди. 1951 йил НТПнинг сўл қаноти Жибо Бакари раҳбарлигида партиядан ажралиб чиқиб, Нигер демократик иттифоқини тузди. Унинг номи 1958 йил Саваба (Озодлик) деб ўзгартирилди. 1957 йил Ж. Бакари Нигер ҳукумати кенгашининг бош вазири этиб сайланди. 1958 йил 28 сентябрда Франциянинг янги конституция лойиҳаси ҳақидаги референдумда Саваба Нигерга мустақиллик берилишини талаб қилди. 1958 йил 18 декабрда Нигер Франция Ҳамжамияти таркибида ўзини ўзи бошқарувчи республика деб эълон қилинди. 1960 йил 3 августда эса мамлакат мустақил республика деб эълон қилинди. 1960 йил ноябрда Миллий мажлис янги конституцияни қабул килди ва НТП раҳбари А. Диорини республиканинг биринчи президенти этиб сайлади. 

1999 йил 9 апрелдаги ҳарбий тўнтариш натижасида мамлакат президенти Иброҳим Барре Майнассар ўлдирилди, Миллий мажлис ва ҳукумат тарқатиб юборилди. 1999 йил 18 июлдаги референдумда янги конституция маъқулланди. 1999 йил 24 ноябрдаги сайловда Мамаду Танжа президент этиб сайланди.

Нигер — 1960 йилдан БМТ аъзоси. Миллий байрами — 18 декабрь — Республика эълон қилинган кун (1958).

Иқтисоди

Нигер — аграр мамлакат. Мустамлака ҳукмронлиги даврида иқтисодиёт, асосан, ерёнғоқ етиштиришга ихтисослашган эди. 1960 йиллардан хўжаликни давлат томонидан тартибга солиш кучайди, давлат ва аралаш корхоналар мавқеи мустаҳкамланди. Ялпи ички маҳсулотда саноатнинг улуши 12 %, қишлоқ хўжалиги улуши 37,5 % ни ташкил этади.

Қишлоқ хўжалиги энг қолоқ тармоқ ҳисобланади. Аҳолининг 80 % дан кўпроғи шу соҳада банд. Товар маҳсулотининг асосий қисмини майда анъанавий ярим натурал деҳқон хўжаликлари беради. Ниамей ва унинг атрофида йирик механизациялашган хўжаликлар ташкил топа бошлади. Деҳқонларнинг ўзаро ёрдам уюшмалари ташкил этилди. Ерёнғоқ, пахта, шоли етиштирувчи кооперативлар пайдо бўлди. Нигердаги  яроқли 15 млн. гектар ердан (мамлакат ҳудудининг 12 % га яқини) 42 % ҳайдаладиган ва бўз ерлар, 53 % яйлов, 4 % ўрмон. 

Деҳқончилик мамлакат жанубий ва жануби-ғарбида ривожланган. Атиги 12 минг гектар майдон суғорилади, бу жойларда ирригация иншоотлари барпо этилган. Асосий озиқ-овқат экинлари: тариқ, нйебе, маниок, шунингдек, буғдой, маккажўхори, шакарқамиш, батат ва бошқалар. Нигерда кўчманчи ва ярим кўчманчи чорвачилик устун. Қорамол, қўй, эчки, туя, от ва эшак боқилади. Саванналар қовжирашининг олдини олиш ва яйловларни сақлаб қолиш учун янги ўрмонлар барпо этилган. Нигер ва Комадугу-Ёбе дарёларида, Чад кўлида балиқ овланади.

Нигерда уран, қалай, гипс, ош тузи қазиб чиқарилади ва сода ишлаб чиқариш ривожланган. Нигер саноати маҳсулотининг 3/4 қисмини озиқ-овқат корхоналари беради. Нигерда темир йўл йўқ. Нигер дарёсида кемалар қатнайди. Ниамей ва Агадезда халқаро аэропорт бор. Четга уран экстрактлари, тирик мол ва чорвачилик маҳсулотлари, ерёнғоқ мойи, пахта, сабзавот экспорт қилади. Импорт эса нефть маҳсулотлари, дон, транспорт воситалари ва асбоб-ускуналардир. Ташқи савдодаги асосий мижозлари: Франция, Италия, Германия, Япония, Нигерия ва Жазоир.

Иқлими

Нигер ҳудудининг учдан икки қисми қуруқ тропик чўлдан иборат. Мамлакатда ёмғирли мавсум фақатгина жанубий қисмда учраб туради. Мамлакатни аксар  ҳудуди чанг ва қуруқ чўллардан иборат.

Апрель-май ойларида  жанубий Атлантика океанидан эсадиган шамоллар экваторга етиб боради ва Саҳрои Кабир томон йўналади, шундан сўнг чанг бўронлари ва ёмғир мавсуми бошланади. Ёмғир мавсуми бир ойдан тўрт ойгача давом этиши мумкин.

Глобал муаммолар

2021 йилда БМТ Нигерни дунёдаги энг кам ривожланган давлат деб баҳолади (кейинги ўринларда Марказий Африка Республикаси, Чад, Бурунди ва Жанубий Судан). Йиллар давомида мамлакатнинг аҳволи фақат ёмонлашди, чунки гуманитар контекст хавфсизлик, очлик, иқлим инқирози ва COVID-19 туфайли оғирлашмоқда. Бу сабабларнинг барчаси кунига 1,9 доллардан кам даромад билан яшайдиган миллионлаб нигерликлар учун қашшоқликдан қутулишни янада қийинлаштиради. 

Нигерда 3,8 миллион киши гуманитар ёрдамга муҳтож. Аҳолининг 42,9 фоизи қашшоқликда яшаб, кунига 1,9 доллардан кам даромад топади. Аҳолининг 83 % и қишлоқ жойларда яшайди. Нигерияликларнинг 20 фоизи асосий кундалик озиқ-овқат ва овқатланиш эҳтиёжларини қондира олмайди.

Фуқароларининг ўртача ёши бўйича Нигер дунёдаги энг ёш давлат бўлиб, ўртача ёши 15,4 ёшни ташкил қилади. Аҳолининг ярми 14 ёшдан кичик. Бироқ, бу ерда таълим йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш қийин, улар орасига можаролар сабаб бўлган ишончсизлик, иқлим билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар, COVID-19 пандемияси, очлик ва ўта қашшоқлик киради. Бу омиллар Нигерда мактабга боришга бевосита таъсир қилади, кўплаб ўқувчилар мактабга бормайди. Ҳозир Нигерда 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларнинг 50 фоиздан ортиғи таълим олишдан мосуво, бу кўрсаткич 13 ёшдан 16 ёшгача бўлган катта ёшдаги болалар учун 60 фоиздан  ҳам юқори. Мамлакат БМТ Тараққиёт Дастурининг таълим индексида доимий равишда охирги (187) ўринни эгаллаб келмоқда.

Қизиқарли фактлар

1.  Нигер номи мамлакатнинг жануби-ғарбий қисмини кесиб ўтувчи Нигер дарёси шарафига қуйилган. Бу "Дарё Гир" деган маънони англатувчи "Ни Гир" атамасидан келиб чиққан.

2.  Нигер Африкадаги энг катта қўриқхона ҳудудига эга. У тахминан 7,7 миллион гектар майдонни эгаллайди.

3.  Нигер харид қобилияти паритети (ППП) асосида аҳоли жон бошига ЯИМ бўйича ўлчанадиган бўлса, дунёдаги энг қашшоқ мамлакатлардан бири ҳисобланади. 

4.  Нигер денгизга чиқа олмайдиган мамлакат, чунки у бутунлай қуруқлик билан ўралган, очиқ денгизга чиқиш имкони йўқ. 

5.  Нигер байроғи Ирландия, Кот-д’Ивуар ва Ҳиндистон давлатлари байроғига ўхшайди. Шунинг учун, эҳтимол, тўқ сариқ қуёш Нигерда тропик қуёш мавжудлигини билдирувчи деталь сифатида байроққа қўшилган. 

6.  2020 йил ҳолатига кўра, Нигер дунёда туғилиш даражаси энг юқори бўлган давлат, ҳар бир аёлга ўртача 6-7 та бола тўғри келади.

7.  Нигер қисман дунёдаги энг катта иссиқ чўл билан қопланган. Умумий майдони 8 600 000 км² (3 320 000 м²) бўлган Саҳрои Кабир чўли Шимолий Африканинг катта қисмини эгаллайди. 

8.  Нигернинг деярли бешдан тўрт қисми чўл бўлиб, уни дунёдаги энг иссиқ мамлакатлардан бирига айлантиради. Шу сабаб бу давлатни "Дунёнинг қиздирилган идиши" номи билан ҳам аташади.

9.  Саҳрои Кабирнинг жанубий чеккасида жойлашган Агадез "чўлга кириш эшиги" сифатида танилган шаҳардир. ЮНЕСКО рўйхатига киритилган шаҳар эрамизнинг XV асрига тўғри келади ва Саҳрои Кабирда карвон савдоси учун муҳим чорраҳа бўлган.

10.  Нигер ядровий реактор учун зарур бўлган асосий ёқилғи - уран бўйича дунёдаги олтинчи йирик ишлаб чиқарувчи ҳисобланади.

11.  Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, Нигер сайёҳлар ташриф буюриши учун мутлақо хавфли деб топилган 17 давлатдан биридир.

12.  Нигер давлатида шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари номига қудуқ қазилган.

Нигерда ислом

Нигерда аҳолининг 87,6 фоизи ислом динига эътиқод қилади. Шундан суннийлик 81,1 фоиз, шиалик 6,5 фоизни ташкил этади. Ислом биринчи марта ХV асрнинг бошларида Сонгаи империясининг кенгайиши (1375-1591) ҳамда Шимолий ва Ғарбий Африка бўйлаб Транс-Сахара савдосининг таъсири билан ҳозирги Нигер ҳудудига кириб келади. Мамлакатда христианликка эътиқод қилувчилар 0,7 фоиздир.

Мамлакат конституциясида диний камситиш тақиқланган, жамоат тартиби, ижтимоий тинчлик ва миллий бирликка мос келадиган дин ҳамда диний эътиқодлар эркинлиги кафолатланган.

Ниамей жоме масжиди

Ниамей жоме масжиди пойтахт Ниамейда жойлашган масжиддир. У 1970 йилларда қурилган. Шаҳардаги энг катта масжид Ислом хиёбонида жойлашган. Бино Ливия пули ҳисобидан молиялаштирилган. Унда 171 зинапоядан иборат минора мавжуд.

Агадез масжиди

Агадез масжиди Нигернинг марказий қисмидаги Агадез шаҳрида жойлашган машҳур масжиддир. У дастлаб 1515 йилда Сонгаи империяси даврида қурилган. Шаҳарнинг масжид жойлашган марказий қисми диққатга сазовор жой бўлиб, асрлар давомида ибодат учун йиғиладиган манзил ҳисобланган.

Закариё тайёрлади

Azon.uz

Read 1287 times

Янгиликлар

Top