Дунё янгиликлари

Кўзи ожиз мусулмонлар: "Қуръонни ўқий олмайман", демаяпти

Туркиянинг Шонлиурфа шаҳри муфтийси ва шаҳар ҳокимлиги кўзи ожизлар учун бошлаган "Брайл алифбоси ва Қуръон курси" давом этмоқда.

Курсга қатнайдиган ўнлаб кўриш қобилияти заиф кишилар ҳар бир ҳарфга тегиб, Қуръон ўқиб, қалбларини унинг ёғдуси билан мунаввар қилишмоқда.

Қуръон курси ўқитувчиси Зайнаб Оқбошнинг айтишича, сўнгги йилларда Дин ишлари бошқармаси ногиронлар учун турли курслар ташкил қилган.

Кўзи ожизлар учун Брайл алифбоси курси 6 йил олдин иш бошлади: "Кўриш қобилияти чекланган биродарларимиз ва опа-сингилларимиз Шонлиурфа шаҳар муниципалитетидаги ногиронларни мувофиқлаштириш ва ҳаёт марказида Қуръонни ўрганмоқдалар. Бундан ташқари, талабаларимиз Фиқҳ, Сира ва Ислом асосларини ўрганишади", - дейди Зайнаб Оқбош.

Кўриш қобилияти заиф одамлар бармоқ учлари билан ўқишни ўрганишини айтиб, Оқбош Брайл алифбосини ўрганиш жуда қийин ва кўп куч талаб қилишини таъкидлади.

"Талабаларимиз тегиниш, идрок ва ҳиссиёт ёрдамида ўқийдилар. Бу жуда қийин. Аммо ҳеч ким: "Мен ўқий олмайман, буни қила олмайман", - демайди.

Islam.ru хабар беришича, 10 ёшли талабалардан бири Иремсу Сабах курсни ўтган ҳафта бошлаганини, қисқа вақт ичида Брайл алифбосини ўрганиб, Қуръон ўқишни бошлаганидан хурсанд эканлигини айтди.

"Мен Қуръонни ўрганяпман ва жуда хурсандман. Онам ва устозим Зайнабга қилган меҳнатлари учун миннатдорчилик билдираман. Бизни қўллаб-қувватлайдиган ҳар бир киши учун ибодат қиламиз. Мен ҳар доим Қуръон ўқишни орзу қилардим. Орзуимни амалга оширдим. Менинг дўстларимга маслаҳатим ҳеч қачон воз кечмасликдир",- деб фикрларини бўлишди 10 яшар муслима аёл.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 1049 times

Янгиликлар

Top