Дунё янгиликлари

Саудия нашри: Подшоҳлик Ҳаж ва умра вазирининг Ўзбекистонга ташрифи самарали кечди

Саудия Арабистонинг етакчи босма нашрларидан бири - «Okaz» газетаси саҳифасида «Ўзбекистон Президенти Саудия Арабистонининг Ҳаж ва умра вазирини қабул қилди» сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда Президент Шавкат Мирзиёевнинг икки кунлик расмий ташриф билан Тошкентга борган Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазири Тавфиқ ар-Рабиани билан ўтказган учрашуви ва ташрифга оид муҳим маълумотлар атрофлича қаламга олинган.
«Тавфиқ ар-Рабиани Подшоҳ ва валиаҳднинг Ўзбекистон халқига саломини ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган изчил ислоҳотларга муваффақиятлар, республикага тараққиёт ва фаровонлик тилаганликларини етказди, деб ёзади нашр. Ушбу ташриф икки давлатни боғлаб турувчи ўзига хос тарихий муносабатларнинг давоми сифатида амалга оширилаётгани, жумладан, ҳаж ва умра соҳаларида ўзаро ҳамкорликка улкан аҳамият берилаётганининг тасдиғидир”.
Мақолада таъкидланганидек, сўнгги ҳаж мавсумида 12 мингга яқин ўзбекистонлик ҳаж ибодатларини адо этган. Коронавирус пандемиясидан сўнг зиёратчилар сонининг ортиши кутилмоқда. Ўтган икки ойда Ўзбекистондан келаётган зиёратчилар сони 36 мингдан ошиб, улар Мадинани зиёрат қилишга ва Маккада умра амалларини бажаришга муваффақ бўлдилар.
«Саудия Ҳаж ва умра вазирининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида қатор икки томонлама учрашув ҳамда музокаралари ташкил этилди,- дея маълумот беради нашр. - Хусусан, Тошкентда Ўзбекистон транспорт вазири, Ислом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий, Дин ишлари қўмитаси раиси билан икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди».
Алоҳида қайд этилганидек, ушбу ташриф чоғида ўзбекистонлик зиёратчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифатини ошириш бўйича стратегик ҳамкорликни кенгайтириш йўллари муҳокама қилинди. «Шунингдек, икки давлат ўртасида ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини янада ошириш, жумладан, авиақатновлар сонини кўпайтириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди», деб ёзади «Okaz» газетаси.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 852 times

Янгиликлар

Top