Дунё янгиликлари

Маккада ўзбек тилини янада ривожлантириш масаласи муҳокама қилинди

21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни муносабати билан мамлакатимиз Бош консулхонаси томонидан Макка шаҳридаги «Hotel Makkah by Millennium» меҳмонхонасида ватандошлар иштирокида маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Унда ўзбек тилининг мавқеини мустаҳкамлаш, халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида сўз юритилди. Бу борада хориждаги кўплаб университетларда ўзбек тили марказлари ташкил этилгани ва бу таълим муассасаларида ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқиш йил сайин ортиб бораётгани қайд этилди.
Таъкидланганидек, ҳозирги кунда ер юзида ўзбек тилида сўзлашувчилар сони 60 миллиондан ошди, хорижий давлатлардаги 50 дан ортиқ олий ўқув юртида ўзбек тили ўргатилмоқда.
Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган асли ўзбек бўлган бухорийлар диаспораси вакиллари миллатимиз аслини акс эттирувчи ўзбек тилини эъзозлаш, жамиятдаги мавқеини юксалтириш ҳамда ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялаш долзарб вазифага айланиб бораётганини қайд этдилар.
Бўлиб ўтган учрашув якунида Саудия ҳудудида ўзбек тилини кенг тарғиб қилиш, диаспора вакиллари фарзандларининг миллий тилимизни мукаммал эгаллаши учун махсус курслар ташкил этиш ва уларни зарур адабиётлар билан таъминлашга келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 903 times

Янгиликлар

Top