Дунё янгиликлари

Бангладешда Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти тарғиб қилинади

Ўзбекистон туризм ва маданий мерос вазирининг халқаро туризмни ривожлантириш, ички ва зиёрат туризми масалалари бўйича ўринбосари Бахтиёр Иброҳимов Best Soursing компанияси раҳбари Меҳди Маҳбубга Бангладешдаги Туризм ва маданий мерос вазирлигининг расмий вакили сертификатини топширди, деб хабар бермоқда “Дунё” ахборот агентлиги.


Учрашув давомида Бахтиёр Иброҳимов Меҳди Маҳбубга сўнгги йилларда Ўзбекистонда зиёрат туризми учун катта имкониятлар яратилгани, жумладан, янги сайёҳлик масканлари, гастрономия ва зиёрат туризми соҳаларида жойлар юқори салоҳиятга эга эканлигини маълум қилди. Бундан ташқари, ҳадис олимларининг устози Муҳаммад Ал-Бухорий ва Нақшбандия тариқатининг камолга етган кўплаб издошлари шу заминдан келиб чиққанлиги алоҳида қайд этилди.
Ўз навбатида, Меҳди Маҳбуб Ўзбекистон халқининг меҳмондўстлиги, туризм соҳасидаги улкан салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда ушбу соҳадаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича фикр ва таклифларини билдирди.
Учрашув давомида Меҳди Маҳбуб Бангладеш телеканалларида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилувчи Рамазон дастури лойиҳасини амалга ошириш, икки мамлакат ўртасида ҳаво алоқаларини ўрнатиш, бангладешлик сайёҳлар учун Ўзбекистон бўйлаб сайёҳлик йўналишларини ривожлантириш ва тадбирларни ташкил этиш каби масалалар бўйича ўз таклифларини билдирди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1390 times

Янгиликлар

Top