Дунё янгиликлари

Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирининг халқаро ҳамкорлик бўйича ўринбосари билан учрашув бўлиб ўтди

Мамлакатимизнинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирининг халқаро ҳамкорлик бўйича ўринбосари Ҳасан Алламнахра билан учрашув ташкил этилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири. Унда икки томонлама ҳамкорликка оид қатор муҳим масалалар мулоқотларнинг асосий мавзуси бўлди.
Суҳбат аввалида Ҳ.Алламнахра жорий йил 27-30 сентябрь кунлари Саудия Арабистонининг Ҳаж ва умра масалалари бўйича вазири Тавфиқ ар-Рабиъа бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи муваффақиятли ва самарали кечганини таъкидлар экан, Саудия делегациясининг Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилингани, Тошкентда ўтказилган икки томонлама самарали учрашувлар ва ўзбекона меҳмондўстлик учун чуқур миннатдорлик изҳор этди.
Суҳбатдош Тошкентдаги учрашувларда кўтарилган муҳим масала - Макка ёки Жидда шаҳрида “Имом Бухорий юрти авлодлари” мавзусидаги халқаро конференция ва кўргазмани ташкил этиш атрофлича ўрганиб чиқилаётгани ва бунда Саудия вазирлик ва идоралари ҳамда Бутунжаҳон мусулмонлар уюшмаси фаол иштирок этаётганини маълум қилди.
Ўзбекистон томонидан Умра мавсумида мамлакатимиздан Саудия Арабистонига келаётган зиёратчиларнинг сони ортиб бораётгани ва уларга Подшоҳлик ҳукумати яратаётган шароитлар юқори баҳоланди.
Шу ўринда Ўзбекистонда сайёҳлик индустриянинг ривожланиб бораётгани таъкидланар экан, Саудия Арабистонидан ҳам Тошкентга келаётган сайёҳларнинг сонини оширишга эътибор қаратиш муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
Суҳбат чоғида Ҳасан Алламнахра “агар саудияликлар Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятини янада яқиндан билганларида улар Европа давлатларига эмас, балки Имом Бухорий ватанини зиёрат қилар эдилар”, деди.
Мулоқот чоғида мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини Саудияда кенг тарғиб этиш, Ўзбекистон туркомпаниялари томонидан оилавий туристик пакетларнинг ишлаб чиқилишидаги афзалликлар, Жидда шаҳрида Ҳаж ва умра масалаларига бағишланган халқаро конференция ташкил этилиши ҳамда унинг ишида мамлакатимиз вакиллари иштироки билан боғлиқ ва кун тартибидаги бошқа долзарб масалалар атрофлича муҳокама этилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1469 times

Янгиликлар

Top