Дунё янгиликлари

Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти Германия оммавий ахборот воситалари диққат марказида

Германиянинг «Neue Zeiten» журналида Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консули Олимжон Абдуллаев билан «Қуёшли заминимиз йил бўйи гўзал» сарлавҳаси остида суҳбат чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» мухбири.
Унда Германия Ўзбекистон билан туризм соҳасида ҳамкорликда Европа давлатлари орасида етакчи ўринни эгаллаши қайд этилган. Суҳбатда мамлакатимизда сайёҳларнинг хавфсиз ва ўзини қулай ҳис қилиши учун барча зарур шароитлар яратилгани таъкидланган.
Материалда туризм соҳасида амалга оширилаётган ижобий ислоҳотлар, ўзбек халқининг бой маданий-тарихий мероси, республикадаги машҳур сайёҳлик йўналишлари ҳақида батафсил маълумотлар берилган. «Германияда истиқомат қилаётган немис ва постсовет жамоатчилиги мамлакатимиз санъати, маданияти, меъморчилиги, миллий ошхонасига катта қизиқиш билдирмоқда, саёҳатдан доимо унутилмас таассуротлар билан қайтмоқда», дейди Бош консул.
Германиядаги «NEUE ZEITEN» ойлик ахборот журнали «RusVerlag» нашриёт уйи томонидан босма ва электрон форматларда чоп этилади. Журнал ўз саҳифаларида маданият, иқтисодиёт, сиёсат, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳасидаги долзарб янгиликларни ёритиб боради. Нашр саҳифаларида Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ҳаётидаги муҳим янгиликлар тез-тез эълон қилинади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 820 times

Янгиликлар

Top