Дунё янгиликлари

«Кабар»: VIII асрга оид Катта Лангар Қуръони саҳифаларини тиклаш жуда мураккаб ва айни пайтда қизиқарли бўлди

Қирғизистоннинг «Кабар» миллий ахборот агентлиги «Бетакрор мерос билан юзма-юз: Ўзбекистон ўзининг бой маданияти билан Ғарб аудиториясини таништирмоқда» сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мақолада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ноябрь ойида Францияга расмий ташрифи доирасида Париждаги машҳур Лувр музейида ва Араб дунёси институтида Ўзбекистон тарихи ва маданиятига бағишлангани иккита йирик кўргазма очилгани ҳақида хабар қилинган.
«Луврдаги «Ўзбекистон воҳаларининг хазинаси. Карвон йўллари чорраҳасида» номли кўргазма милоддан аввалги V-VI асрдан бошлаб Темурийлар ҳукмронлиги даврларини қамраб олган, Араб дунёси институтида ташкил этилган «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари» кўргазмасида эса XIX аср охири – XX аср бошларига оид бой моддий маданияти тақдим этилган», деб ёзади нашр.
Мақолада кўргазмаларни тайёрлаш бўйича махсус комиссия тузилиб, кенг кўламли реставрация ишлари олиб борилгани алоҳида таъкидланган.
«Айниқса, VIII асрга оид Катта Лангар Қуръони саҳифаларини тиклаш жуда мураккаб ва айни пайтда қизиқарли бўлди, - деб ёзади агентлик. - Ушбу Қуръон ислом дини ва мусулмонлар учун жуда катта аҳамият касб этиб, бутун инсониятнинг маданий ва тарихий меросини ташкил этувчи қадриятлардан биридир».
Материалда қайта тиклаш ишлари уч йил давом этгани хабар қилинган. Ушбу муқаддас китобни реставрация қилишда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонаси, Маданият вазирлигининг Санъат ва маданиятни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакиллари иштирок этди. «Қайта тиклаш ишларида Лувр музейи реставраторлари Аксель Делау ва Аурелия Стрери иштирок этган», деб ёзади «Кабар».

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 971 times

Янгиликлар

Top