Дунё янгиликлари

Жидда шаҳрида Ўзбекистоннинг 17 та тарихий экспонати намойиш этилади

Шу йилнинг 23 январидан 23 апрелига қадар Жидда (Саудия Арабистони)да Ислом санъати бўйича биринчи Биеннале бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистоннинг 27 та экспонати намойиш этилади.

Тадбир Дирий биеннале фонди ва Саудия Арабистони Маданият вазирлиги ҳамкоригида ташкил этилмоқда. Ундан кўзланган мақсад “ўтмиш, ҳозирги кун ва келажакни боғлаш”дан иборат. Биенналенинг асосий мавзуси «Аввал байт» деб номланиб, у араб тилида “биринчи уй” деган маънони билдиради. Даставвал Байт — Қуръони каримда келтирилган иборат бўлиб, у мусулмонларнинг энг  муқаддас маскани – Маккадаги Каъбага нисбатан қўлланилади.  

Ташкилотчиларнинг қайд этишича, тадбир анъаналарни сақлаган ҳолда, инновацияларни илгари суради. Унда санъат соҳасидаги маънавий изланишлар унинг барча кўринишдаги бадиий ифода ва шаклларида тақдим этилади.  

Тадбирда Ўзбекистон тарихий меросини Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси таништиради.  

 “Ислом санъати биенналесида Ўзбекистоннинг бебаҳо экспонатлари туркумини  таништириш биз учун катта шараф. Юртимиз бой меросини халқаро ҳамжамиятга намойиш этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг муҳим вазифаси ҳисобланади. Биенналеда иштирок этиш бу ишларни амалга ошириш учун ажойиб имкониятдир”, - дейди Жамғарма Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева.  

Жидда шаҳридаги кўргазмада Ўзбекистон маданий меросини акс эттирувчи 17 та экспонат намойиш этилади. Ислом оламининг энг муҳим қўлёзмаларидан бири бўлган VIII асрга оид Катталангар Қуръонининг бир неча саҳифаси, XVII асрга оид “Имом ал-Бухорийнинг Ал-Жомеъ ас-Саҳиҳ” ҳадислар тўплами,  Самарқанд ва Афросиёбнинг  X-XII асрларга оид сопол кўза ва косалари, миллий  либослар, пойафзаллар ва бошқа ноёб экспонатлар шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ижрочи директори Гаянэ Умерованинг маълум қилишича, ислом санъати биенналеси ушбу нодир маданият билан боғлиқ лойиҳаларни намойиш этиш имконини берувчи муҳим  халқаро тадбирдир. Ўзбекистон бой тарихга эга, ўтмишимизнинг  аксарият қисми ислом анъаналари билан чамбарчас боғлиқ. Мамлакатимиз томонидан намойиш этилаётган экспонатлар жаҳон ҳамжамиятининг уларни ўрганишга бўлган қизиқишини оширишга қаратилган.  

Биеннале доирасида Жамғарма томонидан юртимиз маданий мероси билан таништиришга қаратилган кенг оммавий дастур  ташкиллаштириш режалаштирилган. У мунозаралар, мусиқий чиқишлар, кино намойишлари ва амалий дарсларни ўз ичига олади. Шунингдек, анъанавий мусиқий  асбоблари жўрлигида “Ўлим минораси”(1924) номли овозсиз фильми, “Ал-Бухорий” (1998) ҳам намойиш этилиб, кулолчилик, сўзана ва бошқа мавзулар бўйича маҳорат дарслари ва бошқа кўплаб тадбирлар ҳам ташкил этилиши кўзда тутилган.  

ЎзА

Read 846 times

Янгиликлар

Top