Дунё янгиликлари

Ўзбекистон ва Бруней зиёрат туризми масалаларини муҳокама қилмоқда

Яқинда мамлакатимизнинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон ва Бруней транспорт вазирликлари ҳамда «Uzbekistan Airports» АЖ, «Marokanda Air» ва «Royal Brunei Airlines» авиакомпаниялари раҳбарлари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
1974 йилда ташкил этилган «Royal Brunei Airlines» Бруней Султонлигининг давлатга қарашли миллий авиакомпанияси ҳисобланади. Бугунги кунда компания Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ, Европа, Австралия ва Океаниянинг 20 йўналиши бўйлаб мунтазам парвозларни амалга оширмоқда.
Музокаралар чоғида «Uzbekistan Airports» АЖ фаолияти, хорижий авиакомпанияларга бошқа давлатлардан йўловчи ва юк қатновларини ташкил этишда мавжуд имтиёз ва преференциялар, шунингдек, Самарқанд халқаро аэропортида жорий этилган «Очиқ осмон» режими ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
Ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари, хусусан, «Royal Brunei Airlines» авиакомпаниясининг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри ҳаво қатнавларини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
«Royal Brunei Airlines» авиакомпанияси вице-президенти Илясь Рори Тео мамлакатимиз аэропортларини модернизация қилиш, сайёҳлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича республикада кўрилаётган чора-тадбирларни юқори баҳолаб, ўзбекистонлик ҳамкорлар билан алоқаларни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Биринчи қадам сифатида Ўзбекистон ва Малайзия ҳукуматлари ўртасида ҳаво қатнови тўғрисидаги битимни ишлаб чиқиш ва имзолаш орқали ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини яратиш таклиф этилди. Икки давлат бозорларини ўзаро ўрганиш мақсадида республика авиакомпаниялари билан код-шер ёки интерлайн келишув асосида ўзаро ҳамкорлик қилиш имконияти қайд этилди.
Бруней Транспорт ва ахборот коммуникациялари вазирлигининг Авиацияни ривожлантириш департаменти бошлиғи Лайлатул Зурайда ҳам икки давлат авиация маъмурияти ва аэропортларининг салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, зиёрат туризми, хусусан «Умра +» дастури доирасида ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф қилди.
Учрашув якунлари бўйича ҳамкорлик истиқболларини батафсил муҳокама қилиш, аэропортлар ҳамда сайёҳлик объектлари инфратузилмаси билан танишиш учун Бруней Транспорт ва инфокоммуникация вазирлиги ҳамда «Royal Brunei Airlines» авиакомпанияси вакилларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матубот хизмати

Read 692 times

Янгиликлар

Top