Дунё янгиликлари

Мавританияга 300 минг нусхада Қуръони карим туҳфа этилди

Саудия Aрабистонининг Ислом, даъват ва иршод ишлари вазирлиги Мавританияда ҳар йили ўтказиладиган Қуръон ва Суннати набавия танловининг барча иштирокчиларига 300 000 га яқин Қуръон нусхаси тарқатилишини эълон қилди.
Мазкур мусобақа Саудия Aрабистони Ислом, даъват ва иршод ишлари вазирлиги ҳамда Мавритания Ислом ва таълим-тарбия ишлари вазирлиги, Қуръони каримни ёдлатиш хайрия марказлари ҳамкорлигида ўтказиб келинмоқда.
Ушбу 300 000 дона Қуръон китоби Мадинадаги Қирол Фаҳд мажмуаси томонидан чоп қилинган.
Китобларнинг маълум қисми шу йилнинг 10 март куни якунланган Қуръони карим ва суннати набавия мусобақаси иштирокчиларига тақдим қилинди. Китобларининг қолган қисми эса Мавританиядаги Қуръони каримни ёдлатиш бўйича фаолият олиб борувчи хайрия марказлари ва жамиятларида таҳсил олаётган талабаларга ҳадя этилади.
Ушбу Қуръони карим нусхаларининг 250 мингги Қуръони каримнинг Варш ривоятидаги Нофеъ қироати ва яна 50 минг нусхаси эса Қолун ривоятидаги Нофеъ қироатидан иборат. Ҳадя этилган бу Қуръони карим нусхалари мавританиялик қорияларнинг Нофеъ қироатида ўқишларини осонлаштиради.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 875 times

Янгиликлар

Top