Германиянинг туризм соҳасига ихтисослашган «FVW/TravelTalk» журналида “Масжидлар, миноралар ва кўплаб бошқа илиқ таассуротлар билан Янги Ўзбекистонни кашф этинг!” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистоннинг сайёҳлик имкониятларига бағишланган мазкур мақолада германиялик соҳа мутахассислари “Ўзбекистон – маданиятлар чорраҳасида” шиори остида жорий йил 10-17 май кунлари амалга ошириладиган сайёҳат лойиҳасида иштирок этишга таклиф қилинади.
Таъкидланганидек, ушбу лойиҳа Германия сайёҳлик агентликлари уюшмаси (DRV) ва «FVW|TravelTalk» нашри томонидан ташкил этилмоқда.
«Марказий Осиёнинг марказида жойлашган Ўзбекистон, аввало, ўзининг кўплаб меъморий обидадлари, муҳташам саройлару кўҳна қалъалари билан машҳурдир. Жумладан, саёҳат дастурига кўра, миллий анъаналар ва замонавийликни ўзида мужассам этган Тошкент шаҳри билан танишув ҳам кўзда тутилган. Мамлакат пойтахтида кўплаб диққатга сазовор жойлар қаторида дунёдаги энг қадимги Қуръон қўлёзмаси сақланаётган Ҳазрати Имом мажмуасига боришингиз мумкин”, деб ёзади манба.
Лойиҳа ташкилотчилари Ўзбекистоннинг барча шаҳарлари бетакрор гўзалликка эга эканлигини таъкидлашгани баробарида режалаштирилаётган саёҳат иштирокчиларда катта таассурот қолдиражагини алоҳиида таъкидлашган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати