Дунё янгиликлари

Саудия Арабистонидан муносабат: Ўзбекистон ўзига хос сайёҳлик йўналишларидан биридир

Саудия Арабистонининг “AMMONNEWS.net” электрон нашри Ўзбекистоннинг бой сайёҳлик имкониятларига бағишланган мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Tanmiah Press” газетаси мухбири Абдулҳамид Аль-Куббий ўз мақоласида саудиялик газетхонларни мамлакатимизнинг туризм йўналишидаги кенг имкониятлари билан яқиндан таништиради.
“Ўзбекистон туризм мақсадида боришни орзу қилганлар учун ўзига хос сайёҳлик йўналишларидан биридир. Бу мамлакат илм-фан ва билимларга бой тарихга эга. Табиий гўзаллик ва ажойиб муҳитни ўзида мужассам этган ушбу мафтункор диёр билан чексиз завқланиш мумкин.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон ноёб сайёҳлик масканларига эга. Бугунга қадар хорижлик меҳмонларга унутилмас таассуротлар улашиб келаётган тарихий ва маданий мерос ёдгорликлару, кўҳна археологик обидалар, буларнинг барчаси мамлакатнинг ўзига хослигини ёрқин намоён этади. Туризм соҳасида эришилган улкан ютуқлар, Ўзбекистоннинг эртанги куни порлоқ эканидан дарак бермоқда”, деб ёзади муаллиф.
Мақолада Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Шаҳрисабз шаҳарларининг диққатга сазовор жойлари тўғрисида батафсил маълумот берилган.
Ўзбекистон ҳукуматининг соҳага қаратаётган эътибори ва тегишли инфратузилманинг яратилгани шарофати билан мамлакатда туризм тобора ривожланиб бораётгани, бу эса уни тарғиб қилиш ва сайёҳларни янада кўпроқ жалб этишга хизмат қилаётгани алоҳида урғуланган.
“Ўзбекистон аҳолиси меҳмонлар ва сайёҳлар учун барча имкониятларни ишга солган ҳолда, уларга ўз санъати ва меҳмондўстлигини намойиш этади. Буларнинг барчаси юксак тамаддун мақомидаги меросхўр бўлмиш, меҳмону сайёҳларда катта қизиқиш уйғотаётган, замон билан ҳамнафас яшаб келаётган ўзбек халқи қалбидан чуқур жой олган”, - дея якунланади Саудия Арабистони электрон нашрида чиққан мақола.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 705 times

Янгиликлар

Top