Дунё янгиликлари

Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг ҳаж сафари ҳар жиҳатдан муваффақиятли ўтгани Саудия ОАВ диққат марказида

Кеча Саудия Арабистонининг “Swift News” электрон нашри саҳифасида “Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари қўмитаси раиси бу йилги ҳаж мавсуми муваффақиятли ўтганини юқори баҳолади” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб  хабар  бермоқда «Дунё» АА мухбири. 

Унда 2023 йилги ҳаж мавсуми ҳар жиҳатдан муваффақиятли ўтгани, буни жорий йил ҳаж ибодати умидида Мадина ва Макка шаҳарларини зиёрат қилган мусулмон дунёсининг бир миллион саккиз юз мингдан зиёд вакиллари қатори ўзбекистонлик зиёратчилар ҳам алоҳида эътироф этишгани таъкидланган. 

Мақолада Саудия Арабистони подшоҳлигида амалга оширилаётган мазкур ислоҳотларга ҳамоҳанг равишда Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда ҳаж сафари билан боғлиқ ташкилий ва хизмат кўрсатиш борасидаги ишлар тубдан такомиллаштирилаётгани қайд этилган. “Жумладан, илгари бир неча йиллар мобайнида ҳаж квотаси 5200 нафар бўлган бўлса, 2019 йилга келиб, бу кўрсаткич 7200 нафарга етди, 2022 йилда эса 12000 нафарни ташкил этди. Жорий йилда эса бу кўрсаткич 15 минг нафардан ошди. Албатта, келгусида бундан ҳам кўп ўзбекистонликларни муқаддас ҳаж зиёратига жўнатиш устида ишлар олиб борилмоқда”, деб ёзади “Swift News”.

Мақолада Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан республиканинг мавжуд 14 ҳудудида ҳаж марказлари ташкил қилиниши ва 2030 йилга қадар ҳажга борадиган фуқаролар сони босқичма-босқич 24 минг нафарга етказилиши, умра сафарига борувчи зиёратчилар сонини белгилаш бўйича квота олиб ташлангани натижасида ўтган бир йил давомида 100 мингга яқин зиёратчи умра амалларини адо этгани ҳам маълум қилинган.

“Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги муносабатларнинг янги даври бошланди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил август ойида икки Муқаддас Масжид ходими, Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд таклифига биноан, давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлгани ҳамда Президент Шавкат Мирзиёев ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд кенг қамровли шериклик тўғрисидаги Қўшма баёнотни имзолагани, ҳукуматлар ва вазирликлар ўртасида 15 та ҳужжат қабул қилингани давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқди. Ўзаро муносабатларни ривожлантириш йўлида кўплаб истиқболли режалар амалга оширилаётгани ҳисобга олинар экан, Ўзбекистон-Саудия Арабистони ҳамкорлиги келгусида янада мустаҳкамланиб боравериши тайин”, деб ёзади Swift News” электрон нашри.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Read 730 times

Янгиликлар

Top