Дунё янгиликлари

Пойтахт отинойилари учун ўқув-семинар ўтказилди

Бугунги шиддатли даврда барча, айниқса, диний соҳа ходимлари, отинойилар ҳар қачонгидан ҳам ҳушёр, огоҳ бўлишлари, шу билан бирга, халқ орасига кириб бориб, ёшларни муқаддас динимизга ёт турли унсурлардан ҳимоя қилишда жонбозлик кўрсатишлари зарур.

Шу йил 25 июль куни пойтахтимиздаги "Шайх Зайниддин" жоме масжиди мажлислар залида Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган отинойилар учун ўқув семинар ташкил этилди.

Семинар уч қисмдан иборат бўлди.

Дастлаб пойтахтимиздаги "ат-Термизий" жоме масжди имом-хатиби Исҳоқжон домла Бегматов тингловчиларга "Исломда мерос масаласи" ва "Ақида масалалари: ширк тушунчаси, ширкнинг инсон ақидасига таъсири" мавзусида маъруза қилди.

Дарҳақиқат, бугунги кунда мерос талашиб, юзкўришмас бўлиб кетаётган оилалар сони, афсуски, кўпайиб боряпти. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун диний соҳа ходимлари, отинойилар аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини кўпроқ олиб боришлари керак. Ақида масаласи, ширк ва унинг қабиҳ оқибатаридан одамларни огоҳлантиришлари зарур.

Шундан сўнг Тошкент шаҳар ОИТС маркази масъуллари отинойиларга бедаво дарддан аҳоли, айниқса, ёшларни эҳтиёт қилиш бўйича ўз маърузалари билан иштирок этди.

Семинарнинг сўнгги қисмида эса Ўзбекитон халқаро ислом академияси катта ўқитувчиси Аъзамхон домла Қамбаров "Маҳаллаларда аёллар орасида радикаллашувнинг олдини олиш ва уларнинг ижтимоий фаолликларини ошириш" мавзусида маъруза қилиб берди.

– Бугунги семинар ҳар жиҳатдан фойдали бўлди, – дейди Тошкент шаҳар бош имом-хатибининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси Зулайҳо Соатова. – Отинойилар бугун ўрганган билимларини амалиётда қўллаб, мерос масалалари, ширк, ақида каби мавзуларда аёлларимизга тушунчалар беришади. Хотин-қизларнинг радикаллашуви олдини олишга ўзларининг ҳиссаларини қўшади. Маҳалларга кириб бориб, оилалар билан суҳбатлар ўтказади. Ташкилотчиларга, мутасаддиларга ташаккур.

Ўқув семинар сўнгида отинойиларнинг саволларига мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди. 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати

Read 919 times

Янгиликлар

Top