Дунё янгиликлари

Халқаро форумда Диний идора вакили маъруза билан қатнашди

XIX халқаро мусулмон форуми Москвада бўлиб ўтди. Россия Федерацияси мусулмонлари Диний идораси томонидан ташкил этилган анъанавий анжуманда Миср, Қатар, Италия, Ироқ, Эрон, Малайзия, Озарбайжон, Мавритания, Афғонистон, Жазоир, Қозоғистон, Қирғизистон, Фаластин, Сурия, Тунис, Туркия, Қувайт, Бирлашган Араб Амирлиги ҳамда Ўзбекистон давлатларидан вакиллар қатнашди.

Нуфузли форум "Диний раҳбарларнинг маънавий-ахлоқий қадриятларни ҳимоя қилиш, тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашдаги ўрни" мавзусида ўтказилди. Унда 38 та мамлакатдан 90 дан зиёд муфтийлар, ислом уламолари, давлат ва дин арбоблари, сиёсатшунослар, олимлар, элчи ва дипломатлар иштирок этди.

Халқаро анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили Иброҳимжон домла Иномов ҳам қатнашиб, “Диний бағрикенглик: Ўзбекистон мисолида” мавзусида маъруза қилди.

Иброҳимжон домла ўз чиқишида баён этган Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотлар, хусусан, диний соҳадаги улкан ўзгариш ва кўплаб янгиликлар анжуман иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Халқаро анжуман доирасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакилини Россия Федерацияси мусулмонлари Диний идорасининг раиси, муфтий Шайх Равиль Гайнуддин қабул қилди.

Самимий суҳбатда Муфтий жаноблари Ўзбекистон ҳақида жуда илиқ сўзлар билан эслаб, ўтган улуғ устозларни юксак эҳтиром ва катта ҳурмат билан ёдга олди.

Шунингдек, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларига салом ва дуолар йўллаш баробарида диний соҳада олиб борилаётган хайрли ислоҳотларга улкан муваффақиятлар тилади.






Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Read 1027 times

Янгиликлар

Top