Дунё янгиликлари

Ўзбекистон вакиллари биринчи "Умра ва зиёрат" халқаро форумида қатнашди

Шу йил 22 апрель куни Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида биринчи "Умра ва зиёрат" халқаро форуми ўз ишини бошлади, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири.

Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги томонидан ташкил этилган анжумандан мақсад "Vision 2030" дастурини ҳаётга тадбиқ этиш доирасида Макка ва Мадинага ташриф буюрувчи зиёратчилар ва сайёҳлар учун янада кенг қулайликлар ва шарт-шароитларни яратишдан иборат.

Тадбирда дунёнинг 100 дан зиёд мамлакатдан келган делегациялар, жумладан, 300 дан ортиқ умра хизматини ташкил этувчи сайёҳлик агентликлари, меҳмонхона, озиқ-овқат ва авиакомпаниялар вакиллари иштирок этмоқда. Шунингдек, форум ишида Ўзбекистон Бош консулхона ходимлари ҳам қатнашди.

Анжуманнинг очилиш қисмида Саудия Арабистони ҳаж ва умра вазири, доктор Тавфиқ ар-Робия ва Мадина амири Салмон бин Султон бин Абдулазиз Ол Сауд иштирокчиларни қутлади.

Форум доирасида туризм индустриясини ривожлантириш, хорижий меҳмонларни қабул қилишда яратилган шарт-шароитлар, қулай виза тизими, сайёҳлик йўналишларини диверсификация қилиш, сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа мавзуларда тақдимотлар ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Бош консулхонаси ходимлари Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазирлиги, "Al Rajhi Group" корпорацияси ва "Marmara Group" компанияси вакиллари билан икки томонлама учрашув ўтказдилар.

Музокаралар чоғида ўзбекистонлик зиёратчиларга яратилаётган шарт-шароитлар учун миннатдорлик билдирилиб, "Умра – 2025" мавсумида ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Биринчи "Умра ва зиёрат" халқаро форуми 24 апрелга қадар давом этди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

 

Read 706 times

Янгиликлар

Top