Дунё янгиликлари

Давлат маслаҳатчиси Президент табригини ўқиб эшиттирди

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат маслаҳатчиси Рустам Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва бир неча уламолардан иборат делегация “2017 йил – Ислом ҳамжиҳатлиги йили: динлараро ва маданиятлараро мулоқот” номли халқаро анжуманда иштирок этиш учун Боку шаҳрида бўлиб туришибди.


Бугун, 21 декабрь куни ушбу халқаро конференция ўз ишини бошлади. Анжуманни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев очиб берди. Шундан сўнг, бир қатор давлатлар Президентларининг табриклари ўқиб эшиттирилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг табригини давлат маслаҳатчиси Рустам Комилов йиғилганларга етказди.

Эслатиб ўтамиз, Озарбайжонда 2017 йилни “Ислом бирдамлиги йили” деб эълон қилиниши муносабати билан бир қанча мамлакатларда қатор маърифий тадбирлар ўтказилди. Йил давомида амалга оширилган тадбирларнинг якуни сифатида бўлиб ўтаётган ушбу тадбирда 40 дан ортиқ давлатлардан 200 га яқин дин пешволари, уламолар, олимлар, муфтийлар ва соҳа мутахассислари иштирок этишмоқда.


Ушбу халқаро конференциянинг илмий-амалий қисми, бугун, соат 14:00 да бошланади. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистон ва Озарбайжон халқлари ўртасидаги маданий, маърифий ва дўстона алоқалар, Ислом динининг асл қадриятларини асраб-авайлаш, мусулмон давлатлари ўртасида ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик масалаларига бағишланган маърузалари билан чиқиш қиладилар. Анжуман тафсилотларини сайтимизда кузатиб боринг.


ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3980 times

Янгиликлар

Top