Дунё янгиликлари

Дубай анжумани: дунёда 470 миллион инсон арабча сўзлашади

17-21 апрель кунлари Дубай шаҳри ҳокими, Бирлашган Араб Амирликлари Вазирлар кенгаши раиси, БАА амирининг ноиби Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум раҳбарлигида Дубай шаҳрида ўтказилаётган 7-халқаро араб тили анжуманида нутқ сўзлаган Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби доктор Юсуф Усаймин, араб тили жаҳонда тарқалган тиллар орасида 4-ўринни эгаллаши, дунёдаги 66 давлат аҳолиси араб тилида сўзлашиши, уларнинг адади 470 миллиондан ортиқ эканини таъкидлади.  

 Доктор Юсуф Усаймин маърузасида ИҲТга аъзо 57 давлатдан 22 тасининг араб давлатлари экани, мазкур давлатларда араб тили Ислом маданияти тамаддуни пойдевори, шунингдек, араб миллатининг фаровонлик омилларидан бўлиб  эътироф этилишини таъкидлаб, БМТ Бош Ассамблеясининг  1973 йилда ўтказилган 28-давра анжуманида араб тилидан жаҳонда БМТ ва унинг турли жойлардаги бўлинмаларида расмий иш юритилувчи олтинчи расмий тил сифатида фойдаланишга қарор қабул қилинганини қўшимча қилди.

Шунингдек, нотиқ араб тилидан 1969 йилда ташкил этилган Ислом ҳамкорлик ташкилоти фаолиятида расмий тил сифатида фойдаланиб келинаётгани, араб тили БМТнинг Таълим, илм-фан ва маданият масалалари бўйича халқаро ташкилоти – ЮНЕСКО ҳамда Африка Иттифоқи ва улардан ташқари бир қатор халқаро ташкилотларнинг ҳам расмий тилларидан бири саналишини айтиб ўтди.

Дубай шаҳрида ўтказилаётган 7-халқаро араб тили анжумани иштирокчиси, Ислом ҳамкорлик ташкилоти таркибидаги Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро ислом ташкилоти – АЙСЕСКО (ISESCO) бош котиби Доктор Абдулазиз Усмон ат-Тувайжирий  ISESCO га аъзо бўлмаган давлатлар ва дунёдаги мусулмонлар камчиликни ташкил этувчи давлатларда араб тилини ўргатишга ташкилотининг муҳим ҳисса қўшаётганига тўхталди.  Шунингдек, мазкур давлатларда АЙСЕСКО (ISESCO) ташкилоти ташаббускорлигида араб тилини ўргатишга оид кафедралар ва илмий марказлар ташкил этиш, иқтидорли мударрисларни юбориш ва таълим грантлари ажратишга доир ишлар амалга оширилганини айтди. 

 Дубай шаҳри ҳар йили 80та давлатдан 2000га яқин вакиллар иштирокида халқаро араб тили анжуманини ўтказишга мезбонлик қилиб келмоқда. Мазкур анжуманда араб тилидаги 70 дан ортиқ тадқиқот ишлари ва илмий мавзулар муҳокама этилади. 

 

Халқаро алоқалар бўлими ходими

Илёсхон Аҳмедов тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

 

 

Read 2584 times

Янгиликлар

Top