Дунё янгиликлари

Қатар делегацияси билан учрашув: Афғонистон ва мақом фестивали

Кеча, 17 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Қатар давлати Ташқи ишлар вазирлигининг Осиё ишлари бўйича департаменти бошлиғи Холид Иброҳим ал-Ҳамар раҳбарлигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.

Қатарнинг етакчи вазирлик ва идоралари, иқтисодий тузилмалари раҳбарларидан иборат нуфузли делегация 16 июль куни мамлакатимизга келди ва Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг 2018 йил 2-4 июль кунлари Доҳа шаҳрига ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида икки томонлама муносабатларни ривожлантиришнинг кенг кўламли масалаларини муҳокама қилмоқда.

Ташқи ишлар вазирлигида бўлиб ўтган суҳбат чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар, сайёҳлик ва бошқа соҳаларда Ўзбекистон-Қатар кун тартибидаги долзарб масалалар кўриб чиқилди.

Томонлар савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича қўшма ҳукуматлараро комиссияни тузиш ва ишга тушириш, Ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг иккинчи босқичини ўтказишга розиликларини тасдиқладилар.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон раҳбарияти Қатар фуқаролари учун ҳам учинчи давлатга транзит орқали кетаётганда мамлакатимиз ҳудудида 5 кун визасиз бўлиш имкониятининг яратилгани Қатарда мамнуният билан қабул қилинди.

Қатар делегациясига 2018 йил 6-10 сентябрь кунлари Шаҳрисабзда бўлиб ўтадиган биринчи халқаро мақом санъати форумига таклифнома тақдим этилди.

Учрашувда, шунингдек, айрим халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди. 2018 йил 27 март куни Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича халқаро конференциянинг барча иштирокчилари томонидан маъқулланган Тошкент декларацияси қоидаларини амалга оширишда Ўзбекистон-Қатар ҳамкорлигига ижобий баҳо берилди ва бу йўналишда саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга келишиб олинди.

 

ЎМИ Матбуот хизмати

Read 3250 times

Янгиликлар

Top