www.muslimuz

www.muslimuz

 

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Алҳамдулиллаҳи Роббил аъламийн. Вас-солату вас-саламу аъла ашрафил мурсалийн ва аъла алиҳи ва асҳабиҳи ажмаъийн.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу қиш фасли кириб келса: “Марҳабо, хуш келибсан қиш. Бу фаслда барака тушади. Кечалари ибодат учун узун, кундузлари эса рўза учун қисқа бўлади”, деб айтардилар.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш мўминнинг баҳоридир. Кундузи қисқа, унда рўза тутади. Кечаси узоқ, унда қоим бўлади”, деганлар (Имом Байҳақий ривояти).

Мўмин банда қанча кўп яхшилик қилса, тоат-ибодатда бардавом бўлса унинг руҳи шунча куч-қувватга тўлади, дили яшнаб, қалби роҳатланади. Аллоҳ таоло: Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур” (Раъд сураси, 28-оят) деб марҳамат қилган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Билол, намоз билан бизни роҳатлантир” деб айтардилар (Абу Довуд, Имом Аҳмад ривояти).

Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Қиш мўминнинг баҳоридир. Чунки бу ойда мўмин банда тоат боғларида роҳатланади, ибодат майдонларида сайр қилади ва қалби осон қилиб қўйилган амаллар билан ҳаловат топади”.

Қиш – кўпроқ рўза тутиш учун энг қулай фурсат. Чунки бу ойда рўза тутувчи қуёшнинг жазирама иссиғидан қийналмайди, ёз кунларидек чанқамайди. Қолаверса, совуқ ҳаво ташналикнинг олдини олади, кундузи қисқа бўлгани учун бир зумда ифторлик вақти келиб қолади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиш кунидаги рўза қийинчиликсиз топиладиган ғанимат (ўлжа)дир”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Аслида бирор ўлжани қўлга киритиш учун меҳнат қилиш, тер тўкиш талаб этилади. Аммо қишда кўплаб ўлжа (ажр-мукофот)ларни, охиратга захира бўладиган солиҳ амалларни қийинчилик ва машаққатларсиз қўлга киритиш мумкин. Айниқса, қазо рўзаларни тутиб олишга, фарзандларни рўза тутишга ўргатишга, энг муҳими – Аллоҳ таолога яқин банда бўлишга энг қулай фурсатдир.

Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Қиш обиднинг ғаниматидир!” деганлар (Абу Нуъайм. “Ҳилятул авлиё”).

Убайд ибн Умайр раҳимаҳуллоҳ: “Эй Қуръон аҳли! Ибодат қилишингиз учун тун узайди, кундузи эса рўза тутишингиз учун қисқарди. Бу фурсатларни ғанимат билинг!” деб айтардилар.

Қиш – кечалари ибодат билан бедор бўлиш учун ғанимат фурсат. Кечалари узун бўлгани учун кечаси ухлаб туриб, бемалол уйғониб таҳажжуд намозини ўқиш мумкин. Бугунги кунда масжидларда хуфтон намози 18:40да ўқилаётган бўлса, бомдод намози эса 06:40да адо этилмоқда. Демак, хуфтон намозидан сўнг кейинги ибодатгача 12 соат вақт бор.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз тунги намоздир”, деганлар (Имом Муслим ривояти).

Иордания кардиология илмий-тадқиқот маркази тиббиёт олимлари узлуксиз узоқ вақт ухлаш инсон саломатлиги, юрак-қон томирлари учун зарарлигини, хусусан, қон қуюқлашиши, инфаркт, миокард касалликларига олиб келишини аниқладилар. Кардиолог олимлар юрак, юрак-қон томирлари касалликларини олдини олишда кечанинг тонгга яқин қисмида уйғониб, ўқилган намоз энг самарали усул эканини таъкидлайдилар.

Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Фаришталар қиш келганда мўмин банданинг туни узун бўлиб қоим бўлиши ва кундузи қисқа бўлиб рўза тутишидан хурсанд бўлиб шодланишар экан”, деганлар (Абу Хотим. “Зуҳд”. 26/1).

Аллоҳ таоло бу ойдан унумли фойдаланиб, охиратимиз учун кўпроқ захира тўплашимизга тавфиқ ато этсин!

Даврон НУРМУҲАММАД

الثلاثاء, 21 تشرين2/نوفمبر 2023 00:00

Абдуллоҳ ибн Муборак: Илмий муҳит – 1 қисм

Хуросоннинг машҳур шаҳарларидан бири – Марвда Абдуллоҳ ибн Муборак туғилиб ўсдилар. У катта Марв бўлиб, Шоҳижон деб аталган. Қиёсга зид бўлсада, унга марвазий дея нисбат берилган. Аслида марвий бўлиши керак. Арабчада ҳам марв сўзи мавжуд, у олов чиқариладиган оқ тошдир. Марв эса ажамий сўздир. “Мўъжамул булдон” соҳиби Ёқут Марвни зиёрат қилган эканлар ва ҳеч қанақа бундай тошни кўрмаган эканлар.

“Шоҳижон” эса форсий сўз бўлиб, “султон жони” деган маънодадир. Яъни “жон” нафс, руҳ, “шоҳ” султон дегани. Бундай аталишининг боиси, уларнинг наздида султоннинг улуғворлиги сабабидан.

Бу Марв илм ва уламолар шаҳридир. У ерда ҳеч жойда топилмайдиган кутубхоналар, ҳеч қайси шаҳардан чиқмаган буюк алломалар, дин олимлари бор.

Аҳли сунна имоми Имом Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал, муҳаддис, фақиҳ, тақво ва зуҳд соҳиби Суфён ибн Саид Саврий, яна Исҳоқ ибн Роҳавайҳни билишимиз кифоя қилади. Марв шаҳрига ўз замонасининг илм ва фиқҳда яккаю ягонаси бўлган, Шофеъий мазҳабининг асосий устунларидан бири бўлмий Абу Бакр Қаффол, шофеъий фақиҳларидан Исҳоқ Марвазий нисбат берилади.

Абдуллоҳ ибн Муборак яшаган шаҳар – Марв аҳли гўзал сифат ва олий хулқ эгалари бўлишган. У ерда узоқ муддат яшаган аллома Ёқут айтади: “У ерда 3 йил турган бўлсам, бирорта айб кўрмадим. Фақат “ирқи мадиний”[1]ни кўрдим. Агар татар гулидан ҳайратга тушмаганимда, бу шаҳарни аҳлининг меҳмондўстлиги, хушмуомалалиги, гўзал турмуши ҳамда ишончли усул китоблари кўплигидан вафотимга қадар асло тарк этмаган бўлардим. Мен у ерни тарк этганимда вақф учун берилган 10 та жавон бор эди. Улар орасида икки жавон бўлиб, бири “Азизийя” дейилиб, 12 минг ёки шунга яқин мужаллад бор эди. Иккинчиси “Камолийя” бўлиб, фойдаланиш жуда осон эди. 200 мужаллад борлиги учун у ердан кетмасдим. Китобларнинг кўпи гаровсиз шундай бериларди. Нархи 200 динор бўлари. Ўша китоблардан ҳузурланиб, керакли жойларидан иқтибослар олар эдим.

Аҳлим ва фарзандларимдан чалғитган бу шаҳар муҳаббатини бошқа шаҳарлар унуттирди. “Мўъжамул булдан” китобининг кўп жойлари, мен жамлаган нарсаларнинг аксари ўша жавонлардан олингандир. У ердан кетганимда Марвни мадҳ этувчи сўзлар битиб қўйдим”.

Н.Саидакбарова,

Тошкент Ислом институти

“Ҳадис ва Ислом тарихи” кафедраси ўқитувчиси.

 

[1] Мадинайи мунавварага нисбат бериладиган, тери юзасига тошадиган тошма бўлиб, тердан сизиб-сизиб чиқади ва йўқ бўлиб кетади.

الثلاثاء, 21 تشرين2/نوفمبر 2023 00:00

Mufassir, faqih, muhaddis va tush taʼbirini yaxshi biluvchi olim

Hazrati Abu Bakr Siddiq roziyallohu anhuning davri.Sergʻayrat qoʻshin boshi Xolid ibn Valid boshchiligida Kufaning gʼarbiy hududida joylashgan “Aynut tamr” shahrini fath qiladi.Bu fathdan soʼng oʻljalar taqsimlanganda Anas ibn Molik roziyallohu anhuga Siyrin ismli gʻulom tegadi. Anas roziyallohu anhu uni oʻsha zahoti ozod qiladi.

Bundan soʻng Siyrin uylanish uchun Abu Bakr Siddiq roziyallohu anhuning oldiga keladi va uning ozod qilgan choʻrisi Sofiyyaga uylanmoqchiligini aytadi. Sofiyya taqvoli, hayoli qizlardan edi. U Abu Bakr Siddiq roziyallohu anhuning qoʻlida goʻyo omonatdek edi. Siddiq roziyallohu anhu bu taklifdan juda mamnun boʼlib, oʼzlari Sofiyyaga sovchi boʻladilar.

Oradan bir necha yillar oʻtib, Umar roziyallohu anhuning xalifaligining oxirgi yillarida Alloh taolo bu oilaga oʻgʻil farzand ato qiladi. Oʻta taqvoli boʼlib tanilgan ota-ona oʻzlariga berilgan bu neʼmatga shukronalik keltirib, uning ismini Muhammad deb qoʻyadi.

Yoshligidan Muhammad ibn Siyrin ilmga muhabbat qoʻyadi. U Madinada koʻplab sahobalar va tobeinlar bilan suhbat qurib, ulardan ilm oladi. Keyinchlalik Basraga oilasi bilan koʻchib oʻtib, u yerni maskan tutadi. Bu davrda Basra ilm markazi boʼlgan shahar edi. U bu yerda fiqh, hadis, tafsir va shuningdek tush ta’biri ilmlarini chuqur oʻrganadi. Subhdan boshlab quyosh chiqquncha masjidda ilm halqalarida boʼlardi. Kunduzi bozorda tijorat bilan shugʻullanardi. Bozorda ham zikr bilan mashgʻul boʼlib yurardi. Tunda esa tahajjud oʻqib boʻlgach Qurʼon tilovati va zikrlar bilan mashgʻul boʻlardi. Yigʻi ovozlari hattoki yon atrofdagi qoʻshnilarga ham eshitilardi.

Muhammad ibn Siyrin Anas ibn Molik, Abdulloh ibn Umar, Zayd ibn Sobit, Abu Hurayra va boshqa jami 30 ta sahoba bilan koʻrishish baxtiga muyassar boʻlgan. U kishidan esa, Qatoda, Ayyub, Hishom ibn Hasson, Qurra ibn Xolid kabi tobeinlar hadis rivoyat qilishgan.

U haqida zamondoshlari olim, muhaddis, faqih, taqvosi kuchli, tush taʼbirini yaxshi biluvchi deb eslashardi.

Muhammad ibn Siyrin tijorat bilan shugʻullanar edi. Bir safar koʻp miqdorda qarzga yogʻ sotib oladi. Keyin omboriga olib borib, idishni ogʻzini ochib koʻrsa ichidan shishib ketgan o‘lik sichqonni koʻradi. Soʼng yaxshilab oʻylab koʻradi. “Agar buni egasiga qaytarsam, u boshqalarga bildirmasdan sotib yuboradi. Axir bu najas boʻlganku, yaxshisi toʻkib yubora qolay”, deb hammasini toʻkib yuboradi. Bu yogʻ koʻp miqdorda boʻlgani uchun uning qarzini uzolmay qoladi. Natijada esa hibsga olinadi.

Qamoqxona qoʼriqchilaridan biri uni yaxshi kishiligini bilib, yordam bermoqchi boʻladi: “Siz tunda bemalol uyingizga borib, ahlingizni koʻrib keling. Ertalab erta kelsangiz boʼldi. Men hech kimga indamayman”, deydi. Muhammad ibn Siyrin esa “Sultonga xiyonat qilib, menga yordam bermoqchimisiz? Men bunga rozi emasman”, deb javob beradi. U hibsdaligida Anas ibn Molik roziyallohu anhu vafot etadi. U kishi vafotidan oldin “Vafotimdan soʻng meni Muhammad ibn Siyrin gʻusl qildirib, janozamni oʻqisin” deb vasiyat qilgan boʻladi.

U kishining vasiyatini bajarish uchun Muhammad hibsdan chiqariladi. Vasiyatga binoan dafn qilib boʻlgach yana qamoqxonaga qaytadi.

Muhammad ibn Siyrin Basriy Hasan Basriy vafotlaridan 100 kundan keyin 78 yoshida vafot etadi. Vafotidan avval oilasiga “Allohga taqvo qilish, haq yoʻlda boʼlish”ni qayta-qayta vasiyat qiladi.

Obidlardan biri qoʻshnisi vafotidan soʻng uni tushida koʻradi.

- Men: “Robbing senga nima qildi?” dedim.

- U: “Meni jannat bilan siyladi, keyin as’habul yaminlar darajasiga koʻtardi. Undan keyin esa muqarrablar darajasiga koʻtardi” deb javob berdim.

- Men: “U yerda kimni koʻrding?” deb soʻradim.

- U: “Hasan Basriy va Muhammad ibn Siyrinni koʻrdim”, dedi.

 

Najmitdinova Bibi Aisha,

Toshkent islom instituti 1-kurs talabasi.

 

Савол: Сийрат танловига материал топширишнинг энг охирги куни қачонгача?

Жавоб: Танлов учун материаллар 2023 йилнинг 30 сентябрь куни соат 24:00 га қадар қабул қилинади.

 

Савол:Ушбу танловда хотин-қизлар ҳам иштирок этса бўладими?

Жавоб: Албатта, ушбу танловда 18 ёшдан катта аёл-қизлар иштирок этишлари мумкин.

 

Савол: Танловга мақолаларни телеграмдаги бот орқали юбориш мумкинми?

Жавоб: Йўқ, материллар бот орқали қабул қилинмайди. Танлов учун материаллар Ф.И.Ш, манзили, телефон рақамларини тўлиқ кўрсатган ҳолда ушбу линкдаги google формага (https://forms.gle/v9GzKuNK5zhpvL679) ёки Ўзбекистон мусулмонлари идорасига намунадаги аризани (https://docs.google.com/document/d/13VIuRuKQZfZTn8sLWfFg_U_oy_cmQrH4/edit?usp=sharing&ouid=102940526358584270487&rtpof=true&sd=true) тўлдириш орқали жўнатилади.

 

Савол: Танловда қайси китоблардан савол-жавоб бўлади?

Жавоб: Танловда савол-жавоб ўтказилмайди. Танловда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сийратларига оид ёзилган китоблар, рисолалар, таржималар, мақолалар, қасидалар, ҳикоялар, мобиль иловалар, электрон дастурлар, қисқа метражли фильмлар, аудио материаллар, инфографикалар билан иштирок этиш мумкин.

 

 

Савол: Танловда кимлар иштирок этиши мумкин?

Жавоб: Танловда 18 ёшдан катта сийратга муҳаббатли барча салоҳиятли эркак ва аёллар иштирок этишлари мумкин.

 

Савол: Танловнинг учта йўналишида ҳам иштирок этсам бўладими?

Жавоб: Танловда иштирокчилар фақатгина битта йўналишда иштирок этиш ҳуқуқига эга.

 

Савол: Ҳозирда Россияда истиқомат қилмоқдаман. Мен ҳам ушбу танловда қатнашсам бўладими?

Жавоб: Албатта қатнашсангиз бўлади. Танловда ҳар бир Ўзбекистон фуқароси иштирок этиши мумкин.

 

Савол: Танловга тақдим этилган мақола бирор журнал ёки газетада нашр этилган бўлиши керакми?

Жавоб: Йўқ, мақолалар ОАВда эълон қилинмаган бўлиши керак.

 

Савол: Танловнинг бош мукофоти – ҳаж йўлланмаси неча кишига берилади?

Жавоб: Бир нафар иштирокчига бош мукофот – ҳаж зиёрати йўлланмаси тақдим этилади. Шунингдек, танловнинг 3 та йўналишининг ҳар бири орасидан 1, 2, 3-ўринлар учун ғолиблар аниқланади.

 

Савол: Мақоланинг электрон вариантини юборсам бўладими?

Жавоб: Мақолани электрон шаклда ҳам, қоғозга чиқариб ҳам юборсангиз бўлади.

 

Савол: Танловда агар икки ёки ундан ортиқ иштирокчилар бир хил балл тўпласа ғолиб қандай аниқланади?

Жавоб: Бундай ҳолатда баҳолаш мезонларининг долзарблиги ва аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда Ҳакамлар ҳайъати қарори асосида ғолиб аниқланади.

 

Савол: Танловга қайта нашр этилган китоб топширсам бўладими?

Жавоб: Китоблар, асарлар, таржималар охирги икки йилда нашр қилинган ва илк нашр бўлиши лозим. Қайта ёки тўлдирилган нашрлар қабул этилмайди.

 

Танлов ҳақида батафсил маълумотлар қуйидаги линкларда:

  1. https://t.me/muslimuzportal/34853
  2. https://t.me/muslimuzportal/34971

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

Muslim.uz

 

 

Бу йил Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топган Робиул аввал ойи ҳар йилгидан ўзгача шукуҳ ва тароватда ўтмоқда. Буни Диний идора биносида ёққол сезиш мумкин. Киравериш ва йўлаклар муборак ой фазилатини акс эттирувчи лавҳа ва сийратга оид ояти карима, ҳадиси шариф, шиор ва саловатлар билан безатилган. Идорага ташриф буюрувчи ҳар бир кишига мавлид ҳадялари улашилмоқда. Бундай тараддудни диёримиздаги барча жоме масжид ва диний таълим муассасаларида кўриш мумкин.

Шунингдек, масжидларимизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гўзал одоб-ахлоқларига оид мавъизалар қилиниб, хушовоз қорилар Набий алайҳиссалом тўғрисида битилган Имом Барзанжийнинг “Мавлиди шарифи”ни ўқишмоқда.

Олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларида эса сийратга оид давра суҳбатлари ва мусобақалар ташкил этилмоқда. Мазкур мусобақаларнинг якуний босқичи Диний идорада ўтказилиши режалаштирилган.

“Маданият ва маърифат” телеканалидаги “Маърифий суҳбатлар” кўрсатувида сийратга оид сонлари тайёрланиб, эфирга узатилаётани ҳам халқимиз учун манфаатли бўлаётир.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси muslim.uz порталидаги Расул алайҳиссалом сийратларига бағишланган туркум мақолалар, уламолар иштирокида сийрат суҳбатлар ҳам омма эътиборини жалб қилмоқда.

“Вақф” фонди эса ҳомийлар билан бирга кам таъминланган оилалар, ёлғиз қариялар ва меҳрибонлик уйларига “Мавлид ҳадялари” улашилмоқда. Бундай хайрли ва савобли тадбирлар ой охиригача давом этади, инша Аллоҳ.

Бу саъй-ҳаракатларнинг яна бир хайрлиси Робиул аввал ойи муносабати билан “Оламларга раҳмат пайғамбар” номли сийрат танловининг эълон қилиганидир. Мукофоти ҳаж йўлланмаси бўлган мазкур танловга топширган талабгорлар сони кундан кун ортиб, ижодий ишлар кун сайин зиёда бўлмоқда.

Аллоҳ таоло мўмин-мусулмонларга Мавлид ойини муборак айласин, фазилатли ой файзу баракасидан баҳра олишни барчага насиб этсин!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

الصفحة 6 من 645

Янгиликлар

Top