muslim.uz

muslim.uz

الإثنين, 19 تشرين1/أكتوير 2015 00:00

Оятни унутиб қўйса нима дейиш керак?

“Фалон оятни эсдан чиқардим”, деб айтиш макруҳдир. Балки, “Унуттирилдим” ёки “Мендан тушуриб қолдирилди” деб айтсин. Икки саҳиҳ тўпламда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

 

وثبت في الصحيحين:قال رسول الله صلي الله عليه و سلم: لا يَقُولُ أحَدُكُمْ نَسِيتُ آيَةَ كَذَا وَكَذَا، بَلْ هُو شَيْءٌ نُسِّيَ

 Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Сизларнинг бирортангиз: “Фалон, фалон оятни эсдан чиқардим”, деб айтмасин. Балки, у (Аллоҳ томонидан) эсдан чиқартирилган нарсадир”.  Икки саҳиҳдаги бир ривоятда эса қуйидагича келган: “Сизларнинг бирингиз: “Фалон, фалон оятни эсдан чиқардим”,  деб айтишлиги қандай ҳам ёмон. Балки, у (Аллоҳ томонидан) эсдан чиқартирилгандир”.

 وثبت في الصحيحين عَن عَائِشَةَ سَمِعَ النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْه وَ سَلَّمرَجُلًا يَقْرَأ آيَةً فَقَالَ رَحِمَهُ اللَّهُ لَقَدْ ذَكَّرَنِي آيَةً كُنْتُ أسْقَطتُّهَا وفيرو اية في الصحيح كنت أُنْسِيتُهَا

 Ундан ташқари икки саҳиҳ тўпламда Оиша розияллоҳу анҳодан қуйидаги ривоят келган: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламбир оятни қироат қилаётган бир кишини тингладилар ва: «Аллоҳ уни раҳматига олсин, (унутиб) тушуриб қўйган оятимни эсимга солди», дедилар. «Саҳиҳ»даги бир ривоятда эса: «менга унуттирилган», дейилган.

Демак, “Фалон оятни тушириб қўйдим” деб айтиш жоиз, макруҳ эмас.

 Бу гўзал одоб намунасидир.

 

 

 

Ислом ақидаси кўрсатмаси билан Қуръони карим ҳақида тортишилмайди.  Гувоҳлик берамизки, албатта Қуръони карим оламлар роббисининг сўзидир. Уни руҳил амин орқали нозил қилди. Уни пайғамбарларнинг саййиди Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга билдирди. У Аллоҳ таолонинг сўзидир. Махлуқлар сўзларидан бирор сўз унга баробар келмайди. Ва уни яратилган деб айтмаймиз. Ва мусулмонлар жамоати Қуръони карим ҳақида талашиб- тортишмаймиз. Ноҳақликка мойил бўлган аҳллар Қуръони карим ҳақида тортишганидек тортишмаймиз. Улар ботиллик билан ҳақни кеткизмоқлик учун, ўчирмоқликлари учун талашиб тортишдилар. Балки биз айтамизки, албатта Қуръони карим Аллоҳнинг каломидир. Яна биз пайғамбаримиздан  мутовотир бўлиб келаётган қироатларда ҳам талашиб - тортишмаймиз. Балки Қуръони каримни қандай нозил қилинган бўлса, ана шу ҳолатида қироат қиламиз. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики,  у киши: “Бир киши бир оятни қироат қилганини эшитдим, лекин ўша оятни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам тескарисини ўқиганликларини кўрдим. Ана шу икки важҳни олдим ва Расулуллоҳнинг олдиларига бордим, у киши учун мана шу ҳолатни зикр қилганимда ул Зот айтдилар: “Бу икки ҳолат ҳам тўғри. Сизлардан олдинги умматлар Аллоҳнинг оятлари ҳақида талашиб-тортишиб ҳалок бўлдилар””. (Имом Муслим ривояти).

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ихтилофлардан қайтардилар, бу шундай ихтилофдирки, унда ҳар бир ихтилоф қилувчи киши ўз соҳибидаги ҳақиқатни инкор қилади. Чунки икки қорининг ҳар бирининг ўқиган нарсаси тўғри эди. Шунинг учун Ҳузайфа розияллоҳу анҳу Усмон розияллоҳу анҳуга айтдилар: “Бу умматни маҳкам ушлангки, улар худди ўзларидан олдинги умматлар ихтилоф қилганига ва  талашиб- тортишганлигига ўхшаб ҳар тарафга тарқаб кетмасинлар”.

 “Қуръон” калимаси ҳақида ихтилофлар бўлган,  ниҳоят “Қуръон” аслида жам маъносидадир, шу билан бирга тўпланиб ўқиладиган  китоби илоҳий ҳам дейилади. Бутун аҳли калом  иттифоқан дедиларки,  Жаноби  Ҳақ Калом сифати билан сифатланиши, Аллоҳ таолонинг каломи, деб номланади. Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан нақл этган бир ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деб марҳамат қилганлар: “Қуръони карим тўғрисида талашиб-тортишмоқ, шубҳа, жанжал, низо ва душманлик қилмоқ куфрдир”. Қурьони карим Аллоҳ таолонинг каломи, унга бирор нарса тенг келмайди. Унинг ҳузуридан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий орқали сўзма-сўз нозил қилинган. Буни барча мўминлар ҳақ деб ишонмоқлари шартдир. Аллоҳнинг каломи инсон каломидек эмас. Кимики, уни эшитганда инсон сўзи деб эътиқод қилса, диндан чиқиб кофир бўлади. Бу ҳақда Аллоҳнинг ”Қурьони каримда хабар бериб: “Ундай шахсни Сақар дўзахига солурман”- деган. Демак, “Қурьон – бу инсоннинг сўзи эмас, балки инсонни ҳам яратган Холиқнинг каломи экан.

 Бу ҳақда буюк имомимиз Абу Ҳанифа роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “ал-Фиқҳул  акбар” китобида шундай дейдилар: “Қурьони карим Аллоҳ таолонинг каломидир. Саҳифаларда ёзилингандир ва қалбларда ёдлангандир ва тилларда ўқилингандир ва пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий орқали нозил қилингандир. Қурьон инсонлар сўзига ўхшаш махлуқ эмас. Кимики Қурьонни каримни эшитса ва инсонларнинг сўзи деб қасд қилса ҳақиқатда ана шундай киши диндан чиқади. Қурьон билан бизни гапиришлигимиз ва Қурьонни каримни китобат қилишлигимиз ва Қурьонни қироат қилишлигимиз махлуқдир, лекин Қурьони каримни ўзи махлуқ эмасдир”.

 “Қурьон илми уч қисмдир: ҳалолни билдирадики, унга тобеъ бўл ; ҳаромни билдирадики, ундан ижтиноб эт (сақлан);  бир-бирига ўхшаш оятларни, уни ўз олимига ҳавола қил”!

 Аллоҳ таоло барчамизни Қуръон ҳидоятида бўлишимизни ва Ўзининг бубк каломи шафоатидан насиб этсин!

 Жалолиддин Ҳамроқулов

 

Ким тунда бедор бўлувчи мухлис банда бўла олса,  Яратганнинг улуғ марҳаматига ноил бўлади. Қуйида тунда бедор бўлувчиларга етадиган фазилатларни санаб ўтамиз.

            1. Гунохларга каффорот бўлиш. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга шундай деганлар: “Сени яхшилик эшикларига далолат қилмайми?  Рўза сақловчидир, садақа худди сув оловни ўчирганидек хатоларни ўчирувчидир ва кишининг тунги намози ҳам деб, қуйидаги оятни тиловат қилдилар:

Уларнинг ёнбошлари (ибодат қилиш учун) ўриндиқлардан ажраб турар (оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан эҳсон қилурлар.

Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот учун яшириб қўйилган кўзлар қувончини (охират неъматларини) ҳеч ким билмас. (Сажда сураси, 16-17 оятлар).(Термизий ривояти).

Аллоҳнинг кечаси қоим бўлувчи бандасига яқин бўлиши. Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай деганларини эшитганини ривоят қилади: “Роббнинг бандага энг яқин бўладиган вақти туннинг охирги қисмида. Агар сен ўша вақтда Аллоҳ уларни зикр қиладиган бандалардан бўлишга қодир бўлсанг, шу ишни қилгин”,-деганлар. (Термизий ривояти).

2.                Қалбдан ғафлатни кетказиш. Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Кимки тунда ўн оят ила бедор бўлса, ғофиллар деб ёзилмайди. Кимки юз оят ила бедор бўлса, итоатлилардан деб ёзиб қўйилади. Кимки минг оят ила тунда бедор бўлса муқонтиринлардан (жуда кўп амал қилувчи) деб ёзиб қўйилади”.(Абу Довуд ривояти).

3.           Жаннат ҳовлиларида яшаш учун меросхўр бўлиш. Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда шундай бир уйлар бўлиб, уни усти ичидан, ичи устидан кўриниб туради”, дедилар. Шунда бир аъробий: “Я Расулуллоҳ, у ким учун?” деди. У зот: “Ширин сўз сўзлаган, таом едирган, рўзани давомий тутган ва инсонлар ухлаётган вақтда Аллоҳ учун кечаси намоз ўқиган инсон учун”, дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).

4.           Аллоҳнинг муҳаббатига эришиш. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч инсонни Аллоҳ яхши кўради, уларга табассум қилади ва уларга хуш хабар беради”, дедилар ва улар орасида шуни ҳам зикр қилдилар: “Гўзал аёли ва юмшоқ ўрни бўла туриб кечаси қоим бўлган киши ва (Аллоҳ) айтади у шаҳватини ва уйқусини тарк қилиб, Мени зикр қилди”.(Табароний ривояти).

5.           Тунни ибодат ила бедор ўтказиш фаришталарга фахрланишга сабабдир. Ибн Масуъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Роббимиз таборака ва таоло икки кишидан ажабланди: суюкли аҳли ва кўрпа-тўшаги орасидан намоз учун қўзғаладиган,  шунда Аллоҳ ўз фаришталарига: “Эй фаришталарим, суюкли аҳли ва кўрпа-тўшаги орасидан намозга рағбат қилиб, ҳузуримдаги шафқат учун қўзғалган мана бу бандамга назар солинглар” деб айтади”... (Абу Яло ривояти).

6.           Дуонинг ижобат бўлиши. Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким тунда бедор бўлиб, “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува аъла кулли шайин қодир, алҳамду лиллаҳ ва субҳаналлоҳ ва ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар ва ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ” деб, сўнг “Аллоҳим мени кечир” деса ёки дуо қилса ижобат қилинур, агар таҳорат қилса намози қабул қилинур”, дедилар. (Бухорий ривояти).

7.           Кечаси қоим булувчининг ажри ниятига кўра бўлиши. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки ётоғига тунда туриб, намоз ўқишни ният қилиб ётса-ю, унга икки кўзи (уйқу) ғолиб келса ва тонгача ухлаб қолса, унга ният қилган нарсаси ёзилади ва унинг уйқуси эса унга Роббисидан туҳфа бўлади”, дедилар. (Насоий ривояти).

8.           Тунни бедор ўтказиш солиҳ бандаларнинг йўли. Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ сллаллоҳу алайҳи васаллам: “Тунда қоим бўлинглар! Чунки у сизлардан аввалги солиҳлар одати, Роббингизга яқин қилувчи  ёмонликларга каффорот бўлувчи, гуноҳдан тўсувчидир”, дедилар. (Термизий ривояти).

9.           Қалбда Қуронни мустаҳкам бўлиши. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар соҳиби Қуръон Қуръонни тун-у кун ўқиса, эсда қолади, ундай қилмаса унутиб қўяди”, дедилар. (Муслим ривояти).

10.      Жаннатга эришиш ва Раҳмоннинг розилигини топиш. Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй инсонлар, саломни тарқатинглар, таом беринглар, инсонлар ухлайдиган вақтда намоз ўқинглар шунда жаннатга саломат кирасизлар”, дедилар. (Ибн Можа ривояти).

Тунда енгил туришга бир неча сабаблар

Абу Ҳомид Ғаззолий уни бир неча ташқи ва ички кўринишлари бор деганлар:

Ташқи:

1.           Емоқни камайтириш. Чунки у сабабли ичимлик кўп ичилади ва уйқу ғолиб келади, натижада туриш қийин бўлади.

2.           Кундузи фойдасиз нарсалар ила ўзини чарчатмаслик.

3.           Кундузи қайлула уйқусини тарк қилмаслик.

4.           Гунохлардан ўзини сақлаш. Чунки у сабабли туннинг фазилатидан маҳрум бўлиб қолади.

Ички:

1.           Мусулмонларга нисбатан гина-адоватдан қалбни тозалаш, бидаътлардан ва ортиқча дунёга шўнғишдан сақланиш.

2.           Орзуларга берилаишда Аллоҳдан қўрқиш.

3.           Тунни фазилатини билиш.

4.           Аллоҳга муҳаббат қилиш ва иймоннинг қувватини зиёда қилиш. Чунки у тунда фақатгина Роббисига муножот қилади холос.

Аллоҳ таолодан барчамизни Ўзини яхши кўрган бандалари қаторига қўшишини сўраб қоламиз.

 

 

Жалолиддин Ҳамроқулов

الجمعة, 08 تموز/يوليو 2016 00:00

Тунни бедор ўтказиш фазилати

 Намозни мўминлар учун роҳат, хавф қилувчилар учун қўрқинч, Ўзини соғинувчилар учун нур қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин.

Тунни намоз ўқиб бедор ўтказувчи инсонларнинг имоми, рукуъ-сажда қилувчиларнинг саййиди Муҳаммад мустафога солот-у саломлар бўлсин.

Билингки, тунни бедор ўтказиш солиҳ инсонларнинг одати, мўминларнинг фойдали тижорати, нажотга топмоқчи бўлганларнинг амалидир. Мўминлар тунда Роббилари билан ёлғиз қоладилар, улар ўзларини йўқдан бор қилиб яратган Холиқларига юзланадилар, барча аҳволларини У зотга шикоят қиладилар, Унинг фазли ила ундан барча ҳожатларини сўрайдилар. Шу сабабли уларнинг қалблари Холиқлари хузурида қоим, уларни йўқдан бор қилган зотга илтижо ила машғул бўлади. Ана шу тортиқлардан нафас олади, яқинлик нурларини эгаллайди ва улуғ совға-саломларга интилади ва тазарруъ қилади.

Аллоҳ азза ва жалла тунни ибодат ила бедор ўтказувчилар ҳақида қуйидаги оятда марҳамат қилади:

 كَانُوا قَلِيلًا مِنَ اللَّيْلِ مَا يَهْجَعُونَ وَبِالْأَسْحَارِ هُمْ يَسْتَغْفِرُونَ  

 (Улар) туннинг озгина (қисмидагина) ухлар эдилар. Саҳарларда улар (Аллоҳдан) мағфират сўрар эдилар”. (Зарият сураси 17-18 оятлар)

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “Улар тунни машаққат ила ўтказадилар, намозни тонг-саҳаргача чўзадилар, сўнг дуо, тоат ва тавбага шўнғийдилар.

Аллоҳ Роббул Оламин айтади:

 أَمْ مَنْ هُوَ قَانِتٌ آَنَاءَ اللَّيْلِ سَاجِدًا وَقَائِمًا يَحْذَرُ الْآَخِرَةَ وَيَرْجُو رَحْمَةَ رَبِّهِ قُلْ هَلْ يَسْتَوِي الَّذِينَ يَعْلَمُونَ وَالَّذِينَ لَا يَعْلَمُونَ إِنَّمَا يَتَذَكَّرُ أُولُو الْأَلْبَابِ

“Ёки кечалари сажда қилган ва тик турган ҳолда ибодат қилувчи, охиратдан қўрқадиган ва Парвадигорининг раҳматидан умид қиладиган киши (билан бошқалар баробарми?!) Айтинг: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!” Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар”. (Зумар 9-оят)

Ва яна бошқа ояти каримада шундай дейди:

إِنَّ نَاشِئَةَ اللَّيْلِ هِيَ أَشَدُّ وَطْئًا وَأَقْوَمُ قِيلًا

“Албатта, кечаси (ибодат учун бедор бўлиб) туриш кўпроқ мувофиқ келувчироқ, (лекин) сўз (сўзлаш, қироат қилиш) жиҳатидан қулайроқдир”. (Муззаммил сураси, 6-оят)

Имом Табарий айтади: “Кечаси қилинган ибодат кўпроқ мувофиқ келади дегани қалб ва тил мувофиқ келишидир”.

Ушбу оят ва ҳадислардан маълум бўладики, Аллоҳга иймон келтирган инсон ҳаётида тунни ибодат билан бедор ўтказиши жуда ҳам муҳим ўринга эга экан.

Шу сабаб бўлса керак, сарвари олам Муҳаммад алайҳиссалом тунни ибодат билан бедор ўтказишга одатланиб, сўнгра уни тарк қилган инсоннинг ҳолатидан хавфсираганлар.

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу: “Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абдуллоҳ, тунни ибодат билан бедор ўтказишга одатланиб, сўнгра тарк қилган фалончидек бўлмагин деганлар”, дедилар. (Бухорий ривояти)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳақларида: “Абдуллоҳ кечаси намоз ўқиганда қандай ҳам яхши инсон бўлар эди”, деганлар. (Муттафақун алайҳ).  У зотнинг ўғиллари Солим оталари Абдуллоҳ Расулуллоҳнинг ана шу сўзларидан сўнг тунда бирозгина ухлашликларини ривоят қилган.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Менинг ҳузуримга Жаброил алайҳиссалом келиб: “Эй Муҳаммад, хоҳлаганингиздек ҳаёт кечиринг, сўнг албатта вафот этасиз, хоҳлаган кишингизни яхши кўринг, сўнг албатта ундан ажраласиз, хоҳлаган амалингизни қилинг, сўнг албатта у билан жазоланасиз. Билингки, мўминнинг шарафи тунни бедор ўтказиши ва унинг азизлиги инсонлардан тамаъ қилмаслигидир”. (Ҳоким ривояти).

Бошқа бир ҳадисда: “Фарз намоздан кейинги энг афзал намоз бу тунги намоздир”, деганлар. (Муслим ривояти)

Аллоҳ ўз пайғамбарига буюрган:

 

يَا أَيُّهَا الْمُزَّمِّلُ قُمِ اللَّيْلَ إِلَّا قَلِيلًا نِصْفَهُ أَوِ انْقُصْ مِنْهُ قَلِيلًا أَوْ زِدْ عَلَيْهِ وَرَتِّلِ الْقُرْآَنَ تَرْتِيلًا

Эй, (кийимларига) ўралиб олган киши (Муҳаммад!) Тунда (бедор бўлиб, намозга) туринг! Фақат озгина (ухлашга вақт қолсин!) Яъни ярми (қолсин) ёки ярмидан ҳам бироз камайтиринг! Ёхуд унга (бироз вақт) қўшинг (ярмидан кўпроғида ухланг) ва Қуръонни «тартил» билан (дона-дона қилиб) тиловат қилинг! (Муззаммил сураси, 1-4 оятлар).

 

 Ва яна  қуйидаги оятда шундай марҳамат қилади:

وَمِنَ اللَّيْلِ فَتَهَجَّدْ بِهِ نَافِلَةً لَكَ عَسَى أَنْ يَبْعَثَكَ رَبُّكَ مَقَامًا مَحْمُودًا

Тунда (ярим кечада) уйғониб ўзингиз учун таҳажжуд (нафл) намозини ўқинг! Шоядки, Раббингиз Сизни (Қиёмат кунида) мақтовли (шафоат қиладиган) мақомда тирилтирса. (Исро сураси, 79-оят).

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оёқлари шишиб кетгунича тунда ибодат қилардилар. Мен У зотга: “Ё Расулаллоҳ! Нега бундай қиляпсиз? Аллоҳ сизни аввалги-ю охирги гуноҳларингизни кечирган-ку?, десам У зот: “Шукр қилувчи банда бўлмайми”, дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).

Инсонлар тунни бедор ўтказишда етти табақага бўлинадилар.

Биринчи: Кечани ҳаммасини бедор ўтказишади ва хуфтон намозининг таҳорати билан бомдод намозини ўқийдилар.

Иккинчи: Тунни ярмини бедор ўтказишади.

Учинчи: Тунни учдан бирини бедор ўтказишади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: Аллоҳга энг суюкли намоз Довуднинг намозидир, у тунни ярмини ухларди, учдан бирида намоз ўқирди ва олтидан бирида ухларди.(Бухорий ва Муслим ривояти).

Тўртинчи: Кечанинг олтидан бири ёки бешдан бирида бедор бўлишади.

Бешинчи: Бирор ўлчам қўймасдилар. Улар уйқу ғалаба қилгунича бедор бўладилар, агар уйғониб қолсалар, давом эттирадилар.

Олтинчи: Тунда тўрт ёки икки ракат намоз ўқийдилар.

Еттинчи: Шом ва хуфтон орасини бедор ўтказадилар, саҳар чоғида қовоқлари уйқу сабаб юмиларди. Шу билан куннинг икки томонини жамлайдилар.

Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзига шукр қилувчи бандаларидан бўлишлигимизни насиб этсин.

Жалолиддин

1. «Умматимнинг энг шарафлиси ҳомилул қуръон ва кечаси қоим бўлувчиларидир».[1]

2. «Қуръон бойликдир, ундан сўнг фақирлик йўқ, ундан бошқа бойлик ҳам йўқ».[2]

3. «Қуръон қиёмат куни ўз соҳибини шафоат қилади...»[3]

4. «Қуръон қиёмат куни қабр ёрилганда ўз соҳибига юзи оппоқ киши каби йўлиқиб: «Мени танидингми?» дейди. У: «Йўқ», деб жавоб беради. Қуръон: «Мен кундузлари чанқатган, тунларингни бедор қилган ҳамроҳинг Қуръонман. Ҳар бир тижоратчи ўз тижорати ортидадир. Мен эса бугун сенинг ортингдаман», дейди. Сўнг унга мулк ўнг томонидан, абадийлик чап томонидан берилиб, бошига виқор тожи кийдирилади ва ота-онасига бу дунёнинг бутун қиймати ҳам унга тенг келмайдиган кийим кийдирилади. Улар «Буни нима сабабдан кийдик?» деб ҳайрон бўлганларида, уларга: «Фарзандингиз Қуръонни қўлга киритгани учун», дейилади. Сўнг унга: «Ўқи ва жаннат даражалари ва боғларида кўтарил», дейилади.  У тез ўқийдими, секин ўқийдими, модомики ўқир экан, кўтарилиб бораверади»[4].

5. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Инсонлар ичида Аллоҳнинг хос бандалари бор», дедилар. «Улар кимлар?» деб сўрадилар. У зот: «Қуръон аҳли Аллоҳнинг аҳли ва хос бандаларидир», деб жавоб бердилар».[5] Мунавий: «Қуръон аҳли» Қуръонни тадаббур қилиб, унга амал қилишни лозим тутганлардир», деган.

6. «Мусулмон қарияни, маъсият билан ҳаддидан ошмаган ҳомилул қуръон(қори)ни ва одил султонни ҳурмат қилиш Аллоҳни улуғлашдандир».[6] Фойда: «Ҳаддидан ошмаган», яъни тажвид ва ҳарфларни адо қилишдан ёки айрим бидъатчилар каби маъносини ботил таъвил қилишдан, тиловатдан ва қироатини пухта қилиб, маъноларини тушунган ҳолда унга амал қилишдан юз ўгирмаган.

7. «Исо ибн Марям алайҳиссаломнинг олдиларидан бир аёл ўтаётиб: «Сенга ҳомиладор бўлган қорин ва сени эмизган кўкрак нақадар яхши!» деди. Шунда Исо алайҳиссалом: «Йўқ, балки ким Қуръон ўқиб, унга амал қилса, нақадар яхши!» дедилар»[7].

8. «Осмон эшиклари беш нарса учун очилади: Қуръон қироати, ҳужум қилганларга қарши туриш, ёмғир ёғиши, мазлумнинг дуоси ва азон учун.

9. Беш нарса ибодатдандир: Мусҳафга назар солиш, Каъбага назар солиш, ота-онага назар солиш, замзамга назар солиш – булар хатоларни ўчиради – ва олимнинг юзига назар солиш»[8].

10. «Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганиб, уни ўргатганларингиздир»[9]. Танбеҳ: Агар «Бу ривоятларга кўра муқрий (Қуръон ўргатувчи) оламнинг фозили бўлмиш фақиҳдан афзал экан-да», дейилса, биз айтамизки: «Йўқ, чунки бу ердаги мухотоб (тингловчилар) фақиҳ бўлганлар. Уларнинг тили бўлгани учун Қуръоннинг маъноларини шундоқ ҳам тушунганлар. Фиқҳ уларнинг қон-қонларига сингиб кетган. Ким ўшалардек бўлса, уларнинг жумласига киради. Аммо фақат қори ёки Қуръон ўқитувчи бўлиб, ўқиётган нарсасининг маъносидан ҳеч нарсани тушунмаса, бундан эмас.

11. Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули, менга насиҳат қилинг», дедим. У зот: «Тақво қилгин. Чунки у барча ишларнинг бошидир», дедилар. Мен: «Яна қўшимча қилинг», дедим. У зот: «Қуръон тиловатини лозим тут. Чунки у ерда нур, осмонда сен учун захирадир», дедилар»[10].

12. «Ким Аллоҳ ва Расули уни яхши кўришини хоҳласа, қарасин, агар Қуръонни яхши кўрса, демак, Аллоҳ ва Расули уни яхши кўради»[11].

13. «Ким фарзандига Қуръонни қараб ўқишни ўргатса, аввалу охир қилган гуноҳлари кечирилади. Ким унга ёдлатса, қиёмат куни Аллоҳ таоло уни тўлин ой суратида юборади ва фарзандига «Ўқи», дейди. Ҳар бир оятни ўқиган сайин, то ёдлаган жойининг охирига етгунича Аллоҳ азза ва жалла отасининг даражасини кўтараверади»[12].

14. «Қуръонни ёдлаб, ҳалолни ҳалол, ҳаромни ҳаром деб билса, Аллоҳ уни жаннатга киритади ва оиласидан дўзахга ҳукм қилинган ўнтасини шафоат қилишига имкон беради»[13].

15. «Ким Қуръон ўқиса, у ўз ичида нубувватни ҳосил қилган бўлади (яъни нубувват хислати ва илмини қамраб олган бўлади), фақат унга ваҳий қилинмаган, холос. Қуръон соҳиби ичида Аллоҳнинг каломи бўла туриб, ўзига ўхшаган (соҳиби Қуръон) билан урушмаслиги ва жоҳил билан жоҳиллик қилмаслиги лозим. Балки у гўзал ва комил бўлиб юриши лозим. Чунки унинг ичида ва қалбида Аллоҳ таолонинг каломи бор»[14].

16. «Эй Али, Қуръонни ўрганиб, уни ўргатгин. Шунда вафот қилсанг, худди инсонлар Аллоҳнинг Байтини тавоф қилганлари каби фаришталар қабринг атрофини тавоф қиладилар»[15].

17. «Соҳиби Қуръонга «Ўқи ва кўтарил, дунёда ўқиганинг каби ўқи! Сенинг манзилинг охирги ўқиган оятинг бўлган жойдир» дейилади»[16]. Танбеҳ: Ҳофиз Ибн Ҳажар: «Бу хабар Қуръонни ёдлаган қориларга хос, мусҳафдан ўқийдиганлар учун эмас. Шунинг учун уларнинг жаннатдаги даражалари ёдлаганларининг турлича бўлиши билан фарқ қилади», деганлар.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Жаннат даражаларининг сони Қуръони Карим оятларининг ададичадир»[17]. Ким тўла ёдласа, жаннатнинг энг баланд даражасига эга бўлади. Ким бир бўлагини ёдласа, даражаси шунга яраша бўлади, шу шарт биланки, ўқиган нарсасига амал қилувчи ва тадаббур қилувчи бўлсин.

Суютий айтадилар: «Қуръони Каримнинг жаннатда ўқилиши Қуръони Каримнинг хусусиятларидандир. Зеро, бошқа китоблар хусусида бунга ўхшаш ривоятлар ворид бўлмаган». Бу даражалар Қуръонга амал қилган қорилар учундир. Чунки у кунда ҳеч ким бир оят ҳам тиловат қилишга қодир бўлмайди, амал қилган бўлса, мустасно[18].

Жалолиддин Ҳамроқулов

 



[1] Тобароний ва Байҳақийлар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

[2] Абу Яъло ва Тобароний Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

[3] Ибн Абу Шайба Мужоҳиддан ривоят қилади.

[4] Аҳмад «Муснад»ларида Бурайдадан ривоят қилган.

[5] Насаъий, Ибн Можа ва Ҳоким Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар.

[6] Абу Довуд Абу Мусо Ашъарийдан ривоят қилган.

[7] Ферузободий «Басоиру завит тамйиз» китобида Аъмашдан, у Хайсамадан ривоят қилган.

[8] Дорақутний Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[9] Бухорийнинг «Қуръон фазилатлари» китобидан.

[10] Ибн Ҳиббон ривояти.

[11] Тобароний Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[12] Тобароний Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[13] Аҳмад ва Термизий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[14] Ҳоким Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[15] Абу Нуъайм Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[16] Абу Довуд ва Термизий Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилганлар.

[17] Суютий «Жомиъус сағир»да ва Байҳақий «Шаъбул иймон»да ривоят қилганлар.

[18] Жалолиддин Ҳамроқулов. “Қуръон ёдлаш фазилатлари”. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 2013.

 

Янгиликлар

Top