Янгиликлар

Шавкат Мирзиёев: «Самарқандда халқаро илмий тадқиқотлар маркази ташкил этилади»

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг очилиш маросимидаги нутқи

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.  

Муҳтарам Раис жаноблари!  

Жаноби олийлари, ҳурматли вазирлар ва делегациялар раҳбарлари!  

Хонимлар ва жаноблар!  

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва баракатуҳу.  

Аввало, сиз, азиз меҳмонларни, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар ва кузатувчи мақомига эга мамлакатлар делегациялари раҳбарлари, халқаро ташкилотлар вакилларини, Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессиясининг барча иштирокчиларини Ўзбекистон заминида қутлаш ва сизларга самимий ҳурматимни билдиришга ижозат бергайсизлар.  

Бугунги кунда кўп томонлама ҳамкорлик бўйича энг нуфузли ва йирик институтлардан бири бўлган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ушбу муҳим анжуманини ўтказиш учун Ўзбекистон пойтахти – Тошкент танлангани учун чин дилдан миннатдорлик билдирамиз.  

Ушбу сессия муқаддас ислом қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, мусулмон халқлари ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, ташкилотга аъзо мамлакатлар халқларининг ривожланиши ва фаровонлигига кўмаклашишдек эзгу мақсадларга эришиш йўлида муҳим қадам бўлишига ишонамиз.  

Мазкур форумга тайёргарлик доирасида эришилган ўзаро ҳамкорлик натижаларидан мамнунмиз. Бу борада Бош котибият ва шахсан унинг раҳбари жаноб Ияд Маданий, ташкилотга аъзо давлатлар томонидан амалга оширилган самарали ишларни, бунда ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик руҳи намоён бўлганини юксак қадрлаймиз.  

«Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» мавзуси 43-сессия кун тартибининг асосий ғояси этиб белгилангани чуқур рамзий маънога эга. Бу ғоя «Бешикдан қабргача илм изла» деган машҳур ҳадисга ҳамоҳангдир. Ушбу мавзу катта ҳаётий тажрибага эга бўлган, буюк давлат арбоби сифатида узоқни кўра оладиган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан, Аллоҳ у кишини раҳматига олсин, дунё халқлари, ўз халқи тақдири, бугунги мураккаб шароитда муқаддас динимизнинг аҳамияти ҳақидаги чуқур мулоҳазалар натижаси сифатида таклиф этилган эди.  

Дунё шиддат билан ўзгариб, барқарорлик ва халқларнинг мустаҳкам ривожланишига рахна соладиган турли янги таҳдид ва хавфлар пайдо бўлаётган бугунги кунда маънавият ва маърифатга, ахлоқий тарбия, ёшларнинг билим олиш, камолга етишга интилишига эътибор қаратиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.  

Айнан таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилларидан ҳисобланади, инсонларни эзгуликка даъват этади, саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди. Муқаддас ислом динимиз бизга айнан шуни ўргатади.  

Бундай ёндашув – давр талабидир.  

Ҳурматли сессия иштирокчилари!  

«Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» шиори Ислом ҳамкорлик ташкилотининг бугунги анжумани мавзуси этиб белгилангани бежиз эмас.  

Негаки, мазкур анжуман сизу бизнинг буюк аждодларимиз киндик қони тўкилган Ўзбекистон заминида бўлиб ўтмоқда.  

Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Исо ва Ҳаким Термизийлар, Маҳмуд Замахшарий, Муҳаммад Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа кўплаб даҳолар номи нафақат ислом, айни вақтда жаҳон цивилизацияси тарихида ҳақли равишда олтин ҳарфлар билан битилган.  

Ислом оламида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ҳадислари тўпламининг ишончли манбаи деб эътироф этилган «Ал-жомиъ ас-саҳиҳ» тўплами «барча муҳаддислар устози» бўлмиш Имом Бухорийнинг кўп йиллик фидокорона изланишлари самарасидир. Ўн икки асрдирки, ушбу асар аҳамиятига кўра, муқаддас Қуръондан кейин ислом дини ҳақидаги иккинчи ишончли ёзма манба бўлиб қолмоқда. Нафақат бизнинг юртимиз, балки бошқа мамлакатлардан ҳам минглаб, миллионлаб мусулмонлар бу табаррук зот туғилган Бухорои шарифга бориш ва унинг Самарқанддаги қабрини зиёрат қилишга интилиши бежиз эмас, албатта.  

Х асрда самарқандлик мутафаккир, «Имом ал-Худа» (Ҳидоят йўлининг имоми) деб шуҳрат қозонган Абу Мансур Мотуридий томонидан асос солинган Мотуридия таълимоти бутун ислом оламида кенг тарқалган.  

Мотуридия таълимоти илм эгаллаш жараёнида бағрикенглик ғояси асосида инсон ақл-заковатининг ўрни ва аҳамиятига юксак эътибор қаратади. Бу ўз навбатида ушбу таълимотнинг кенг оммалашувида муҳим ўрин тутган. Бундай ғояларга бугунги кунда ҳам инсоният катта эҳтиёж сезмоқда.  

Буюк тарихда ҳеч нарса изсиз кетмайди. У халқларнинг қонида, тарихий хотирасида сақланади ва амалий ишларида намоён бўлади. Шунинг учун ҳам у қудратлидир. Тарихий меросни асраб-авайлаш, ўрганиш ва авлодлардан авлодларга қолдириш давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир.  

Янги таҳдидлар, жумладан, “оммавий маданият” хавфи ва боқимандалик кайфияти пайдо бўлаётган, одоб-ахлоқ, қадриятларнинг йўқолиш хавфи юзага келаётган ҳозирги глобаллашув шароитида бу ғоят муҳим аҳамият касб этмоқда.  

Шу сабабли, менинг фикримча, инсон маънавий олами, халқлар маданиятини белгилайдиган манбаларни асраб-авайлаш ва бойитиш бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.  

Азалий қадриятларимиз ва ахлоқий фазилатларни ўзида мужассам этган муқаддас динимизни асраш ва қадрлаш ҳар биримизнинг шарафли бурчимиздир. Ислом – ҳақиқатни англаш демакдир, у одамзотни эзгу амалларни бажаришга ундайди, ҳар биримизни яхшилик ва тинчликка чорлайди, ҳақиқий инсон бўлишни ўргатади.  

Биз Ислом динидан зўравонлик ва хунрезлик мақсадларида фойдаланишга уринаётган кимсаларни кескин қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Муқаддас динимизни доимо ҳимоя қиламиз.  

Халқимиз атеистик мустабидликдан озод бўлгандан кейин, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда аждодларимизнинг муқаддас дини бўлган исломнинг жамиятимиздаги ўрнини қайта тиклаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди.  

1999 йил Тошкентда Марказий Осиёда биринчи Ислом университети очилди. Мамлакатимизда 10 та диний таълим муассасаси, жумладан, Тошкент ислом институти, 9 та ўрта махсус ўқув юрти фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг иккитаси хотин-қизлар ўқув муассасасидир.  

Ана шу таълим масканлари орасида XVI асрда бунёд этилиб, мамлакатимизда илм-фанни кенг ёйишга хизмат қилган Бухородаги Мир Араб ва Тошкентдаги Кўкалдош мадрасалари бор.  

Етмиш йил ҳукм сурган коммунистик тузум даврида Ўзбекистондан бор-йўғи 130 киши Ҳаж амалини бажарган бўлса, бугунги кунда ҳар йили ўзбекистонлик беш мингдан зиёд киши ўзининг эзгу орзуси ва мусулмонлик бурчини адо этмоқда. Ўша пайтларда кўп миллионли республикамизда атиги 30 та масжид бўлган, бугун эса мамлакатимизда минглаб масжидлар фаолият юритмоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида тарихий ислом ёдгорликлари, муқаддас қадамжолар қайта тикланди. Уларнинг аксариятини сиз, азиз меҳмонларимиз Ўзбекистонга ташрифингиз давомида зиёрат қилиш имконига эга бўласиз. 

Муқаддас динимиз бундан буён ҳам халқимизни бирлаштириб, миллати ва тилидан қатъи назар, маънавий покланиш, одамларни тинчлик, эзгулик, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва тотувликка ундайдиган, ўрнини ҳеч нарса боса олмайдиган восита бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.  

Ҳурматли сессия қатнашчилари!  

Ўзбекистонда мустақил ва кучли давлат қуришдан асосий мақсад инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган ва ҳурмат қилинадиган адолатли жамият барпо этишдир. Айни вақтда мусулмон олами ва жаҳон ҳамжамиятидаги муносиб ўрнимизни янада мустаҳкамлашдир.  

Бу, авваламбор, таълим ва маърифат тизимини такомиллаштириш, мамлакатимиз келажаги бўлган ёшларни замонавий билим олишга йўналтириш, баркамол шахсни тарбиялаш билан боғлиқ эканини биз яхши англаймиз. 1997 йилда қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва бошқа давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши самарасида мазкур соҳа тубдан ислоҳ қилинди, замонавий узлуксиз таълим-тарбия тизими яратилди.  

Бугун барча ўғил-қизларимиз ўн икки йиллик бепул мажбурий таълим билан қамраб олинган. Улар 10 мингта реконструкция қилинган ёки қайта қурилган кенг ва ёруғ мактаблар, 1,5 мингта академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида билим олмоқда. Қарийб 300 та мусиқа ва санъат мактаби, 2 минг 200 дан ортиқ спорт объекти болаларимиз ихтиёрида.  

Истиқлол йилларида мамлакатимизда олий ўқув юртлари сони 2,5 баробар кўпайди. Бугунги кунда олий ўқув юртларимизда 230 мингдан зиёд талаба билим олмоқда. Ўзбекистонда еттита хорижий етакчи олий ўқув юртининг филиаллари фаолият кўрсатмоқда. Истеъдодли ёшларимизнинг минглаб вакиллари дунёнинг нуфузли университетларида таҳсил олмоқда.  

Мамлакатимизда давлат бюджетининг ялпи ички маҳсулотга нисбатан 7 фоизи таълим-тарбия соҳасига йўналтирилмоқда.  

Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб юртимизда ёшлар ҳақида эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишга давлат сиёсатининг энг асосий ва устувор йўналишларидан бири сифатида қараб келинмоқда. Чунки ёшлар – бизнинг келажагимиз. Бу соҳадаги давлат сиёсатини янада чуқурлаштириш учун яқинда Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди. 

Буларнинг барчаси бугунги кунда ўз самарасини бермоқда. Ёшларимиз бизнес, илм-фан, маданият, санъат, адабиёт ва спорт соҳаларида оламшумул муваффақиятларга эришмоқда. Бу мамлакатимиз истиқболига, буюк аждодларимиз бошлаган эзгу ишларни келажак авлодлар муносиб давом эттиришига катта ишонч бағишлайди.  

Хонимлар ва жаноблар!  

Биз бугун инсоният тараққиётининг, таъбир жоиз бўлса, кескин бурилишлар рўй бераётган тарихий босқичида яшамоқдамиз.  

Кейинги йилларда Ер юзида кескин геосиёсий ўзгаришлар рўй берди, халқаро миқёсда хавфсизлик ва барқарорлик тизими издан чиқмоқда. Глобаллашув жараёнининг тобора шиддатли тус олиши нафақат инсоният имкониятларини кенгайтирмоқда, балки зиддиятларнинг кескинлашуви, ривожланган ва қолоқ давлатлар ўртасидаги тафовутнинг ўсишига олиб келмоқда. Бунинг оқибатида тинчлик ва барқарорликка рахна солаётган, моҳияти ва кўламига кўра трансмиллий хусусиятга эга турли хатти-ҳаракатлар содир этилмоқда.  

Бошпанасиз қолиб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юрган одамлар оғир мусибатларни бошдан кечирмоқда, қуролли қарама-қаршиликлар ва терроризм оқибатида гуноҳсиз болалар, кексалар, хотин-қизлар ҳалок бўлаётир. Охири кўринмайдиган урушлар туфайли кўплаб мамлакатлар вайронага айланмоқда.  

Бундай шароитда Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларни мусулмон оламида тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш ва барқарор ривожланиш йўлида бирлаштириш, ўзаро ҳамкорликнинг ишончли механизмларини, аъзо мамлакатларнинг долзарб масалалар юзасидан мулоқот қилиши учун ўзига хос майдон яратишга хизмат қиладиган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг роли ва масъулияти янада ортмоқда.  

Ташкилот мустаҳкам барқарорлик ва хавфсизликка иқтисодий тараққиётсиз, ижтимоий хусусиятга эга муаммоларни ҳал этмасдан эришиб бўлмаслигини тушунган ҳолда фаолият юритаётганини биз юқори баҳолаймиз. Ислом ҳамкорлик ташкилотининг фаолият кўламини янада кенгайтириш зарурати юзага келмоқда.  

Бу борада мамлакатлар ва халқлар ўртасида турли даражадаги мулоқотларни кенгайтириш, нафақат ҳукуматлар, балки парламентлар, илм-фан ва маданият намояндалари, жамоатчилик вакиллари ўртасида тизимли алоқаларни йўлга қўйиш муҳим ўрин тутиши зарур. Айнан мана шу мақсадлар Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида кўп томонлама ҳамкорликни кучайтириши мумкин.  

Ўзбекистон Республикаси Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг раиси сифатида ташкилот салоҳиятини янада кучайтириш ва эзгу мақсадларга эришишда ўз ҳиссасини қўшиш учун барча имкониятларини ишга солади.  

Ўзбекистон Кенгашга раислиги даврида мусулмон давлатларининг самарали ва нуфузли форуми сифатида ташкилот ролини мустаҳкамлашга ҳаракат қилади.  

Ўзбекистоннинг раислигида ўтаётган ушбу анжуманнинг «Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл» шиори бизнинг устувор йўналишларимизни аниқ ифода этади. Уларнинг энг муҳимлари қуйидагилардан иборат:  

Биринчи. Аҳоли ҳаёт даражаси ва сифати кўп жиҳатдан мамлакат рақобатдошлигининг асосий кўрсаткичига айланган бугунги шароитда тараққиётнинг муҳим омили сифатида таълимнинг роли ортиб бормоқда. Ҳозирги пайтда жамият ва цивилизациялар аввало ижтимоий қадриятлар ва таълим тизимлари билан рақобатлашмоқда.  

Шу нуқтаи назардан, буюк аждодларимиз бўлган ислом оламининг мутафаккирлари асарларини, уларнинг бутунжаҳон цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур ўрганиш, теран англаш ва кенг оммалаштириш алоҳида аҳамиятга эгадир.  

Бу масала ёшларда илм-фанга ва таълим олишга интилиш туйғусини кучайтириш, барча жамиятларда ислом қадриятлари ва маданиятини тўғри англаш ҳамда қабул қилиш, дунёнинг барча халқларига Ислом динининг ҳақиқий мазмун-моҳиятини етказиш учун муҳимдир. Шунингдек, бугунги кунда халқаро миқёсда конфессиялар, миллатлар ва маданиятлараро мулоқотни йўлга қўйиш, тинчлик ва тотувликка эришишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.  

Иккинчи. Барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни инновацион ривожланишсиз, кенг кўламли илмий-техник кооперациясиз ва янги технологиялар, илм-фан ва техника ютуқларини жорий этмасдан тасаввур қилиб бўлмайди.  

Айнан шунинг учун илм-фан ва техникани янада ривожлантириш, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг интеллектуал салоҳиятини мустаҳкамлаш ташкилотимиз фаолиятида муҳим ўрин эгаллаши лозим, деб ҳисоблаймиз.  

Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида ҳамкор мамлакатлар билан илмий-технологик алмашишни фаоллаштириш, турли илм-фан соҳаларида қўшма тадқиқотлар ўтказишни таклиф этади.  

Шубҳасиз, ташкилотга аъзо мамлакатларнинг ҳамкорлигини Ислом тараққиёт банки фаолиятисиз тасаввур қилиш қийин.  

Фурсатдан фойдаланиб, 2016 йил 1 октябрдан эътиборан Ислом тараққиёт банкининг президенти этиб сайланган Бандар Ҳажар Жаноби олийларини қутлашдан мамнунман.  

Учинчи. Хавфсизлик муаммоси ўта кескин ва фожиали тус олаётгани барчамизни ташвишга солаётганини таъкидламоқчимиз.  

Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг бирдамлигини таъминлаш, улар ўртасидаги зиддиятларга барҳам бериш, урушлар, терроризм ва экстремизмга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш тобора авж олаётган қарама-қаршиликларни бартараф этиш, тинчлик ва барқарорликка таҳдид солаётган хавфларга қарши курашишда муҳим аҳамият касб этади.  

Айниқса, мавжуд ёки юзага келаётган зиддият ва тўқнашувларни тинч йўл билан, музокаралар, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормалари асосида сиёсий-дипломатик ҳамда халқаро-ҳуқуқий механизмлардан фойдаланган ҳолда ҳал этишга эришиш энг муҳим вазифадир.  

Тўртинчи. Ислом олами улкан иқтисодий, инвестицион салоҳият, энергетика ресурсларига эга. Улардан тўғри фойдаланиш, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатларнинг халқаро савдо-иқтисодий, молиявий, инвестицион ҳамкорлигини кенгайтириш, мамлакатларимизни бирлаштирадиган транспорт йўлларини ташкил этиш юксак иқтисодий тараққиёт кўрсаткичларига эришиш имконини беради ва бу пировард натижада бошқа барча соҳаларнинг ривожланишида асос бўлиб хизмат қилади.  

Шу муносабат билан бу борада Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида, шунингдек, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳудудидаги давлатларнинг дунёнинг етакчи мамлакатлари билан ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш алоҳида аҳамиятга эгадир.  

Бешинчи. Ушбу қулай фурсатдан фойдаланиб ҳамда мамлакатимизнинг Ислом ҳамкорлик ташкилотидаги раислик даври учун таклиф этилаётган устувор мақсадлардан бирининг ижроси контекстида давлатимизнинг айрим ташаббусларини эълон қилмоқчиман.  

Биринчи ташаббуснинг моҳияти нафақат ислом маданияти, балки умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишдан иборат.  

Бундай марказнинг Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида яратилиши мантиқий иш бўлур эди. Буни бир қатор қулай омиллар тақозо этмоқда:  

биринчидан, Самарқанднинг мусулмон маданияти дурдоналаридан бири эканлиги билан боғлиқ дунё цивилизациясидаги мумтоз ўрни;  

иккинчидан, энг буюк мусулмон мутафаккирларидан бири, барча муҳаддислар пешвоси Имом Бухорийнинг табаррук мақбараси жойлашган ушбу минтақага хос бўлган алоҳида маънавий-руҳий муҳит.  

Таклиф этилаётган тадқиқот маркази Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳомийлигида «Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар маркази» деган улуғвор ва рамзий номга эга бўлиши мумкин бўлур эди.  

Умид қиламизки, бизнинг ушбу ташаббусимизни Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Бош котиби Ияд Маданий Жаноби олийлари қўллаб-қувватлайдилар ва бу лойиҳани амалга оширишда керакли кўмакни берадилар.  

Ўзбекистоннинг яна бир ташаббуси – Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ислом ташкилотининг махсус кафедрасини Тошкент ислом университети таркибида ташкил этиш билан боғлиқдир.  

Янги кафедра фаолиятининг асосий йўналишини мусулмон дунёсидаги таълим, илм-фан ва маданият тарихи ҳамда уларнинг ҳозирги ҳолатини ўрганиш ва улар ҳақида талабаларга чуқурлаштирилган махсус курсларни ўқиш ташкил этиши мумкин бўлур эди.  

Ҳурматли дўстлар!  

Мазкур анжуманимиз ва сизларнинг Ўзбекистонга ушбу ташрифингиз давомида Ватанимизнинг бой тарихий ва маданий мероси билан танишишингиз туризм, гуманитар, илмий ва бошқа соҳалардаги алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деган умиддамиз.  

Бу борада биз ўз томонимиздан ташкилотга аъзо мамлакатларнинг туристлари ва вакилларини диёримизга келиб-кетиши билан боғлиқ расмиятчиликларни соддалаштиришга қаратилган чора-тадбирларни кўрамиз.  

Олтинчи. Оммавий қирғин қуролини тарқатмаслик муаммоси бугунги кунда энг кескин масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Ўзбекистон 1993 йилдаёқ Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудудни ташкил этиш ташаббусини илгари сурган. Мазкур ташаббус Ўзбекистон ва қўшни давлатлар томонидан 2006 йилда имзоланган Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд тўғрисидаги шартнома, шунингдек, БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий бешта аъзоси 2014 йилда имзолаган Кафолатлар тўғрисидаги протоколда ўзининг амалий ифодасини топган.  

Ўзбекистон ядро қуролидан холи ҳудудлар кўламини изчил кенгайтириш тарафдори ва Яқин Шарқда ҳам ядро қуролидан холи ҳудудни ташкил этиш ғоясини қўллаб-қувватлайди.  

Ўзбекистон ташкилотга аъзо мамлакатлар ва, умуман, мусулмон олами хавфсиз ва фаровон давлатларга айланишига ишонади.  

Муҳтарам сессия қатнашчилари!  

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси халқаро майдонда ташкилотимиз салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва унинг обрўсини ошириш, олдимизда турган умумий вазифаларни самарали ҳал этишга хизмат қилишига ишонаман. 

Сўзимни якунлар эканман, сизларни Шарқ дурдоналаридан бири бўлган Самарқандга таклиф этишдан мамнунман. Самарқандда бебаҳо тарихий-маданий объектларни ўз кўзингиз билан кўриш, халқимиз ҳаёти, мактаб, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларимиз, олий ўқув юртларимиз фаолияти билан бевосита танишишингиз мумкин.  

Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси ишига муваффақият тилайман.  

Эътиборингиз учун ташаккур. 

uza.uz

Read 3679 times

Янгиликлар

Top