muslim.uz

muslim.uz

الخميس, 06 آب/أغسطس 2020 00:00

ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент шаҳридаги "Оқ тунукали" жоме масжиди имом ноиби Наврўзжон домла Темировнинг волидаи муҳтарамаси вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.

Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин! Ғариқи раҳмат, шоистаи жаннат, охиратларини обод қилсин!

Барча яқинларига сабру жамил ато айлаб, ажру мукофотларини кўпайтириб берсин!

Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Қурбон ҳайити байрами диний ва миллий қадриятларимизни ўзида мужассам этган шукуҳли байрамлардан ҳисобланади. Бу йилги ҳайит байрами республикамизда жорий этилган карантин даврига тўғри келди. Шундай бўлса-да, бу юртдошларимиз, мўмин-мусулмонларимизнинг кайфиятларига заррача таъсир этмаслиги керак. Аксинча оила даврасида, меҳру саховат байрамини нишонлашмоқда.

Тўғри, авваллари байрам  кунларида яқинларимиз, қавму қариндош ва кексалар ҳолидан хабар олиб, уларни байрам билан табриклар эдик. Лекин бугунги мураккаб вазиятдан келиб чиқиб, уларни масофадан туриб табриклашимиз, алоқа воситалари орқали хол-аҳвол сўрашимиз, аслида, уларга қилган яхшилигимиз бўлади. Зеро, бугун  энг асосий вазифамиз – ўзимиз ва ўзгаларни касалликдан ҳимоя қилишдир.

Одамларимиз ушбу касаллик билан боғлиқ ҳолатдан келиб чиқиб, бироз кайфиятлари тушкун эди. Муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган байрам табриклари уларнинг кўнглини тоғдек кўтарди, кўзларига умид учқунларини  пайдо қилди, эртанги ёруғ кунларга ишонч билан яшашга ундади, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Айниқса, табрикдаги “Биз орзу-ниятлари пок ва улуғ халқмиз. Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳазратлари: “Муроди кўпнинг Ҳаққа итоати ҳам кўп бўлади”, деган сўзлари эътиборга молик. Ҳақиқатан ҳам, биз, муроди кўп халқмиз, яхши ниятни ўзи ва ўзгаларга соғинган миллатмиз. Муродимиз кўплиги баробарида, Ҳаққа итоатимиз ҳам кўп. Бундай халқни, албатта, Яратган Ўзининг марҳамати билан сийлайди, Ўзининг чексиз неъматларини инъом этади. Бу ҳақиқатни ҳаётимизда ҳам гувоҳи бўлмоқдамиз.

Шунингдек, табрикда “ҳалол меҳнати орқасидан жамғарган маблағини қариндош-уруғлари ёки маҳалладошининг оғирини енгил қилиш учун ҳадя этган” инсонларга, албатта, улкан ажру мукофотлар берилишини Юртбошимиз ҳам алоҳида таъкидлаб ўтдилар.

Дарҳақиқат, биз битта нон топсак, ярмини қўшнисига, эҳтиёжмандга берадиган халқмиз. Буни тарихда бўлиб ўтган мураккаб, қийин даврлар мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин. Бежиз “бир майизни қирқ бўлиб еган халқ” сифатида бизга баҳо берилмайди. Аслида, саховат, мурувват қонимизда бор. Албатта, бу авлодларимизга ҳам мерос бўлиб ўтажак. Бу амалларнинг ажри, шубҳасиз, улуғдир.

Эътиборлиси, бугунги кунда ана шу қадриятимизни қўллаб-қувватлаш, кенг қулоч ёйишига туртки бўлаётган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини алоҳида қайд этиш лозим.

Давлатимиз раҳбари байрам табрикларида: “Олижаноб юртдошларимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатимизда ташкил этилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бугунги кунда том маънода қудратли кучга айланди”, дедилар. Ҳақиқатан ҳам, ушбу ҳаракат олийҳиммат, саховатпеша юртдошларимизни аниқ бир мақсад йўлида бирлаштира олди. Уларни эзгу ишларни янада кўпайтириш йўлида жипслаштириб, ушбу ҳаракатнинг Республика бўйлаб қўлоч ёйишига сабаб бўлди.

Муҳтарам Президентимизнинг фармонларида ёши улуғ инсонларга алоҳида эътибор қаратилиб, хусусан, пенсия миқдори оширилди. Унга кўра 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ойига 262 минг 470 сўм, энг кам ёшга доир пенсиялар ҳамда ногиронлар нафақалари ойига 513 350 сўм, болани икки ёшга тўлгунга қадар парвариши бўйича нафақа олувчи оналар сонини 330 минг дан 400 минггача ошириш белгиланди. Ўйлайманки, бу ўзгаришлар кўмакка муҳтож ҳар бир фуқаро ҳаётида – уларнинг дуолари ва шукронасида ўз аксини топади.

Имом-хатибларимиз ҳам карантин даврида эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиб, доимо улар билан бирга бўлишди. Бу каби эзгу ишларни бундан кейин ҳам изчил давом эттиришни мақсад қилиб олдик. Сабаби яхшилик, саховат инсоннинг ўзига завқ, руҳий енгиллик бағишлайди, кимнингдир хонадонига рўшнолик кирганини кўриш инсон кўнглини тоғдек кўтаради.

Шу нуқтаи-назардан, албатта, саховат тадбирлари саховатпеша юртдошларимиз, барча соҳа ва тармоқ вакиллари қатори имом-домлаларимизнинг ҳам ҳаёт тарзига айланиб қолди, десак тўғри бўлади.

Фурсати келганда айтиш керакки, “Вақф” хайрия жамоат фондига муҳтарам Президентимизнинг топшириқлари билан диний ходимлар фаолиятини рағбатлантиришга йўналтирилган 150 млрд сўм маблағнинг ажратилиши қувончли янгилик бўлди. Бу эса, ўз навбатида, биз диний соҳа ходимлари зиммасига муайян масъулият ва мажбуриятларни юклайди.

Ана шу жиҳатдан мўмин-мусулмонларимизнинг атрофдаги эҳтиёжманд, бева-бечора, кам таъминланган оилаларга нисбатан меҳри ошди. Саховат, кўмак, инсонпарварлик каби буюк қадриятга ошно бўлишни ўзларига қайта одат қилдилар.  

Албатта, биз мана шундай синовли кунларда Яратганнинг берган неъматларига шукр қилиб, халқимиз бошидан, қолаверса бутун дунёдан балоларни даф этишини сўраб дуою хайрлар қилишимиз лозим.

Нуриддин ХОЛИҚНАЗАРОВ,

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби

Ушбу саволга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши аъзоси Мирзамақсуд Алимов жавоб қайтарди

الإثنين, 03 آب/أغسطس 2020 00:00

Ҳадисларнинг жамланиш тарихи

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деб марҳамат қилган:

هُوَ الَّذِي بَعَثَ فِي الْأُمِّيِّينَ رَسُولًا مِنْهُمْ يَتْلُو عَلَيْهِمْ آَيَاتِهِ وَيُزَكِّيهِمْ وَيُعَلِّمُهُمُ الْكِتَابَ وَالْحِكْمَةَ وَإِنْ كَانُوا مِنْ قَبْلُ لَفِي ضَلَالٍ مُبِينٍ

яъни: У уммийларга уларнинг ичидан Унинг оятларини ўқиб берадиган ва уларни поклайдиган ҳамда уларга Китобни ва ҳикматни ўргатадиган Расулни юборган Зотдир. Ҳолбуки, улар илгари очиқ-ойдин залолатда эдилар[1].

         “Уммий” сўзи ўқиш-ёзишни ўрганмаган кишини англатади. Араб жазирасида яшайдиган араблар Ислом келгунига қадар тамоман саводсиз бўлиб, улар орасида камдан-кам одамгина ўқиш-ёзишни ўрганган эди[2].

         Одатда, саводсиз киши ёдлаб олиш қобилиятига кўпроқ суянади ва натижада қувваи ҳофизаси ривожланган бўлади. Шунга кўра саҳобалар ҳам суннатга амал қилишда ўз ҳофизаларига, зеҳнларининг ўтриклигига суяндилар ва Расулуллоҳ с.а.в.дан эшитган ҳадисларини ёзмадилар. Аввалбошда, Расулуллоҳ с.а.в. ҳам уларни ҳадисларни ёзиб боришликдан қайтардилар. Фақат Қуръони карим оятларинигина ёзишга рухсат бердилар.

Қуйидаги ҳадис бунга далил бўлади:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ ، أَنَّ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ : لَا تَكْتُبُوا عَنِّي ، وَمَنْ كَتَبَ عَنِّي غَيْرَ الْقُرْآنِ فَلْيَمْحُهُ ، وَحَدِّثُوا عَنِّي ، وَلَا حَرَجَ ، وَمَنْ كَذَبَ عَلَيَّ - قَالَ هَمَّامٌ : أَحْسِبُهُ قَالَ - مُتَعَمِّدًا فَلْيَتَبَوَّأْ مَقْعَدَهُ مِنَ النَّارِ

яъни: Абу Саъид Ал-Худрий р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Мендан ёзиб олманглар. Ким мендан Қуръондан бошқани ёзиб олган бўлса ўчириб ташласин. Менинг ҳадисларимни айтинглар, зарари йўқ. Ким менинг номимдан ёлғонни – Ҳаммом айтади: ўйлашимча шундай деганлар  – қасддан айтса, дўзахдан ўзига жой олсин”[3].

         Эҳтимол, бу гапни Пайғамбаримиз с.а.в. Қуръон оятларини ёзиб боришга мутасадди қилинган ваҳий котибларига қарата айтган бўлишлари ҳам мумкин. Чунки, агар уларга ҳадисларни ҳам ёзиб боришга рухсат берганларида, Қуръон оятлари билан аралашиб кетиши мумкин бўлар эди. Бундай эҳтимолга боришимизга сабаб шуки, Пайғамбаримиздан ҳадисларни ёзиб боришга рухсат сўраган ва Расулуллоҳ с.а.в. изн берган саҳобалар ҳам бўлган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал р.а.нинг “Муснад”ларида шундай ривоят келади:

عن عبدِ اللهِ بنِ عَمرٍو، قال: كنتُ أَكتُبُ كلَّ شيءٍ أَسمَعُهُ مِن رسولِ اللهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم، أُرِيدُ حِفْظَهُ، فنَهَتْنِي قُرَيشٌ، وقالوا: أَتكتُبُ كلَّ شيءٍ تَسمَعُهُ ورسولُ اللهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم بَشَرٌ يَتكلَّمُ في الغضبِ والرِّضا؟ فأَمسَكْتُ عن الكِتابِ، فذَكَرْتُ ذلكَ لرسولِ اللهِ صلَّى اللهُ عليه وسلَّم، فأَوْمأَ بأُصبُعِهِ إلى فيه، فقال: اكتُبْ؛ فوالَّذي نفْسي بيدِهِ، ما يَخْرُجُ منه إلَّا حقٌّ.

яъни:  Абдуллоҳ ибн Амр р.а.дан ривоят қилинади, у киши дедилар: Мен Расулуллоҳ с.а.в.дан эшитган ҳар бир нарсамни ёдлаб олиш мақсадида ёзиб борар эдим. Қурайш қавми мени бу ишдан қайтаришди ва: сен Расулуллоҳ с.а.в.дан эшитган ҳар бир нарсангни ёзиб оласанми, ваҳолангки, Расулуллоҳ с.а.в. ҳам бир инсон, у киши ҳам гоҳида ғазабланиб, гоҳида рози бўлиб гапирадилар?! - дейишди. Шундан кейин мен ёзмай қўйдим ва Расулуллоҳ с.а.в.га бу ҳақда айтдим. Шунда Расулуллоҳ с.а.в. бармоқлари билан оғизларига ишора қилиб: “Ёзавер! Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, бундан ҳақдан ўзга нарса чиқмайди”, дедилар[4].

أَخْرَجَ الدَّارِمِيُّ وَغَيْرُهُ عَنْ وَهْبِ بْنِ مُنَبِّهٍ عَنْ أَخِيهِ سَمِعَ أَبَا هُرَيْرَةَ يَقُولُ لَيْسَ أَحَدٌ مِنْ أَصْحَابِ رَسُولِ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَكْثَرَ حَدِيثًا عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مِنِّي إِلَّا مَا كَانَ مِنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ عَمْرٍو فَإِنَّهُ كَانَ يَكْتُبُ وَلَا أَكْتُبُ

яъни: Имом Ад-Доримий[5] ва бошқалар Ваҳб ибн Мунаббиҳдан[6], у киши биродаридан Абу Ҳурайра р.а.ни шундай деганини эшитганини ривоят қилади: Ҳеч бир киши Пайғамбар а.с.дан менчалик кўп ҳадис ривоят қилган эмас. Фақат Абдуллоҳ ибн Амр р.а. бундан мустасно. Чунки, у эшитган ҳадисларини ёзиб олар эди, мен эса ёзмас эдим.

Фатҳ кунида Пайғамбар а.с. туяларининг устида туриб: “Албатта, Аллоҳ таоло Маккани филлардан сақлади...”, деб хутба қилаётганларида Яманлик бир киши келиб: Эй, Расулуллоҳ! Айтган гапларингизни менга ёзиб беринг – деди. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Абу Шоҳга ёзиб беринглар”, дедилар. Бундан ташқари Амр ибн Ҳазм ал-Ансорийни[7] Нажронга юборганларида у кишига қўшиб мактуб ҳам ёзиб юборганлар. Унда жон ва аъзолар эвазига тўланадиган дияларнинг миқдори ва фарз закотлар ҳақида баён қилинган эди. Ишончли ривоятларга кўра, Али каррамаллоҳу важҳаҳуда бир мактуб бор бўлиб, унда асирларни озод қилиш ва мусулмон киши кофир киши сабабидан ўлдирилмаслиги ҳақида ёзилган эди. Имом Ан-Насаийнинг ривоятига қараганда у мактубда: “Мўминларнинг қони тенгдир. Улар бошқаларга қарши бир тану бир жондирлар. Уларнинг энг паст табақалари ҳам уларнинг ҳимояларидадирлар. Огоҳ бўлинглар, мусулмон киши кофир туфайли ўлдирилмайди, мусулмоннинг ҳимоясида бўлган ғайридин киши ҳам ҳимоя вақтида ўлдирилмайди. Кимда ким бирор жиноят қилса ўз зарарига қилибди. Кимки бирор жиноятчига бошпана берса, унга Аллоҳнинг, фаришталарнинг ва барча одамларнинг лаънати бўлсин”, деган гаплар бор эди.

Шунга қарамай, Расулуллоҳ с.а.в.нинг даврларида ёзиб олинган ҳадислар жуда ҳам оз бўлган. Бунинг бир нечта сабаблари бор: биринчидан, саводсизликнинг кенг тарқаганлиги. Иккинчиси, саҳобаларнинг суннатни Қуръон билан аралашиб кетишидан қўрққанликлари. Учинчиси, одамлар кўпроқ Қуръонни ёдлашга аҳамият берганликлари. Ушбу сабабларга яна қўшимча тарзда, кейинги икки асрда мусулмонларнинг асосан фатҳ ишлари билан машғул бўлганликлари, шунингдек, сиёсий беқарорлик ва фитналарнинг кучайиб кетганлиги ҳам қўшилди.

Иккинчи ҳижрий асрга келиб, Умар ибн Абдулазиз[8] суннатни тезда жамлаш зарур эканлиги ҳақида ўйлади ва вафотидан бир йил олдин Мадинаи мунавварадаги омили Абу Бакр ибн Амр бин Ҳазмга[9] мактуб ёзиб, унда: Расулуллоҳ с.а.в.нинг ҳадисларини ўрганиб, уларни ёзиб бор. Мен уламоларни дунёдан ўтиб кетиб, илм ўрганилмай қолишидан хавотирдаман, деди. Шундай қилиб фиқҳ илми учун кенг тарздаги модда ҳисобланмиш ҳадислар тўплана бошланди. Ибн Ҳазм ҳадислар тўпламини ёзишга муваффақ бўлди, бироқ Умар ибн Абдулазизга уни кўриш насиб этмади. Чунки, унгача вафот этди.

Ана шу вақтдан бошлаб уламолар суннатни жамлаш, уларни китоб шаклида таълиф этишга киришдилар. Ушбу рағбат бутун ислом олами бўйлаб ёйилиб кетди. Маккада Ибн Журайж[10], Мадинада Муҳаммад ибн Исҳоқ[11] ва Молик ибн Анас[12], Басрада Ар-Робийъ ибн Собийҳ[13], Саъид ибн Абу Арваба[14] ва Ҳаммод ибн Салама[15], Кўфада Суфён ас-Саурий[16], Шомда Авзоъий[17] ҳадис жамладилар. Улар ҳадисларни алоҳида-алоҳида бобларга бўлиб жамладилар. Бунда ҳар бир боб бошқасидан мустақил тарзда, бирор бир мавзуга тааллуқли бўлган ҳадисларни ўз ичига олади. Масалан, намоз боби, закот боби ва ҳоказо. Бундан ташқари ушбу уламолар фақат ҳадисларни ўзини тўплаш билан кифояланмадилар балки, бунга қўшимча тарзда саҳобаларнинг сўзларини ва тобеинларнинг фатволарини ҳам қўшиб тўпладилар.

Иккинчи асрнинг охирига келиб бир тоифа олимлар муснад китобларини ёзишга киришдилар. Бу китобларда фақатгина Пайғамбар а.с.дан ривоят қилинган ҳадислар жамланди. Муснад ёзишга биринчилардан бўлиб киришганлар: Абдуллоҳ ибн Мусо ал-Абасий ал-Кўфий[18], Мусаддад ибн Масраҳад ал-Басрий[19], Наъим ибн Ҳаммод ал-Хузоъий[20] ва бошқалар. Ушбу муснад китоблари ичида имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг[21] “Муснад” номли китоби алоҳида ўрин тутади. Муснадларнинг ёзилиш тартибини Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Муснад” китоби мисолида кўрадиган бўлсак, уларда ҳар бир саҳобийдан ривоят қилинган ҳадислар алоҳида бобларга риоя қилинган ҳолда келтирилади.

Улардан кейинги учинчи табақа олимлари асосан ишончли “саҳиҳ” ҳадисларни ишончсиз “заиф”ларидан ажратишга аҳамият қаратдилар. Бунинг учун уларнинг ҳар бирлари ҳадисни қабул қилиш учун ўзларига хос шартларни белгиладилар ва ҳадисларни жамлашда биринчи табақа олимларига ўхшаб фиқҳ боблари тартибида жойлаштиришга риоя қилдилар. Бу табақа олимларига олтита имом: Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий[22], Муслим ибн Ҳажжож ан-Найсабурий[23], Абу Довуд Сулаймон ибн ал-Ашъас ас-Сижстоний[24], Абу Исо Муҳаммад ибн Исо ас-Саламий ат-Термизий[25], Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ал-Қозвиний Ибн Можа[26] ва Абу Абдурраҳмон ибн Аҳмад ибн Шуайб ан-Насаий[27] лар киради. Буларнинг китоблари эл орасида “ал-кутуб ас-ситта” (олтита тўплам) ёки “ас-сиҳоҳ ас-ситта” (олтита саҳиҳ) номи билан машҳурдир.

Батаҳқиқ, бу муҳаддисларнинг ёнида яна бир тоифа уламолар пайдо бўлди. Улар бор куч-ғайратларини ҳадиснинг ровийларини танқидий ўрганишга, уларнинг баъзиларини ишончли деб, бошқаларини ишончсиз деб баҳо беришга сарф қилдилар. Мана шу даврда ҳадис илмининг асосий моддаларидан бири бўлмиш “жарҳ ва таъдил” илми ўзининг аниқ қоидалари ва бу илмнинг тўла тўкис баёни билан вужудга келди. Мана шу соҳада энг кўзга кўринган уламолардан: Яҳё бин Саъид ал-Қаттон[28], Абдурраҳмон ибн Маҳдий[29], Яҳё бин Маъин[30] ва имом Аҳмад ибн Ҳанбал[31].

Сўнгра бу илмга хизмат қилувчиларнинг сони ортиб кетди. Ҳаттоки, уларнинг ичидан фақат ишонарли ривоятларга ҳос китобларни ёзганлар ҳам топилди, ишончсиз ривоятларга хос китобларни ёзганлар ҳам топилди. Улар ҳадисларни олий, ўрта ва паст даражаларини ажратиб берувчи қоидаларни ҳам туздилар. Шунингдек, улар ҳадисга оид илмларни ўзига хос исмлар билан ажратиб бердилар. Масалан: “علم مصطلح الحديث” (ҳадис истилоҳларига оид илм), “علم غريب الحديث” (ҳадислардаги тушунарсиз ўринларга оид илм) ва “علم مختلف الحديث” (ҳадислардаги ихтилофли ўринларга оид илм) шулар жумласидан. Бу илмларнинг ҳар бирини ҳадисга хизмат қилишда ўз вазифалари ва бир-биридан фарқ қилувчи ўз йўналишлари мавжуд. Бу илмларни бир-бири билан боғлашлик натижасида ҳадис матнидаги ва санадидаги ҳар қандай камчиликлардан халос бўлади ва ҳадиснинг қиймати, яъни кучли ёки кучсиз, даражаси олий ёки паст эканлиги маълум бўлади.

Шу тариқа уламолар суннатни қиёматгача келадиган умматларга соф ҳолатда, ҳеч қандай камчиликсиз ёки қўшимчаларсиз етиб келишини таъминладилар. Уларни суннатга нисбатан бўлган ушбу хизматлари самараси ўлароқ ҳозирги кунгача ислом шариати қонунлари издан чиқмай келмоқда ва шундай бўлиб қолади.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раисининг биринчи ўринбосари                 

Ҳомиджон Ишматбеков.

 

[1] . Тафсири ирфон. Қуръони карим маъноларининг ўзбекча таржима ва тафсири. Шайх Усмонхон Темурхон Самарқандий. Тошкент-2019.

[2] . Ўша манба.

[3] . Саҳиҳи Муслим. Зуҳд ва рақоиқ китоби. 5460-ҳадис.   

[4] . Муснад. Аҳмаб ибн Ҳанбал. 6802- ҳадис.

[5] .  Абу Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ат-Тамимий ад-Доримий ас-Самарқандий “Сунан” китоби муаллифи (181-255ҳ./797-868м.)   

[6] . Ваҳб ибн Мунаббиҳ ибн Комил ибн Сийж ибн Зий Кибор (34-114ҳ./655-738м.)   

[7] . Амр ибн Ҳазм ал-Ансорий (7ҳ.олдин-54ҳ) Расулуллоҳ с.а.в. уни  10ҳ. йилда Нажронга омил қилиб юборганлар.

[8] . Абу Ҳафс Умар ибн Адулазиз ибн Марвон ибн ал-Ҳакам ал-Умавий ал-Қураший (61-101ҳ./ 681-720м.) Умавийларнинг иккинчи халифаси. Иккинчи Умар.

[9]. Абу Бакр ибн Амр ибн Ҳазм ал-Ансорий ал-Ҳазражий  (36-120ҳ.) – Мадина амири ва қозиси. Сулаймон ибн Абдулмалик даврида мансабга тайинланган ва Умар ибн Абдулазиз даврида ҳам ишлаган. Мадинага амир бўлишлик ансорлардан фақат шунга насиб этган. Набавий ҳадисларнинг сиқот (ишончли) ровийларидан саналади.

[10].  Абул Валид Абдулмалик ибн Абдулазиз ибн Журайж ал-Умавий (80-150ҳ.) Ибн Журайж унинг лақаби.  

[11] . Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Ясор ал-Маданий (80-151ҳ./ 699-769м.)

[12] . Абу Абдуллоҳ Молик ибн Анас ибн Молик ибн Абу Омир ал-Асбаҳий ал-Маданий (93-179ҳ./711-795м.) Моликий мазҳабининг асосчиси.

[13] . Ар-Робийъ ибн Собийҳ ас-Саъдий ал-Басрий (...-160ҳ.-...-777м.)

[14] . Саъид ибн Абу Арваба (689-773м.)

[15] . Ҳаммод ибн Салама ибн Динор ал-Басрий ан-наҳвий. Абу Салама кунияси. 78 ёшида 167ҳ./783м.да вафот этган.

[16] . Абу Абдуллоҳ Суфён ибн Саъид ибн Масруқ ас-Саурий (97-161ҳ./716-777м.). Куфа фақиҳи.

[17] . Абу Амр Абдурраҳмон ибн Амр ибн Йуҳмад ал-Авзоий (88-157ҳ./707-774м.). Байрут ва бутун Шом ўлкасининг имоми.

[18]. Абу Муҳаммад Убайдуллоҳ ибн Мусо ибн Абу ал-Мухтор ал-Абасий ал-Кўфий (120-213ҳ.)

[19]. Абул Ҳасан Мусаддад ибн Масраҳад ибн Мустазбал ал-Асадий ал-Басрий (150-228ҳ./768-843м.)

[20]. Наъим ибн Ҳаммод ибн Муъовия ибн ал-Ҳорис ибн Ҳумом ибн Салама ибн Молик ал-Хузоъий ал-Марвазий (в.228ҳ./844м.)

[21]. Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал аш-Шайбоний аз-Зуҳалий (164-241ҳ./780-855м.) Ҳанбалий мазҳабининг асосчиси.

[22]. Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий (194-256ҳ./810-870м.)

[23] . Абул Ҳусайн Муслим ибн Ҳажжож ибн Муслим ибн Вард ибн Кушоз ал-Қушайрий ан-Найсабурий (206-261ҳ./822-875м.)

[24] . Абу Довуд Сулаймон ибн ал-Ашъас ибн Исҳоқ ибн Башир ал-Аздий ас-Сижстоний (202-275ҳ./817-888м.)

[25] . Абу Исо Муҳаммад ибн Савра ибн Мусо ибн аз-Заҳҳок ас-Саламий ат-Термизий (209-279ҳ./824892м.)

[26] . Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Можа ар-Робъий ал-Қозвиний (209-273ҳ./824-886м.)

[27] . Абу Абдурраҳмон Аҳмад ибн Шуъайб ибн Али ибн Синон ибн Баҳр ибн Динор ан-Насаий (215-303ҳ./829-915м.)

[28] . Яҳё ибн Саъид ибн Фарух ал-Қаттон ат-Тамимий ал-Басрий - Абу Саъид  ал-Аҳвал ал-Ҳофиз (120-198ҳ./)

[29] . Абдурраҳмон ибн Маҳдий ибн Ҳисон ибн Абдурраҳмон ал-Анбарий ал-Аздий ал-Басрий ал-Луълуий – Абу Саъид Таъола (135-198ҳ./752-814м.)

[30] . Абу Закариё Яҳё ибн Маъин ибн Авн ибн Зиёд ибн Бастом ал-Ғатафоний (158-233ҳ./848м.)

[31] . Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал аш-Шайбоний аз-Зуҳалий (164-241ҳ./780-855м.) Ҳанбалий мазҳабининг асосчиси.

الأحد, 02 آب/أغسطس 2020 00:00

Интервью 24 | Мирзамақсуд Алимов

Мирзамақсуд Алимов - Андижон вилояти бош имом-хатиби

Янгиликлар

Top