muslim.uz
ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент шаҳридаги "Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф" жоме масжиди имом-хатиби Исмоилжон Муҳаммад Содиқнинг бувилари вафот этгани муносабати билан таъзия изҳор этади.
Халқимизга кўплаб олиму уламолар силсиласини етказиб берган қутлуғ хонадоннинг бекаси, шайх Исмоил Махдум ибн Сотти Охунд Намангонийнинг завжаи мутоҳҳаралари, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг қайноналари Саодатхон ҳожия ая табаррук ёшда, улуғ айём кунида, ташриқ кунларида фоний дунёдан боқий дунёга риҳлат қилдилар.
Аллоҳ таоло табаррук онахонимизни Ўзининг шомил раҳматига, чексиз мағфиратига олсин, қабрларини мунаввар айлаб, охиратларини обод қилсин, Фирдавс жаннатига дохил қилсин!
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Шавкат Мирзиёев: Муса Ерниязов бошлаган ишларни дўстлари билан бирга давом эттирамиз
Пандемия келтирган синовли кунларда халқимиз оғир жудоликка учради. Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгеси Раиси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари, Ўзбекистон Қаҳрамони Муса Ерниязов 2020 йил 31 июль куни вафот этди. Марҳум Нукус шаҳридаги «Шорша баба» қабристонига дафн этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 август куни бу ерга ташриф буюриб, Муса Ерниязов қабрини зиёрат қилди. Марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилинди.
- Раҳматли Муса оға элни яхши кўрган, ҳалол, пок, ор-номусли инсон эди. У кишига жуда ишонардим, Қорақалпоғистондан кўнглим тўқ эди. Тили, дини, тақдири, ташвишлари бир бўлган ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг оғзибирчилигини қадрларди. Қорақалпоғистонни ривожлантириш, одамларнинг бирини икки қилиш бўйича кўп ишларни бошлаган эдик. Энди бу ишларни, режаларимизни дўстлари билан бирга албатта давом эттирамиз, - деди давлатимиз раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Муса Ерниязов дафн этилган қабристон обод қилинишини таъкидлади.
- Бу ерни Қорақалпоғистонга келганлар эҳтиром билан зиёрат қиладиган масканга айлантирамиз. Шундай ватанпарвар инсонларнинг ҳурматини жойига қўйсак, халқимизга, ёшларимизга намуна бўлади, - деди Президент.
Манба: https://president.uz
БРИФИНГ: Коронавирус пандемияси даврида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва диний соҳа ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш ишлари тўғрисида
ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари Ерниязов Муса Тажетдинович вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Раҳматли Муса Ерниязов меҳнат фаолияти давомида бой билим ва катта тажрибаси, инсоний фазилатлари билан халқимизнинг қалбидан чуқур жой олган инсон эди. Қорақалпоқ диёрида кейинги йилларда юз берган барча ўзгаришлар Муса Ерниязовнинг фаолияти билан чамбарчас боғлиқдир.
Етмиш уч ёшни қаршилаган мўйсафид Муса Ерниязов Қорақалпоғистон ўлкасида жадаллик билан олиб борган ибратли фаолияти барчага намуна бўлди. Масжид-мадрасаларни бунёд қилиш, зиёратгоҳларни обод этиш ва имом-хатибларни қўллаб-қувватлаш ҳамда мадраса талабаларига муносиб шароитларни ҳозирлаш борасида жуда катта ишлар амалга оширилди.
Айниқса, Нукус шаҳридаги мадрасамиз юртимиздаги энг намунали диний билим юрти ҳисобланади. 2018 йилда ўтказилган Республика қорилар мусобақасининг мутлоқ ғолиби ҳам айнан мана шу ўлкадан чиққани фикримизни қўллаб-қувватлайди.
Дарҳақиқат, Ислом динимизда умри узоқ бўлиб, солиҳ амаллар қилган инсонлар кўп мадҳ этилган. Абдураҳмон ибн Абу Бакра розияллоҳу анҳудан, у отасидан ривоят қилади: “Бир киши: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Инсонларнинг қайсиниси афзал” – деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умри узоқ бўлиб, амали чиройли бўлгани” – дедилар (Имом Термизий ривояти).
Бир ҳадиси қудсийда: “Эй Одам фарзанди! … Албатта, Мен сизларнинг суратингизга ҳам, чиройингизга ҳам қарамайман. Балки қалбингизга қарайман ва сизлардаги яхши хислатлардан рози бўламан”, деб таъкидланган.
Ҳақиқатан, марҳум Муса Ерниязов ҳам ана шундай эзгу фазилатлар ва яхши хислатлар соҳиби эди.
Аллоҳ таоло Бақара сурасида шундай марҳамат қилади:
«Сабрлиларга хушхабар берингки, улар ўзларига мусибат етганда «Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз», деганлардир».
Шундай экан, Ҳақ таоло марҳум мўйсафиднинг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Меҳрибон ва раҳимли Аллоҳ таоло қадрдонимиз Муса Ерниязовни Ўзининг раҳмати ва мағфиратига буркасин. Биз Буюк Парвардигордан дуо қилиб сўраймизки, марҳум биродаримизни Ўзининг чексиз раҳматига олсин, жаннат боғларига дохил этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
ТАЪЗИЯ БИЛДИРАМИЗ
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти Янгийўл тумани “Халқобод” жоме масжиди имом-хатиби Маъруфхон домланинг волидаи муҳтарамалари вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло марҳума онахонни Ўз мағфиратига олсин! Охиратларини обод қилсин, жойларини жаннатдан қилсин! Барча яқинларига сабру жамил ато айлаб, ажру мукофотларини кўпайтириб берсин!
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъун!
***
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент вилояти Янгийўл тумани “Саид ота” жоме масжиди имом-хатиби Жамшид домла Ойхўжаевнинг падари бузрукворларининг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Ҳақ таоло марҳумнинг фарзандларига ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
***
Ўзбекистон мусулмонлари идораси жамоаси Тошкент ислом институтининг “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчиси Валихон домла Азимбоевнинг волидаи муҳтарамаси, кафедра мудири Жаҳонгир қори Неъматовнинг қайноналарининг вафоти муносабати билан чуқур таъзия изҳор этади.
Аллоҳ таоло охират сафарига кузатилган онахоннинг барча солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ айлаб, Ўз мағфиратига олсин.
Ҳақ таоло марҳуманинг турмуш ўртоғи, кўплаб қорилар устози Зоҳиджон қори домлага ва унинг бошқа яқинлари, оила аъзоларига чиройли сабр бериб, улуғ айём кунлари бу мусибатларига ажру мукофотлар ато этсин.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси