muslim.uz

muslim.uz

Ўзбекистоннинг бир гуруҳ исломшунос, шарқшунос олимлари Буюк Британияга сафари чоғида Кембриж университетига ташриф буюриб, ушбу нуфузли таълим даргоҳининг профессор ва мутахассислари билан учрашувлар ўтказди, деб хабар беради ЎзА. 

Кембриж университетининг Марказий Осиё форуми директори профессор Сидхарт Саксена билан Ўзбекистонда яқинда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Имoм Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистонга оид хориждаги маданий бойликларни татқиқ этиш маркази ҳамда Тошкент ислом университетининг исломшунослик илмий-тадқиқот маркази ўртасида ҳамкорлик бўйича келишувга эришилди. 

Олимнинг таъкидлашича, Кембриж профессор-ўқитувчилари Тошкент ислом университети, Ўзбекистон Ислом академиясининг талаба ва тадқиқотчилари учун махсус маърузалар ўқийди, Ўзбекистонда ўтказиладиган халқаро форумларда иштирок этади. 

«Жаҳон рейтингларида Оксфорд университетидан кейин иккинчи ўринни мунтазам эгаллаб келаётган Кембрижнинг нуфузли нашрларида ўзбекистонлик мутахассислар илмий мақолалари чоп этилади. Икки томон олимлари қўшма илмий гуруҳи ташкил этилади. Ҳамкорликда долзарб мавзуларда тадқиқотлар амалга оширилади», — дейилади хабарда. 

Томонлар, шунингдек, Кембриж университетида Хоразмий ва Ибн Сино стипендияларини таъсис этиш тўғрисида ҳам келишиб олди. 

Қайд этилишича, жорий йилнинг 12 февралидан эътиборан Кембриж университетида ўзбек тили дарслари ташкил этилди. Эришилган келишувларга мувофиқ, янги ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондан келган мутахассислар ушбу курсларда дарс бера бошлайди. 

ЎМИ Матбуот хизмати

Савол: Намоздан сўнг тасбеҳ ўгирилаётганида 33 мартадан “Субҳоналлоҳ”, “Алҳамдулиллаҳ”, “Аллоҳу акбар” дейилади. Ушбу сўзларнинг айнан 33 мартадан айтилишининг сири нимада? 

Жавоб: Саҳобалардан баъзи камбағаллари Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келиб: “Бадавлатлар туя, мол, қўйларни Аллоҳ йўлига қурбонлик қилиб катта-катта савобларнинг эгаси бўлишяпти. Бизларда ундай мол-дунё бўлмаса, улар қилган савобни қандай қила оламиз”, деб арз қилишганида: “Сизлар ҳар намоздан сўнг 33 марта “Субҳоналлоҳ”, 33 марта “Алҳамдулиллаҳ”, 33 марта “Аллоҳу акбар” десангиз, булар 99 та бўлиб, уларни “Ла илаҳа иллаллаҳу ваҳдаҳу ла шарика лаҳу, ...(охиригача)”ни айтиш билан 100 мартага етказсангиз, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўйиб, қурбонлик қилганнинг савобини топасизлар” деганлар. Демак, рақамга эмас, балки Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг сўзларига эътибор беришимиз лозим.

 

Сўраган эдингиз китоби асосида тайёрланди

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуръон мусобақасининг вилоят босқичи натижалари билан танишинг.

Тиловат йўналиши

18-25 ёш
1. Ҳабибуллаев Шихназар
2. Ҳусаинов Жаҳонгир
3. Раҳмонов Дадахон

26-40 ёш
1. Юнусхўжаев Мустофа
2. Бабажанов Алишер
3. Эшчонов Муродали

Ҳифз йўналиши

18-25 ёш
1. Қосимов Аъзамхон

26-40 ёш
1. Ғофуров Шамсиддин
2. Отажонов Неъматжон
3. Машарипов Аминбой

"Имом Фахриддин ар-Розий" ўрта махсус ислом билим юртида ўтказилган Қуръон мусобақаси натижалари билан танишинг.

Ҳифз йўналиши

1. Мамадалиев Абдураҳмон
2. Аъзамжонов Исломжон
3. Отажонов Ҳабибулла

Тиловат йўналиши

1. Турсунов Комил
2. Матяқубов Исмоил
3. Қурбонқулов Исломиддин

Хоразм вилоятида мусобақа жуда кўтаринки руҳда ўтди.

Ғолибларга ҳомийлар томонидан диплом ва совғалар топширилди.

ЎМИ Матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ўзбекистон Республикасида лимончилик соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Агробанк” акциядорлик тижорат банки ҳамда лимон етиштирувчи ташкилотларнинг республика ҳудудида лимон кўчатларини етиштиришни янада ривожлантириш ва экспорт ҳажмини ошириш мақсадида “Лимон етиштирувчилар ва экспорт қилувчилар” уюшмасини (кейинги ўринларда Уюшма деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.
Маълумот учун қабул қилинишича: “Пюре фрут трейд” МЧЖ, “Холис саркор замин” МЧЖ, “ҚУББО мева-сабзавот” МЧЖ, “Сағбон тикувчи элит” МЧЖ, “Сора инвест” МЧЖ масъулияти чекланган жамиятлари шаклидаги лимон етиштирувчи ташкилотлар, “Узоқбой ниҳоллари”, “Қурбонов Иззатилла”, “Абдураҳмон Абдуғаффор давр” фермер хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари, лимон экспорти билан шуғулланадиган хўжалик юритувчи субъектлар Уюшма муассислари ҳисобланади;
ташкилотлар, фермер хўжаликлари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар шартнома асосида Уюшмага мустақил аъзо бўлишлари мумкин ва унинг таркибидан чиқиш ҳуқуқига эгадирлар.
Қуйидагилар Уюшманинг асосий вазифалари этиб белгиланди:
республикада лимон кўчатларини етиштириш ва лимон етиштирувчи иссиқхона хўжаликларини ташкил этишни комплекс ривожлантириш бўйича дастурларни амалга оширишда иштирок этиш, соҳада ягона илмий-техникавий, технологик, инвестицион ва экспорт сиёсати амалга оширилишига кўмаклашиш;
табиий майдонлардан оқилона фойдаланган ва интенсив етиштириш технологияларини қўллаган ҳолда лимон ўсимлигининг ўсиши учун қулай бўлган ҳудудларда махсус иссиқхона хўжаликларини ташкил қилиш йўли билан лимон етиштириш ҳамда экспортга маҳсулот чиқариш ҳажмларини босқичма-босқич ошириб бориш;
лимон етиштириш жараёнларига хорижий сармояларни, чет эллик мутахассислар ҳамда консультантларни фаол жалб қилиш, ушбу соҳага илғор технологияларни жорий қилиш;
лимон кўчатларини лимон етиштириш билан шуғулланувчи жисмоний ва юридик шахсларга тизимли етказиб бериш, лимон ўсимлиги зараркунандалари ва касалликларига қарши биологик ҳамда кимёвий воситалар асосида курашиш ишларига кўмаклашиш;
инновацион технологияларни лимон етиштириш жараёнига жорий қилиш учун илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, лимоннинг маҳаллий серҳосил навларини яратиш, районлаштириш ҳамда янги навларни давлат реестрига киритиш ишларига кўмаклашиш;
лимон етиштириш ва уни қайта ишлаш ҳамда экспортга етказиб бериш соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;
лимон етиштирувчиларга лимонни етиштиришнинг замонавий усуллари ва уни парвариш қилиш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш хамда методик ёрдам кўрсатиш;
лимонни парвариш қилишга жалб этиладиган мутахассисларни агротехник тадбирларни тўғри ўтказиш бўйича ўқитиш учун махсус тайёрлов курсларини ташкил этиш;
соҳа учун мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, олий, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларида, шунингдек, хорижда уларнинг малакасини ошириш ишларини самарали ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштиришда иштирок этиш.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

الأربعاء, 07 آذار/مارس 2018 00:00

7 саволга 7 жавоб: Қазо намози

1-савол: Қазо намозларни қайси пайт ўқиган маъқул? 

Жавоб: Аслида намозларни иложи борича ўз вақтида адо этишга ғайрат қилиш керак. Инсоннинг ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно. Ана шу ҳолатлар сабаб намоз қазо бўлиб қолса, уларни адо этишга маълум бир вақт ажратилмаган. Аммо куннинг уч вақтида – кун чиқаётган, қуёш тиккага келган ва кун ботаётган вақтларда ўқиб бўлмайди (“Баҳрур роиқ”). 

2-савол: Аёл киши умра қилаётган вақтида ҳайз кўриб қолса, нима қилади? 

Жавоб: Аёл киши умра қилаётиб ҳайз кўриб қолса, шу ерда умрасини якунлайди ва сочини қисқартириб, эҳромдан чиқади. Ҳарамдалик вақтида ҳайзи тўхтаса, умранинг қазосини адо қилади. 

3-савол: Боши билан имо-ишора қилиб ҳам намоз ўқий олмаган киши соғайгач, ўқимаган намозларининг қазосини ўтайдими? 

Жавоб: Боши билан имо-ишора қилиб ҳам намоз ўқишга қодир бўлмаган киши кўзлари ёки қошлари билан имо-ишора қилиб намоз ўқимайди. Соғайгач ёки касали енгиллагач, қаралади, агар бир кечаю кундуздан ортиқ намоз ўқий олмаган бўлса, қазосини ўқимайди. Агар ундан кам бўлса, қазосини ўтайди. 

4-савол: Кўп йиллик намозларим қазосини ўқишим учун тартибга риоя қилишим керакми? 

Жавоб: Йўқ. Қазо намозлар бир кунлик, яъни беш вақт намоз бўлса, ўшанда тартибга риоя қилинади. Агар, қазо намозлар олти вақтдан кўпайиб кетса, тартибга риоя қилинмайди (“Ҳидоя”). 

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ва саҳобалар Ҳандақ куни муҳораба сабабли уч вақт намоз – пешин, аср ва шом намозларини вақтида адо этишолмайди. Кечқурун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Билол (розияллоҳу анҳу)га азон айттириб, тартиб билан аввал пешин, кейин аср ва охирида шом намозларининг қазоларини ўқишган ва: “Мен намоз ўқиганим каби намоз ўқинглар”, деганлар. 

Қазо қилинган беш вақт намозларнинг орасида тартиб фарздир (Жомеъур Румуз). 

Агар ўтказиб юборган намозлар олти вақтдан ўтиб кетса, хоҳлаганидан бошлаб қазосини ўқиса бўлаверади (“Мухтасарул Виқоя”). 

5-савол: Витр намозидан кейин қазо намозларни ўқиса бўладими? 

Жавоб: Ҳа. Витр намозини ўқиганидан сўнг қазо ёки нафл намозлар ўқилаверади. 

6-савол: Бомдод намозини уйда ўқийману, лекин иш юзасидан баъзан пешин ва аср намозларини ўқишнинг имкони бўлмай қолади. Ишдан қайтиб, уйда уларнинг қазосини ўқисам, гуноҳкор бўлмайманми? 

Жавоб: Ҳар бир балоғатга етган мўмин ақли жойида бўлса, унга намоз ўқиш фарздир.

Қуръони каримда: “Эй имон келтирганлар! На мол-дунёларингиз ва на фарзандларингиз сизларни Аллоҳнинг зикридан (Унга ибодат қилишдан) чалғитиб қўймасин! Кимки шундай қилса, бас, ана ўшалар зиён кўрувчи кимсалардир” (Мунофиқун, 9), дея марҳамат қилинган. 

Намоз ҳақида ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) бундай деганлар: “Менинг наздимда сизларнинг энг муҳим ишларингиз намоздир...” 

Ухлаб қолиш, вақт ўтганини билмасдан ўтказиб юбориш узр ҳисобланади. Унда билган заҳоти намознинг қазосини ўқиб олиши керак бўлади. 

Қатода (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Уйқуда камчилик, масъулиятни сезмаслик йўқ, камчилик ва масъулиятни сезмаслик уйғоқ пайтдадир. Қачон сизлардан бирингиз намозни унутса ёки ухлаб қолса, уни эслаган вақтида ўқиб олсин. Чунки Аллоҳ таоло: “Намозни мени эслаган вақтингда қоим қил!” деган” (Имом Муслим ривояти). 

Аммо намозни ҳеч қандай узрсиз тарк қилиш, билатуриб ўқимаслик улкан гуноҳдир. 

Айниқса, ҳозирги пайтда юртимизда намоз ўқиш ва бошқа ибодатларни адо этиш учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Бизнинг турли баҳона ва важларимиз ўринсиз экани аён. Чунки намозларнинг вақти бизлар улгуришимиз учун етарлидир. 

Шунинг учун ўзини англаган ҳар бир мусулмон дарҳол тавба қилиши, Аллоҳга қайтиши, намоз ўқишни ўрганиб, қазоларини ҳам адо этишни бошлаши лозим бўлади. 

7-савол: Ҳурматли Муфтий ҳазратлари, саволим шундан иборатки, беш вақт намоз ўқиб юрган киши, ишлари кўпайса, намозни қазо қилиб ўқиши мумкинми? 

Жавоб: Куръони каримнинг Нисо сураси 103-оятида: “Намоз мўминларга вақти тайин этилган ва (фарз этиб) белгилангандир”, дейилган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Амалларнинг яхшиси ўз вақтида ўқилган намоздир” деганлар. Демак, мўминларга намозни вақтида ўқиш фарз қилинган. Уни узрсиз кечиктириб ўқиш мумкин эмас. Узр эса ухлаб қолиш ёки унутиб қўйиш билан бўлади. Имкон бўлса, намозни вақт кириши билан ўқиш афзал, бўлмаса белгиланган вақт ўтиб кетмасидан ўқиб олиш лозим. 

Фақат ҳаж ибодатини бажараётганлар Арафотда пешин билан асрни, Муздалифада шом билан хуфтон намозларини жамлаб ўқийдилар. 

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир намозни ухлаб қолиб ёки унутиб ўқимаган бўлса, ёдига тушганида ўқийди”, деганлар.

ЎМИ Матбуот хизмати

Янгиликлар

Top