muslim.uz

muslim.uz

الجمعة, 13 كانون2/يناير 2017 00:00

Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради

Поклик зеҳн ва идрокни кенг ва ўткир қилиб, ҳар хил касалликлардан сақлайди. Пок бўлиш соғлигимиз ва саодатимиз учун энг керакли нарсадир. Инсоннинг либослари ҳам, у ишлатадиган асбоб-ускуналар ҳам, у яшаётган манзил, маҳалла ва кўчалар ҳам озода, саранжом-саришта бўлмоғи лозим. Поклик мусулмончиликнинг асоси бўлганлиги учун тани, кийими, жойномози пок бўлмаган кишининг ибодати ҳам дуруст бўлмайди.

Ислом дини поклик ва покланиш ишларига ўта жиддий қарайди. Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 108-оятида: «Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради», деган. Ояти каримадан маълум бўладики, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло пок кишиларни яхши кўради. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Имкониятингиз борича пок ва покиза бўлингиз. Зеро, Аллоҳ таоло Ислом динини покизалик узра бино қилгандир. Жаннатга ҳам фақат пок кишилар киргайлар!”,- дедилар.

Демак, Ислом дини озодаликка ва покликка олиб борадиган йўлдир. У бутун дунё халқларига жоҳилликдан маърифатга, зулматдан  нурга, нопокликдан покликка  чиқиш йўлларини ўргатган диндир.

Халқимиз азал-азалдан тозаликка, озодаликка жуда катта эътибор бериб келган. Орасталик бор ерда барака бўлишини таъкидлашган. Уйнинг кўча қисми ёки ҳовли супруқсиз, ифлос бўлиб ётган бўлса, истиҳола қилиб ўтирмай, уй соҳибига танбеҳ берганлар, уни танқид қилганлар. Қуда-андачилик тутиниш учун қулчиликка борилган жой эгаларининг тозаликка қанчалик эътибор берилиши хонадоннинг аёли, қизларга берилган тарбия ҳақида асосий таассуротни берган. 

Инсон ўзи яшаётган манзилларни озода бўлишига эришиши лозим. Зеро, ҳовли ва уйларнинг нотозалиги биринчи галда шу хонадонда яшовчилар учун зарарлидир. Ахлат-чиқиндиларга бепарво хонадонлар жинлар севиб тўпланадиган жойлардандир. Уй ва ҳовлиларда чиқинди-ахлатларнинг йиғилиб қолиши, уйнинг шифтларида ўргимчак тўри бўлиши, кечқурун овқати ейилган идиш-тавоқларни эртага ювишга қолдириб нопок сақлаш ва шунга ўхшаш нопок ишлар макруҳ амал ҳисобланади. Агар шундай бўладиган бўлса, бу уй-жойлар бебарака маскан ҳисобланади.

Расулуллоҳ (с.а.в.): “Албатта, Аллоҳ таоло покдир, поклик ва озодаликни ёқтиради. Сахийдир, саховатни хуш кўради. Покланинглар, ён-атрофларингни озода тутинглар, ҳовли, уй-жойларингизни тоза тутинглар”, дедилар. Бошқа бир ҳадисда: “Уйларингизда ахлат-чиқиндиларни қолдирманг, чунки ахлат-чиқиндилар жину шайтонларнинг хуш кўриб ўтирадиган жойларидир”. дея марҳамат қилганлар. Буюк саҳобий Абу Мусо Ашъарий Басрага келиб бундай деган эканлар: "Мен сизларга Ҳазрат Умар (р.а.) томонидан Пайғамбар (с.а.в.) суннатларини ўргатиш ва шаҳарларингиз, кўча-уйларингизни доимо тоза ва озода қилишга ўргатиш учун юборилдим" (Имом Сирин ривояти).

Шунингдек, Ислом дини вужудни озода бўлишига чақириб, инсон танасидаги оёқ ва қўл тирноқларини олиш, тишларни тозалаш, бўғинларнинг бужмайган жойларини ювиш, қўлтиқ ва киндик ости мўйларни тозалаб озода бўлишга буюради.

  Тирноқ олиш суннат амаллардандир. Тирноқни ҳар ҳафтада ўнг қўли кўрсаткич бармоғидан то жимжилоғигача, сўнгра чап қўлнинг жимжилоғидан бошлаб бош бармоғи тирноғини олинади. Охирида  ўнг қўлнинг бош бармоқ тирноғи олинади. Оёқ тирноғини  ҳар икки ҳафтада ўнг оёқнинг кичик бармоғида бошлаб, чап оёқнинг кичик бармоғида тугатилади. Қўл ва оёқ тирноқлари озодалик нуқтаи назаридан тўплаб, ерга кўмилади. 

Инсон қўлтиқ ва киндик ости тукларини олиш билан вужудий покланади. Киндик ости тукларни киндикдан бошлаб олинади. Бу жойларда тук олинмаса,  у ерда кир тўпланиб қўланса ҳид тарқатади. Ёки тери касаллигини келтириб чиқаради. Қўлтиқ ва киндик ости тукларини ҳар 15 кунда олинади. Уларни 40 кундан ўтказиб олмай юриш макруҳдир.

Оғизларни тозалаб юриш ҳам вужудий покликка киради. Бу ҳақда пайғамбаримиз (с.а.в): “Оғизларингизни тозалаб юринглар. Чунки у Қуръон учун йўлдир”, деганлар.

Таҳоратда оғизга олинган сув оғиз ичини тишларни халқумни тозалайди. Бурунга сув олиш эса ундаги тукларга илашган микробларни тозалайди. Димоғ ва кўз йўлларига манфаат етказади.

Расулуллоҳ (с.а.в.) айтадилар: “Ювинганингизда қўл ва оёқ бармоқларингизнинг ораларига яхшилаб сув юритинг. Чунки у озодалик белгисидир. Озодалик имонга чақиради, имон эса ўз эгасини жаннатга чорлайди”.

Демак, шу қоидаларга амал қилиб, ўзимизни ва атроф-муҳитимизни моддий ва маънавий поклай олсак, ҳаётимиз баракали, икки дунёимиз саодатли бўлади. 

 

Азамат УСМОНОВ,

 “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом  билим юрти АРМ мудири

الجمعة, 13 كانون2/يناير 2017 00:00

Ватан ҳимояси – муқаддас бурч

Бу сўзлар онгу шууримизга меҳрибон оналаримизнинг мафтункор алласи-ю оқ сути, пок нияти билан сингган, десак муболаға бўлмайди. Тонгга қадар бедор бешик тебратган, гўдагини еру кўкка ишонмай катта қилаётган она “Болам белига белбоғ етмайдиган эр йигит бўлсин, шер йигит бўлсин, алпқомат бўлсин, элнинг корига ярасин, киндик қони тўкилган жойни ёмон кўзлардан асрасин, юртнинг ҳимоячиси бўлсин”, деб ният қилади.

Ватанни ҳис қилиш болалик йилларининг беғубор шўхликлари – уйимиз, боғимиз, кўчамиз, маҳалламиз ғурури учун “курашган” пайтларимиздан бошланади. Маҳалла оқсоқоллари: “Ота-онангни уялтириб қўйма, маҳалла шаънига доғ туширма, қишлоғимиздан ҳалигача ёмон одам чиқмаган, кўзингдан кўриниб турибди – сендан ҳам ёмонлик чиқмайди”, дейишса, кўнглимизда ғурур уйғониб, ўзимизни болаликка хос катта-кичик қаҳрамонликларга тайёр қилиб кўрсатар эдик. Ўзимиз билмаган ҳолда оиламизнинг, қишлоғимизнинг, демакки Ватанимизнинг ёш ҳимоячиларига айланар эдик. Катталар бизга жиддий бир юмушни ишониб топширишса, бундан фахрланиб, енг шимариб ишга киришардик.

Кейинроқ Ватанни ҳимоя қилиш нима эканини, кексаларнинг эл-юртга тинчлик-хотиржамлик, осмонга мусаффолик, хирмонга барака тилаб қилган дуолари маъносини яхши тушуниб етдик.

Ватанни ҳимоя қилиш – бу фақат қўлга қурол олиб, чегараларда ҳушёр туриш эмас экан, Ватаннинг моддий ва маънавий бойликларини, улуғ аждодлардан бизга мерос бўлиб қолган пурҳикмат анъаналарни, бағрикенг, саҳоватли халқимизнинг эзгу фазилатларини, тилимизни, динимизни, миллий қадриятларимизни, оналарни, оталарни, қоракўз ўғил-қизларимизни, ёшларнинг дунёқарашини, тоғу тошларни, сой-сўқмоқларни, қўйингки, Ватаннинг гул-райҳонидан новда-гиёҳигача, она-ер бағридан отилиб чиқаётган митти булоғидан бошлаб ҳайқириб оқаётган дарёсигача кўз қорачиғидек асрашимиз, бемаврид довуллардан ҳимоя қилишимиз, буларнинг ҳаммасини келгуси авлодларга бус-бутун, жозиба ва таровати билан етказишимиз керак экан.

Ватан – муқаддас даргоҳ. Уни ҳимоя қилиш, душманлардан асраш, равнақи ва фаровонлиги йўлида хизмат қилиш ҳар бир мусулмон учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Пайғамбаримиздан Саъид ибн Зайд (разияллоҳу анҳу) ривоят қилиб: “Молини, жонини, динини ва аҳлини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган киши шаҳид мақомидадир”, – деганлар (Абу Довуд ривояти).

Ҳадисда санаб ўтилган мол, жон, дин ва оила киши ҳаётининг мазмуни – унинг Ватанини ифода этади.

Ватан ҳимояси муқаддас амаллардан экани, ундан юз ўгириш ёки бирор баҳонани рўкач қилиб қочиб қолиш оғир гуноҳлиги ҳақида Қуръони каримда бани Исроил қавми мисолида қуйидагича баён этилган:

“Мусодан кейин Исроил авлодининг зодагонларини кўрмадингизми?! Улар ўзларининг Пайғамбарига: “Бизга бир подшоҳ юборгин, (биз у билан) бирга Аллоҳ йўлида жанг қилайлик”, – дейишди. “Балким сизларга уруш фарз қилинса, урушмассиз”, – деди (Пайғамбар). Улар: “Юртимиздан ва фарзандларимиздан жудо қилиниб турибмиз-ку, нега Аллоҳ йўлида урушмас эканмиз?”, – дедилар. Уруш фарз қилинганда эса, озгина кишидан ташқарилари (жангга чиқишдан) бош тортдилар. Аллоҳ золимларни яхши билувчидир” (Бақара, 246).

Ушбу келтирилган биргина оятдан ҳам кўриниб турибдики, Ватан учун курашиш, унинг озодлиги, чегараларининг дахлсизлигини қўриқлаш муқаддас бурчдир.

Ватан ҳимояси йўлида ухламасдан пойлоқчилик қилган кўз эгасини дўзах оташи ҳам куйдирмас экан. Бу тўғрида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар (алайҳиссалом); “Икки кўз эгасини дўзах оташи куйдирмас: бири бу – Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган, иккинчиси – Аллоҳ йўлида пойлоқчилик қилиб ухламаган кишини”, – деб марҳамат қилганлар (Термизий ривояти).

Тинч ва осуда мамлакатимизда Ватан ҳимоячилари кунининг умумхалқ байрами сифатида нишонланиши ўсиб келаётган ёш навқирон авлод қалбида ватанпарварлик, истиқлол ғояларига садоқат руҳини янада кучайтириши шубҳасиздир.

Тинчликни мустаҳкамлаш йўлида ҳар бир киши ўз бурчини сидқидилдан, ихлос ва эътиқод ила бажармоғи лозим. Айниқса, Ватан ҳимояси жабҳаларида хизмат қилаётган ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзига топширилган вазифани Аллоҳ ва инсонлар ҳузуридаги улуғ масъулият деб билмоғи ва ҳарбий қасамёдни, ваъдаларини бажариши шартдир.

Шунингдек, Ватан ҳимоясида фақат ҳарбий кишилар эмас, балки шу заминда яшаётган барча фуқаролар – ўқитувчи ёки шифокор бўладими, тадбиркор ёхуд боғча тарбиячиси бўладими, қаерда бўлмасин ўз Ватанини ҳимоя қилиши керак. Ҳимоя қилиш деганда фақат қурол кўтариб эмас, керак бўлса билим билан, ғанимларга раддия бериш билан ватанга тош отувчилар ва иғвогарларга қарши кураш йўллари билан инсон ўз юртини, миллатини, халқини ҳимоя қилиши зарур!

Аммо, Ватан ҳимоячиси бўлиш янада шарафли бурчдир. Киндик қони тўкилган Ватанни, шу мустақил юртни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш инсон учун гўё ўз оиласини, шаънини, ор-номусини, имон-эътиқодини ҳимоя қилиш кабидир. Бу йўлда фидоий бўлган киши шаҳидлик мақомига етиши ҳақида башоратлар мавжуд.

Буюк аждодларимиз юрт ҳимояси йўлида шаъни, ору номусини, имонини ўртага қўйиб, ёвга қарши курашган. Уларнинг сўзи, аҳду паймонлари ва қасамёдлари қиличданда ўткир, кескир бўлган. Замонлар, маконлар ўзгарса-да, Ватанга муҳаббат, имонга садоқат моҳияти асло ўзгармайди.

Кечагина ўйнаб-чопиб юрган кичкинтойлар кўз очиб-юмгунча ҳарбий хизмат ёшига етадилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (а.с.) таълим берганларидек, фарзандларимизга болалигиданоқ чавандозлик, мерганлик, сувда сузиш каби машқларни пухта ўргатиб, Она-Ватанга, эл-юртга садоқат руҳида буюк аждодларимиз каби имон-эътиқодли қилиб тарбиялаш барчамизнинг энг муҳим вазифамиздир.

Аллоҳ таоло мустақил юртимизни тинчлик ва омонликда, аскару зобитларимизни Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, жаннатмакон диёримизни ёмон кўзлардан ва барча офатлардан асрасин!

Ў. ҒУЗАРОВ,

 “Хожа Бухорий” ўрта махсус

 ислом билим юрти мудири 

الجمعة, 13 كانون2/يناير 2017 00:00

Ўз Ватанимизга муносиб фарзанд бўлайлик

“14 январ­­­­ ­– ­­Ватан ҳимоячилари куни”га бағишланади

Маълумки ҳукуматимиз томонидан ҳар бир инсоннинг бу муқаддас Ватанда бахтли ҳаёт кечириши учун барча имкониятлар яратилиб, кун сайин шароитлар яхшиланиб бормоқда. Жорий 2017 йил юртбошимиз томонидан “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши ҳам халқимизнинг турмуш тарзига бўлган юксак эътиборнинг белгисидир.

Хусусан, Давлатимиз томонидан янги иш ўринларини яратиш, ёшларимизни ҳар томонлама соғлом ва баркамол авлод қилиб вояга етказиш йўлида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Ушбу имкониятлардан оқилона ва унумли фойдаланиб, ўз мақсади йўлида олға интилаётган ҳамда турли соҳаларда улкан марраларни забт этаётган ёшларимиз Ўзбекистон Республикасининг биринчи Президенти И.Каримов таъкидлаб ўтганларидек юртимизнинг келажаги ҳисобланади.

Аммо ўз юртида шароит бўлатуриб, ўзга юртларга ноқонуний йўллар билан бойлик илинжида кетаётган баъзи-бир ёшларимизнинг борлиги аччиқ бўлса ҳақиқат.

Шу ўринда қуйидаги статистик маълумотларни келтириб ўтамиз. БМТ нинг берган маълумотига кўра, ҳар йили курраи-заминимизда 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад  7 миллиард АҚШ долларига тенг бўлади. Одам савдоси жиноятидан жабр кўрганларнинг қарийб 80 фоизи аёллар ва ёш болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600-800 минг нафар аёл ва бола турли алдов йўллар билан хорижга олиб кетилмоқда ва сотиб юборилмоқда.

Баъзан эндигина балоғат ёшига етган мурғак ёшларимизнинг хорижга кетганини эшитсак қалбимизда махзунлик пайдо бўлади ва бир муддат тафаккур оғушига ғарқ бўламиз. Ахир шу она заминда дунёга келса-ю, ўзга юртларга кетса. Ўзга юртларга бориб онгу тафаккури бузилса. Оқибатда эса ўз Ватанига хоинлик қилса.

Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси орқали инсонларни огоҳликка даъват этадиган  турли ҳужжатли видеофильмлар намойиши,  радио эшиттиришлар ва бир қатор нашриётларимиз томонидан нашр этилган адабиётларимизда хорижда юрган юртдошларимизнинг аянчли оқибатлари ҳамда ачинарли ўлим топганликлари ҳақида малумотлар берилмоқда. Бу каби салбий ҳолатлардан ўзимизга керакли хулоса чиқариб, хайрли ҳаёт кечириш бизларнинг ҳамда навқирон ёшларимизнинг асосий вазифаларидан биридир.

Мухтасар қилиб айтадиган бўлсак, Аллоҳ таоло ўз Ватанини тарк этиб, оқибатда унга хоинлик қилган бандаларни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам қаттиқ азобга мубтало қилади. Ушбу мақолани ўқиган юртдошларимиз, билиб-билмасдан нотўғри йўлларга кириб қолаётган ёшларимиз, айниқса, ноқонуний йўллар билан чет элларга бориб, кейинчалик ўзини ИШИД деб атаётган манфур жангари гуруҳларга қўшилиб юрган баъзи-бир ҳамюртларимиз қиёмат куни Аллоҳга нима деб жавоб берадилар. Шу ўринда бир савол туғилади. Ахир инсон дунёга ўз Ватанига хоинлик қилиш учун эмас, балки уни обод этиб, номини дунёга тараннум этиш учун келади-ку.  Сўзимизга якун ясар эканмиз, барчамиз Аллоҳ бизларга муқаддас замин қилиб берган юртимизнинг тинчлигини қадрига етайлик.  Агар сўзимиз давомида қалбингизгиздаги Ватан туйғусини янада зиёда қила олган бўлсак,  камина ўзини юрт тинчлигига озгина бўлса ҳам ҳисса қўшган бахтли инсон деб билади.          

                                                                                              Аброр АЛИМОВ,

                                                                                                 Тошкент шаҳар

                                                            “Қатортол” масжиди имом-хатиби

الجمعة, 13 كانون2/يناير 2017 00:00

“Ҳадис” фани ўқитувчилари учун

Юртимиз мустақилликка эришгандан сўнг, барча соҳалар қатори таълим соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, ёшларнинг маънавиятини оширишга жиддий эътибор берилди. Айниқса, диний таълим тизимида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, таълим тизими ривожлантирилди. Диний таълим тизимида қўлланиладиган ўқув адабиётлари, ўқув дастурлари ва ўқув-услубий қўлланмаларни нашр эттиришга кенг имкониятлар яратилди.

Таълим муассасаларида талаба ва ўқитувчиларга қулай шарт-шароитлар яратилиб, таълим сифатини оширишга, замон талабларига жавоб берадиган малакали кадрларни етиштиришга жиддий эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, таълим стандарти, ўқув дастурлари ва бошқа маъёрий ҳужжатлар такомиллаштирилди. Шу билан бирга педагог-ўқитувчиларнинг билим савиясини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, анъанавий тарзда уларнинг малакасини ошириб бориш йўлга қўйилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Тошкент ислом институти ва ўрта махсус ислом билим юртларининг “Ҳадис” фани профессор-ўқитувчилари учун қисқа муддатли малака ошириш курсини ташкил қилиш мақсадида Диний таълим муассасаларининг “Ҳадис” фани профессор-ўқитувчилари учун 2017 йилнинг 5–11 январь кунлари Тошкент ислом институтида қисқа муддатли малака ошириш курси ташкил этилди.

Мазкур ўқув-машғулотлари орқали диний таълим муассасалари “Ҳадис” фани ўқитувчиларининг билим савиясини янада ошириш, таълимни илғор педагогик технологиялар ва интерфаол услублар асосида олиб борилишини таъминлаш, ўз устида мустақил ишлашига йўналтиришдан иборат.

Ўқув курсида 4 соатлик мустақил иш соатлари ажратилган бўлиб, тингловчилар ўқув курсининг якунига қадар белгиланган мавзулар бўйича мустақил иш тайёрлайди ва мавзу бўйича уни ҳимоя қилган тарзда мустақил иш раҳбарига топширади. Мустақил иш раҳбарлари сифатида Тошкент ислом институти педагог-ўқитувчилари жамоасидан Ф. Маманасиров ва С. Примовлар бириктирилди.

Ўқув курси якунида ҳар бир тингловчига Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг малака оширганлик тўғрисидаги сертификат берилади.

 И. АХРОРОВ,

ТИИ ўқув ва илмий ишлар бўйича

проректор 

 

الجمعة, 13 كانون2/يناير 2017 00:00

Ўқув семинар машғулотлари

Тошкент ислом институтида ўқув жараёнларини ташкил этиш, ўқитиш сифатини янада яхшилаш, дарс машғулотларида илғор педагогик технологияларни, электрон дарсликлар, мультимедиа воситаларини кенг жорий этиш, профессор-ўқитувчиларнинг билим ва малакаларини мунтазам ошириб бориш мақсадида 2017 йилнинг 3–10 январь кунлари институт профессор-ўқитувчилари учун 44 соатлик ўқув семинар машғулотлари ташкил этилди.

Дарс сифатини янада ошириш мақсадида машғулотларга аввалдан белгиланган мавзулар бўйича малакали мутахассислар таклиф этилди. Улар маъруза матнлари, слайдлар, тарқатма ва кўргазмали материаллар орқали ўқув семинар машғулотларини олиб бордилар.

Институт профессор-ўқитувчилари ҳам ўз навбатида машғулотларни ташкил қилган мутасадди раҳбарларга, дарс ўтган барча мутахассисларга миннатдорчилик изҳор этдилар.

Ўқув семинар ниҳоясига етгач ҳар бир тингловчига малака оширгани ҳақида сертификат топширилди.

 

И. Ахроров,

 ТИИ Ўқув ва илмий ишлар бўйича

 проректори  

Янгиликлар

Top