Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон «Ҳаж-2018» тиббий хизмати энг яхши 10 давлатдан бири

Куни кеча Саудия Арабистони Подшоҳлигининг соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳаж сафарига келган 100 га яқин мамлакатлар орасида ҳаж-2018 мавсумидаги тиббий тайёргарлик ва тиббиёт марказларининг қай даражада ташкил этилганлигини ўрганиш мақсадида танлов ўтказилди. Ўтказилган ушбу танловнинг асосий мезони сифатида ташкил қилинган тиббиёт марказларининг биринчи тиббий ёрдамга шайлиги, ташкил қилинган даволаш стационарида аёллар ва эркаклар учун алоҳида, қулай ва зарурий шароитни яратилганлиги, дори-дармон воситалари билан таъминланганлик даражаси, тез тиббий ёрдам машиналарининг мавжудлиги ва сони, кўп тармоқли тиббий мутахассисларининг жалб қилинганлиги, тиббиёт ходимларининг ҳожиларга тиббий хизмат кўрсатишдаги сифат даражаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Таъкидлаш керакки, юқорида қайд этилган мезонлар асосида кўрсатилаётган тиббий хизмат даражасини ўрганиш Саудия Арабистонидаги соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ташкиллаштирилмаган ҳолда кутилмаган ташрифлар орқали ўрганилди. Ниҳоят ҳаж-2018 мавсумига ташриф буюрган 100 га яқин мамлакатларнинг тиббий хизмат кўрсатиш даражаси тантанали тарзда эълон қилинди. Натижа эса, Ўзбекистон Республикаси 100га яқин мамлакатлар орасида Хитой ва Малайзия каби ривожланган давлатлар қаторида кучли ўнталикка кирди. Қайд этиш жоизки, мамлакатимиз Ўзбекистон Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига кирувчи давлатлар орасида ягона бўлиб ҳожиларга энг юқори ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш даражаси бўйича тақдирланди.

 

ДИҚ Матбуот хизмати

Макка шаҳридан

Read 3499 times

Янгиликлар

Top