Ўзбекистон янгиликлари

Ҳажингиз мабрур ҳаж бўлсин!

Аллоҳ таолога беҳад ҳамдлар, ўзининг ҳабиби бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд ва саловотларимиз бўлсинким, ҳар йил диёримиз мусулмонлари муқаддас динимизнинг бешинчи рукни бўлган муборак Ҳаж ибодатини жуда катта хурсандчилик, шукроналик кайфиятида адо этиб келмоқдалар.

Ҳаж Ислом арконларидан бири бўлиб, қодир бўлган кишиларга ушбу ибодатни умри давомида бир маротаба адо қилиш фарз ҳисобланади. Аллоҳ таоло ўзининг Каломи шарифида: “Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон сураси 97-оят).

Ҳаж луғатда қасд қилиш маъноларини англатади. Уламоларимиз таърифида эса махсус вақтда, махсус маконда, ният билан махсус ибодатларни адо этишга “Ҳаж” дейилади.

Ўзбекистонимиздан бу йилги Ҳаж зиёратига кетган юртдошларимиз арафа кунидан бир кун аввал ҳожилик либоси бўлган оппоқ эҳромларини боғлаб, Ҳаж ниятларини қилиб, Мино водийсига йўл олдилар. У ерда дуо, ибодат билан машғул бўлдилар. Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай қилганлар. Сўнг у ерда тунаб, эртаси куни Бомдод намозини адо этганларидан кейин Арафотга бордилар.

Зулҳижжанинг биринчи ўн кунлиги улуғ фазилатларга эга. Бу ойда муборак Ҳаж ибодати бажарилишлиги асносида Ҳажнинг энг катта рукнларидан бири бўлган Арафа кунида Арафот тоғида турилади.

Ибн Аббос розияллоҳу аҳудан ривоят қилинади, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаж ­– арафадир” деганлар.
Арофотда ҳам дуои хайрлар, ибодатлар ила туришиб, Арафа кунининг Пешин ва аср намозларини жам қилиб ўқидилар. Дуо ва тавбаларда бардавом бўлдилар. Арафотдаги вуқуфдан сўнг қуёш ботганидан кейин эса Муздалифага бордилар. Аллоҳ таоло ўзининг каломида: “Арафотдан тушганингизда, Машъари Ҳаромда (Муздалифада) Аллоҳни (талбия, таҳлил, такбир, сано билан) зикр этинг” деб марҳамат қилди. (“Бақара” сураси, 198-оят)

Муздалифа водийсида эса, шом ва хуфтон намозларини жам қилиб ўқидилар, у ерда ҳам ибодат ва зикларда бўлдилар. Бу ерда ҳожиларимиз тунни ўтказиб, эртаси куни, яъни ҳайит куни эрталаб Мино водийсига қайтдилар. У ердан эса Жамарот (шайтонга тош отадиган макон)га бориб, шайтонга тош отдилар ва қурбонликлар қилдилар. Сочларини олдириб ёки қисқартириб, эҳромлардан чиқдилар. Шу кундан эътиборан уч кун Жамаротда шайтонга тош отдилар. Ҳайит кунининг иккинчи ва учинчи кунларида эса Каъбаи муаззамада тавофи ифоза, яъни зиёрат тавофини адо этдилар. Ифоза тавофи эса ҳажнинг рукларидан ҳисобланади.

Ҳозирда эса юрдошларимиз ҳожилик мақоми ила меҳмонхонага қайтдилар. Уларга бу ибодатлар муборак, ҳожилик мақоми муборак бўлсин деб қоламиз.

Аллоҳ таоло ҳаммаларимизни ўзининг Байтига чақирсин. Юртимизни тинч, халқимиз хаётини янада фаровон айласин. Ҳожиларимизнинг эса эсон-омон юртимизга қайтиб келишларини ўзи насиб айласин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг

Андижон вилояти вакиллиги

ходими Нурилло Қодиров

Read 3488 times
Tagged under

Янгиликлар

Top