Ўзбекистон янгиликлари

Бухорода I халқаро “Зиёрат туризми” форуми ўтказилади

Мамлакатимизнинг зиёрат туризми бўйича дунёда энг йирик марказлардан бири сифатида тан олинишини таъминлаш, Бухоро вилоятининг сайёҳлик имкониятларини намоён этиш ва соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни кенг жалб қилишда ушбу форум катта аҳамият касб этади.

Президентимиз томонидан соҳага оид қабул қилинган фармон ва қарорлар туризмни жадал ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бугунги кунда 45 та давлат фуқаролари учун 30 кунгача визасиз тартиб жорий этилгани сайёҳларнинг мамлакатимизга, хусусан, Бухоро, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз каби тарихий шаҳарларга қизиқишини янада оширди.

Сайёҳлар орасида ислом маданияти обидалари, буюк алломаларимиз қадамжоларини зиёрат қилувчилар тобора кўпаймоқда.

Бухоро вилоятида ҳам зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишдаги салоҳиятни халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш муҳим аҳамиятга эга. Бухорода ўтказилиши кутилаётган анжуман ҳам айнан ана шу мақсадга хизмат қилади. Унда мамлакатимизнинг сайёҳлик, жумладан, зиёрат туризми имкониятлари ва сўнгги йилларда соҳага инвестиция жалб этиш, бу борадаги тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш самарасида эришилган ютуқ ва лойиҳалар тақдимоти ўтказилади. Шунингдек, хорижий мамлакатлар вакилларининг зиёрат туризмини ривожлантириш борасидаги тажрибасига ҳам эътибор қаратилади.

Форум доирасида туризм соҳасида янги йўналишларни ўзлаштириш, қизиқарли сайёҳлик маҳсулотларини шакллантиришга доир кўргазмалар ташкил этилади, хорижлик меҳмонлар ва туризм тармоғида фаолият юритаётган ишбилармонлар билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш юзасидан музокаралар ўтказилади.

Нуфузли анжуманга Индонезия, Малайзия, Миср, Покистон, Қозоғистон, Қатар, Кувайт, Саудия Арабистони, Сингапур, Озарбайжон, Туркия, Нигерия, Россия, Ҳиндистон, Германия, АҚШ, Франция, Буюк Британия, Жанубий Африка каби дунёнинг кўплаб мамлакатлари, шунингдек, қатор халқаро ташкилотларнинг 100 дан зиёд вакили ташриф буюриши кутилмоқда. Улар орасида соҳа мутахассислари, сайёҳлик компаниялари вакиллари, таниқли олимлар ва бошқалар бор.

Зиёрат туризмининг ўзига хос талаблари бор. Шуни инобатга олиб, анжуманнинг ислом динига эътиқод қилувчи қатнашчиларига тегишли қулайликлар, масалан, ибодат амалларини амалга ошириш бўйича зарур қулайликлар ҳам назарда тутилган.

Мусулмон дунёсида машҳур бўлган “Етти пир” силсиласини ташкил этувчи авлиёлар қадамжолари обод қилинди. Ҳозирда бу масканларда зиёратчилар учун янада қулайликлар яратилмоқда. Бухорода илк бор ташкил этилаётган I халқаро “Зиёрат туризми” форуми қатнашчилари Ғиждувон, Шофиркон, Вобкент, Ромитан ва Когон туманларида жойлашган ушбу қадамжоларни зиёрат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2324 times

Янгиликлар

Top