Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат “Чимир ота” масжидида  жума намозини адо этдилар

Бугун, 15 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари жума намозини адо этиш учун Тошкент шаҳридаги “Чимир ота” жоме масжидига ташриф буюрдилар. Ушбу кўркам жомеда муборак кун ибодатини адо этиш учун минглаб намозхонлар жам бўлдилар.
Муфтий ҳазратлари жума мавъзисида бугунги кунда мўмин-мусулмонларга муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида жуда катта имкониятлар берилаётгани ҳақида гапириб, юртимизда янги масжидларни қуриш, мавжудларини замонавий кўринишда қайта барпо қилиш ишлари жадал давом этаётганини сўзлаб бердилар. Ушбу ҳафтада Тошкент шаҳридаги “Оқ уй” ва Тошкент вилоятидаги “Хўжа” жоме масжидлари пойдеворига тамал тоши қўйилгани ҳамда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги “Нодирхон қори” ва “Эрбўта қози” жоме масжидларининг қурилиши изчил давом этаётгани билан яқиндан танишилганини баён қилдилар.
Муфтий ҳазратлари сўзларида давом этиб, ўтган куни Сирдарё вилояти Ховос туманида жойлашган “Умар ибн Хаттоб” ва “Саъду Саид” масжидларига бориб, ушбу жомеларда намозхонлар учун яратилган шарт-шароитлар, масжидлардаги қулайликлар, имом-хатиблар фаолияти билан яқиндан танишилгани ва масжид қавми ила дилдан суҳбат қилингани ҳақида баён қилиб бердилар. Шунингдек, Сирдарё вилояти Бахт шаҳридаги “Бахт” жоме масжиди йўловчилар ва мўмин-мусулмонлар ибодат қилиши учун қулайлик яратиш мақсадида, “Бахт” жоме масжиди манзил-мақомини катта йўл бўйига кўчирилаётганини муфтий ҳазратлари алоҳида қайд қилдилар.
Муфтий ҳазратлари мавъиза якунида, намозхонларга бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган муборак динимиз тараққиёти йўлидаги хайрли ишлар, ижроотлар ва бундай неъматларга ҳар бир киши туну кун Парвардигорга шукрона қилиши лозимлигини айтиб, Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”, мазмунидаги ҳадиси шарифларини изоҳлаб бердилар.
Жума намози адо этилгач, муфтий ҳазратлари 2018 йилги қорилар мусобақасида жисмоний имконияти чекланганлар орасида фахрли ўринли эгаллаган Султонмурод қори (халқ орасида Сиёвуш қори) билан самимий суҳбат қилдилар. Муфтий ҳазратлари Султонмурод қорининг бир муаммосини тинглаб, уни жойида ҳал этиш билан қорининг кўнглиги шод қилдилар. Сиёвуш қори ғамхўрлик учун миннатдорлик билдирди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: «Аллоҳ таолога фарзлардан кейинги энг севимли амал мусулмоннинг қалбига хурсандлик киргизишдир», деганлар.
Жисмоний имконияти чекланган бундай инсонларнинг синиқ кўнгилларини кўтариб, дилларига хурсандчилик улашиш ҳар бир виждонли инсон учун ҳузурбахш амаллардан эканига шубҳа йўқ.

 


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2505 times

Янгиликлар

Top