Ўзбекистон янгиликлари

Ислом банкингини жорий этиш Ўзбекистонга 10 млрд доллар жалб этиш имконини беради

Ислом банкингини жорий этилиши Ўзбекистонга ҳар йили қўшимча равишда 10 млрд АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестицияларни жалб этиш имконини бериши мумкин.

«Spot» хабарига кўра, бу ҳақда BankExpo 2019 доирасидаги анжуманда Ислом тараққиёт банки вакили Хусан Хасанов маълум қилган. «Яқин Шарқ мамлакатлари ва ислом молия институтларидан инвестицияларни жалб этиш учун тегишли қонунчиликнинг йўқлиги тўсқинлик қилмоқда. Бизнинг ҳисобга кўра, агар Ислом банкинги жорий этиладиган бўлса, унда Ўзбекистонга ҳар йили қўшимча равишда 10 млрд АҚШ доллари хорижий инвестицияларни жалб этиш имконини бериши мумкин. Банк соҳаси ва хусусий секторни молиялаштиришга тайёр компаниялар бор», — деди Хусан Хасанов.

Ислом тараққиёт банки вакилининг фикрига кўра, ислом банкинги жорий этилиши аҳолининг маблағларини ҳам жалб этишга ёрдам беради. “Ўз пулларини диний эътиқод қарашларидан келиб чиққан ҳолда банкка қўймай, уйда сақлайдиган одамлар бор. Ислом молия институтларининг пайдо бўлиши уларга пулларини ислом банкига қўйиш ва ушбу маблағларни кўпайтириш имконини беради. Диний эътиқодига кўра кредит олмайдиган тадбиркорлар ҳам мавжуд, бу уларнинг компаниялари ривожланишига ҳалал беради. Агар Ўзбекистонла ислом молия институтлари яратилса, бу уларнинг бизнеси ривожланишига, янги иш ўринларининг очилишига хизмат қилган бўлар эди”, - таъкидлади Хасанов.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 3636 times

Янгиликлар

Top