Ўзбекистон янгиликлари

Ҳожиларга енгиллик буюк мурувватдир

Аллоҳ таборака ва таолога чексиз ҳамду саноларимиз, Ҳазрати Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга беҳисоб саловоту саломларимиз бўлсин.
Мамлакатимизда ҳаж ва умра тадбирларини ташкил этиш билан боғлиқ ишларнинг самарадорлигини ошириш, зиёратларни юқори савияда ташкил этиш ва муборак сафарларнинг нархларини пасайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилди. Шунга мувофиқ, Ўзбекистонда 2019 йилги Ҳаж мавсуми учун сарф-харажатлари сметаси бўйича ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ 33 млн. 300 минг сўм этиб белгиланди. Қайд этиш керакки, ўтган 2018 йил учун ҳаж зиёрати нархи 38 млн. сўм эди. Бу йилги сарф-харажатлар эса тахминан 42-43 миллион сўм бўлиши кутилаётган эди.
Тараққиётимизнинг янги даврида муҳтарам Президентимиз томонларидан динимиз арконларини адо этиш учун улкан шарт-шароитлар берилаётгани, хусусан, она-Ватанимиздан муборак ҳаж сафарига бораётган фуқароларимиз учун яратилаётган қулай имкониятлар халқимизга бўлган ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.
2019 йилда ҳаж ибодатини адо этишга тараддуд кўраётган мўмин-мусулмонларимиз учун ҳаж сафарининг баҳоси пасайтирилиши тарихий воқеа бўлди. Ўтган йиллар давомида бундай енгиллик кузатилмаган эди, бу ҳам бўлса, муҳтарам Президентимизнинг шахсий ташаббуслари билан биринчи марта муборак сафарга борувчилар учун сафар нархининг кескин даражада пасайтирилиши бўлди. Кўрсатиладиган хизматлар савиясини янада ошириш баробарида, сафар баҳосининг қарийб 10 миллион сўмга камайиши жуда катта мурувватдир.
Давлатимиз Раҳбарининг муборак сафар зиёратчиларига кўрсатаётган мана шундай юксак эътибор ва ғамхўрликка мос равишда келгусида фуқароларимиз ҳаж ибодатини адо этиб, Ватанимизга қайтгач, ўзбекистонлик ҳожилар шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатишади, савоб ишларда бор куч-ғайратларини сарфлашади, иншаа Аллоҳ.
Муҳтарам Президентимизга чуқур миннатдорлик билдирган ҳолда эл-юрт саодати ва халқимиз фаровонлиги йўлида олиб бораётган фидокорона меҳнатларида улкан зафарлар ато этишини Яратган Парвардигордан сўраймиз.
Биз, мўмин-мусулмонлар халқимиз ҳаёти янада фаровон, муҳтарам Президентимиз раҳнамоликларида амалга оширилаётган барча хайрли ишлар бардавом бўлишини Ҳақ таборака ва таолодан сўраб дуолар қиламиз.


Усмонхон АЛИМОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий

Read 2163 times

Янгиликлар

Top